Эътибор улкан ишларга ундайди

0
90

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида турли соҳа вакиллари билан ўтказган учрашув ва мулоқотлари, янги лойиҳалар тақдимоти чоғида билдирган фикрлари, ҳудудни янада ривожлантириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида белгилаб берилган вазифалар одамлар қалбида дахлдорлик туйғусини кучайтириб, эртанги кунга  ишончини янада мустаҳкамлади.

Давлатимиз раҳбари халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида Хоразмдан етишиб чиққан Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Паҳлавон Маҳмуд, Огаҳий, Феруз, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро каби улуғ алломалар, мутафаккирлар қатори енгилмас саркарда, миллий қаҳрамон Жалолиддин Мангубердининг она юртимиз озодлиги йўлидаги беқиёс жасорати ва матонатини ҳам таъкидларкан, бу борадаги оғриқли бир масалани кун тартибига қўйди: “Минг афсуски, биз мана шундай улуғ аждодимиз ҳақидаги тарихий ҳақиқатни ёшларимизга тўла етказаяпмиз, деб айта олмаймиз. Мен шу йил 3 август куни ижодкор зиёлиларимиз билан бўлган учрашувда шу масалани кўтариб, жумладан, Жалолиддин Мангуберди ҳақида ҳар томонлама етук бадиий фильм яратиш таклифини билдирган эдим. Бу борада мамлакатимизнинг театр ва кино арбоблари билан бир қаторда хоразмлик ижодкорлар ҳам фаоллик кўрсатсалар, нур устига нур бўлар эди”.

Бу, албатта, хоразмлик ижодкорлар зиммасига катта масъулият юклади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 31 майдаги “Маданият ва санъат соҳасини янада ривож­лантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ соҳани тараққий эттириш, театрларнинг моддий-техник базасини замон талаблари асосида мустаҳкамлаш ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Мазкур соҳадаги ислоҳотлар самарасини кўздан кечириш мақсадида Шавкат Мирзиёев вилоят мусиқали драма театрига ташриф буюрди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ёш авлодни тарбиялашда, умуман, одамларга эзгулик улашишда театрнинг ўрни беқиёс. Театр фаолиятини янада ривожлантириш ва жонлантириш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида давлатимиз раҳбари ўз тавсияларини берди. Актёрларнинг ижод қилишига қулайлик яратиш учун театрга яқин ерда уларга мўлжалланган уй қуриб бериш, ишдан ажралмаган ҳолда ўрта-махсус маълумотга эга мутахассисларнинг олий маълумот олишлари учун Тошкент маданият ва санъат институтида сиртқи бўлим очиш таклифини билдирди. Бу бутун театр жамоасини руҳлантириб, ижодий ишларига илҳом бағишлади, десак адашмаган бўламиз.

Хоразмнинг туризм салоҳияти ниҳоятда катта. Давлатимиз раҳбари шу боис доимо воҳанинг ушбу жиҳатини эътибордан четда қолдирмайди. 2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури тасдиқлангани бунинг ёрқин мисоли.

Замонавий туризм соҳасида “хавфсиз туризм” атамаси бот-бот қўлланилмоқда. Юртимизда ҳам “хавфсиз туризм” лойиҳасини ишлаб чиқиш мамлакатимизга келган сайёҳлар ва меҳмонларнинг хавфсизлиги таминланиши, улар учун замонавий шароитлар яратиш чора-тадбирларини олиб боришни назарда тутади.

Президентимиз Хоразмда “Хавфсиз туризм” концепциясини амалга ошириш лойиҳаси билан ҳам танишди. Унда туризм инфратузилма объектларини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш, туризм соҳасида хизмат кўрсатувчи ҳамда сайёҳатчиларнинг хавфсизлигини таъминловчи давлат ва нодавлат объектларини ягона ахборот-коммуникация тизимига улаш, вилоятга келадиган сайёҳлар бўйича маълумотлар базасини шакллантириш каби мақсадли вазифалар ўрин олган.

Бугун Хивада катта сайёҳлик комплекси барпо қилинмоқда. Нуруллабой саройида бадиий галерея, қабуллар уйи, амфитеатр, ҳунармандлар маркази, миллий ошхона шохобчалари бунёд этилаяпти. Президентимиз бу галги ташрифида ҳам дастур ижроси ҳамда сайёҳлар оқимини кўпайтириш бўйича ўзининг тавсияларини билдириб ўтди. Хусусан, Урганч ва Хива ўртасида 33 километрли темир йўл ётқизиш, Хива шаҳрида замонавий вокзал ва зарур инфратузилма объектлари барпо этиш жадал давом этмоқда. Бу борадаги манзилли дастур асосида транспорт, меҳмонхона, почта, банк, умумий овқатланиш ва бошқа хизматлар ташкил этиш режалаштирилган. Хоразмнинг туризм соҳасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш, сайёҳлар учун барча шароитни яратиш, меҳмонхоналар ва кўнгилочар масканларни қуришга соҳанинг тажрибали вакилларини жалб этиш зарурлигини таъкидлади. Ичан-қалъа атрофини ободонлаштириш, истироҳат боғи барпо этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Хулоса ўрнида айтганда давлатимиз раҳбари юртимизнинг турли ҳудудларида бўлиб, янги лойиҳалар билан танишаётгани, илғор ғоя ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаётгани кўнглимизни тоғдек кўтармоқда. Энди ҳамма гап ўзимизда, астойдил меҳнат қилиб, эл-юрт ривожи, халқимиз дастурхони тўкис бўлишига ҳисса қўшмоғимиз лозим. Бу борада партиямиз фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифаларни амалга оширишда бор куч-ғайратини сафарбар этади.

Бекберган АҲМЕДОВ,
халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгашига
ЎзМТДПдан сайланган депутат

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг