«Ташриф қоғозлари» — соҳа ривожида муҳим омил

0
16

“…Дунёда сайёҳлик салоҳияти юқори ва жадал ривожланаётган давлатлар кўп эмас. Чунки мазкур соҳа фаолиятини йўлга қўйиб, сайёҳларни мамлакатга жалб қилиш, уларга юқори сифатли сервис хизмати кўрсатиш осон эмас. Бунинг бир қатор талаблари, халқаро стандартлари бор. Аввало, мамлакатда тинчлик-осойишталик таъминлангани, ҳудуднинг табиий иқлим шароити, тарихий-маданий обидалару бутун инсониятнинг бойлиги бўлган осори-атиқалар, қадрият ва анъаналарнинг мавжудлиги каби жиҳатлар эътиборга олинади. Шу нуқтаи назардан бугунги кунда Ўзбекистон жаҳон сайёҳлигининг йирик марказларидан бирига айланиб, дунёда юртимизга қизиқиш тобора ортиб бораётгани бежиз эмас. Мамлакатимиз сайёҳлик кўлами ва тарихий қадамжолари кўп­лиги бўйича дунёдаги етакчи ўн давлат қаторида туради. Бундай бой маданий мерос Бухорода ҳам жуда кўп…”. 

Бу — Бухоро давлат университети тарих факультети ўқитувчиси, изланувчан ёш олим Шавкат Бобожоновнинг дил сўзлари.

Ҳа, бугунги кунда сайёҳлик замонавий иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан биридир. Яъни туризм соҳаси даромад нуқтаи назаридан халқаро рейтингда автомобиль ҳамда нефть-газ саноатидан кейин учинчи ўринда туради. Дунёда 200 миллиондан зиёд киши ушбу тармоқда меҳнат қилаётир.

Мамлакатимизда ҳам туризм тобора жадал ривожланмоқда. Ўзбекистон сайёҳлик кўлами ва тарихий обидалари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакат қаторидан жой олган. Мамлакатимизнинг ноёб тарихий ёдгорликлари, замонавий иншоотлари, хушманзара табиати, бетакрор маданияти ва анъаналари жаҳон сайёҳларини ўзига ром этаётгани бежиз эмас. Мамлакатимизда етти мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз каби шаҳарларимиз бутун дунёда қадрланади. Биргина ўтган йили мамлакатимизга 2 миллиондан кўпроқ сайёҳ келди. Албатта, бу яхши кўрсаткич. Лекин мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги салоҳиятига мос эмас.

Мамлакатимизнинг барча шаҳарлари сайёҳлик борасида улкан салоҳиятга эга. Хусусан, очиқ осмон остидаги музей дея эътироф этиладиган, ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, қарийб уч минг йиллик тарихга эга Бухоро Ғарб ва Шарқ тамаддунида муносиб ўрин тутиб, маданиятлар чорраҳасида янада тараққий этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Бухоронинг кўҳна ва боқий шаҳар, деб аталишида катта маъно бор. Бу ердаги қадимий обидалар, осори-атиқалар, халқимизнинг бетакрор қадриятлари, ўлмас анъаналари асрлар оша яшаб келмоқда. Чет элликларнинг, тарихчи ва мутахассисларнинг уларга қизиқиши доимо юқори бўлган. Бундан унумли фойдаланиш керак”.

— Ўзбекистоннинг тарихи жуда бой ва бетак­рордир, — дейди Шавкат Бобожонов. — Мамлакатимиз турли цивилизация ва маданиятлар ўзаро туташган муҳим чорраҳа, умуминсоний тараққиётга беқиёс ҳисса қўшган ди¸р сифатида бутун дунёга танилган. Юртимиз тарихини атрофлича ўрганиш мобайнида аниқланган Буюк ипак йўлига оид ноёб маълумотлар тарих, археология каби фанларнинг янада бойиши ва кенгайишида алоҳида аҳамият касб этади.

Туризмни ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришда реклама-ахборот фаолиятини амалга ошириш муҳим ўрин тутади. Мадомики шундай экан, мавжуд сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда, сайёҳларни юртимизга янада кенгроқ жалб қилиш учун, энг аввало, уларга бой маданий меросимиз, шонли тарихимиз ҳақида кенг маълумот беришимиз керак. Масалан, замонавий меҳмонхоналар қурилиб, янги сайёҳлик йўналишлари очилди, дейлик. Энди уни тарғиб қилиш, харидор топиш керак. Оддий айтганда, ҳеч биримиз таклиф қилинмаган жойга боришни хушламаймиз. Шундай бўлгач, бизнинг асосий вазифамиз — юртимизнинг “ташриф қоғозлари”ни кўпайтириш, турли воситалар орқали сайёҳлар учун махсус таклифномалар яратишдан иборат бўлмоғи лозим. Агар бу вазифани муваффақиятли бажара олсак, энг аввало, минглаб янги иш ўрни яратилади, қолаверса, мамлакат обрўси янада юксалишига, юртимизга келаётган сайёҳлар сони мунтазам кўпайиб боришига  хизмат қилади…

Шавкат Бобожонов 1993 йили Бухоро шаҳрида туғилган. Бухоро давлат университети тарих факультетининг бакалавриат ва магистратура босқичларини имтиёзли диплом билан тамомлаган.

— Бухоро дунё аҳлида жуда катта қизиқиш уйғотадиган қадимий шаҳарларимиздан бири ҳисобланади, — дейди унинг илмий раҳбари, тарих фанлари номзоди, доцент Манзила Қурбонова. — Шу боис уни кўриш, кўп минг йиллардан буён қад кўтариб турган минораю мақбараларни томоша қилиш учун келаётган сайёҳлар сонини кўпайтиришимиз керак. Шогирдим юртимиз туризм салоҳиятини юксалтириш борасида тинимсиз меҳнат қилмоқда. Унинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашимиз, яқиндан кўмак беришимиз лозим. Бу, албатта, Ватанимизнинг туристик салоҳиятини юксалтириш учун қўшган ҳиссамиз бўлади…

Ўқиш ва тинимсиз изланиш, юртимиз тарихига бўлган қизиқиш ва касбига муҳаббати ўз натижаларини бера бошлади. У 2015 йили бўлиб ўтган “Жамият ва мен” кўрик-танловининг республика босқичида “Тарихий ва маданий мавзуда ёзилган энг яхши материал” йўналиши бўйича ғолиб бўлди. Унинг Бухоро тарихидан сўзловчи мақолалари Россия, Украина, Япония каби дунёнинг бир қатор давлатлари оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.

Ёш олим Бухоро тарихидан сўзловчи, олти йиллик илмий изланишлар маҳсули бўлмиш “Шариф шаҳар ёдгорликлари” китоби, иккита илмий рисола, 50 дан ортиқ мақолалар муаллифи. “Бухорога келган можар олими ёхуд Ҳерман Вамбери”, “Бухоро девори”, “Шарқнинг шойи ипаклар бозори”, “Ўрта Осиёдаги биринчи дорихона”, “Сиёвушнинг сирли саройи”, “Чиройига чорлар Чорминор” каби илмий мақолалари юртимизга келаётган сайёҳларнинг ватанимиз ҳақидаги тасаввурларини бойитишга ўзининг ижобий таъсирини кўрсатган.

Япония-Ўзбекистон дўстлик жамиятининг “Фукока” газетасида Шавкат Бобожоновнинг “Моҳи Хосадаги чинни буюмлар” номли илмий мақоласи чоп этилгани кунчиқар юртда шонли тарихимизни тарғиб этишда ўзига хос реклама вазифасини бажарди, дейиш мумкин.

— Биз меҳмонларга нафақат сифатли хизмат кўрсатишимиз, балки уларга мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, халқимизнинг бой урф-одатлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар беришимиз зарур, — дейди гид-таржимон Бахшида Юнусова. — ¨ш олимнинг мақоласи сабаб Япониядан вилоятимизга 50 кишидан иборат сайёҳлар гуруҳи келгани чет элликларнинг, тарихшунос ва мутахассисларнинг юртимизга қизиқиши доимо юқори бўлганини кўрсатади. Сайёҳларга ҳамроҳлик қилиш жараёнида шуни англадимки, халқаро миқёсда мамлакатимиз нуфузини ошириш бўйича оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот ишларини олиб бориш бунда салмоқли ўрин тутар экан. Мақолада тилга олинган жойларни кўриб, сайёҳлар ҳайратини яширолмади — икки кунлик саёҳат билан келган меҳмонлар беш кунга қолиб кетди.

— Дарҳақиқат, қадимий шаҳарларимиз, юртимизнинг гўзал табиатини бир марта кўришни орзу қиладиганлар жуда кўп, — дейди Шавкат Бобожонов. —  Шунга монанд бугун вилоятимизда мисли кўрилмаган янгиланиш ва ўзгаришлар рўй бермоқда. Бунинг, айниқса, хорижликлар томонидан эътироф этилиши, ҳар қандай инсонга чексиз фахр ғурур бағишлайди. Ҳозирда Бухоро давлат университети талабаларига сабоқ беришдан ташқари “Бухоро миноралари” ва Баҳоуддин Нақшбанд тарихига оид илмий асар устида иш олиб бормоқдаман. Мақолаларим хорижий илмий нашрларда чоп этилса, ўйлайманки, бу юртимизнинг меъморий ёдгорликлари, бой тарихи, ноёб маданий мероси ва ўзига хос анъана ва урф-одатлари тўғрисида жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг улкан туризм салоҳияти билан кенгроқ таништириш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ҳисса бўлиб қўшилади. Бундай ахборотлар орқали меҳмонлар Ўзбекис­тоннинг шонли тарихи, маданий ва меъморчилик мероси, мамлакатимизда мустақиллик йилларида эришилган ютуқлар, туризм инфратузилмасини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумотга эга бўлади.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг