Наманганнинг туристик харитаси мавжудми?

0
78

 

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Наманган вилоят кенгаши ва халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳининг кенгайтирилган йиғилишида 2016-2017 йилларда Наманган вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастури ижроси кўриб чиқилди.

Дастурда ҳудудда туризмнинг барча турини кенг ривожлантириш, вилоят ва туманлардаги тарихий иншоот, маданий мерос объектлари, сайёҳлик марказлари ҳолатини янада яхшилаш каби вазифалар ҳам ўрин олган. Бундай объектларни қайта реконструкция қилиш, у ердаги хизмат турларини яхшилаш ва кўпайтириш сайёҳлар оқими ортишига олиб келади. Мамлакатимизда туризмни янада ривожлантиришга қаратилган қатор фармон, қарор ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Ҳудудлар учун махсус дастурлар амал қилмоқда. Улар асосида олиб борилаётган ишлар ҳолати назорат қилиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида туризмни ривожлантириш, соҳанинг қонунчилик базасини такомиллаштириш, мавжуд қонунлар ижросини назорат қилиш борасида «Миллий тикланиш» демократик партисяси олдида турган устувор вазифалар белгилаб берилди.

— Давлатимиз раҳбари мазкур йиғилишда ҳар бир сиёсий партия ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, ҳамкорлик қиладиган вазирлик ва қўмиталарни аниқлаб олиши, улар билан тизимли ва доимий ишлаши лозимлигини таъкидлаган эди, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари О.Маматкаримов. — Шунга мувофиқ, ЎзМТДП Марказий Кенгаши Ўзбекис­тон Республикаси Туризмни ривож­лантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаб, тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди. Ўз навбатида, партиянинг ҳудудий ташкилотлари ҳам мазкур вазирлик ва қўмитанинг ҳудудий бошқармалари билан амалий ҳамкорликни йўлга қўйган.

Наманган вилоятида кўплаб сайёҳлик манзиллари, тарихий ёдгорликлар, моддий-маданий мерос объектлари мавжуд. Наманган шаҳридаги Мулла Қирғиз мадрасаси, Косонсойдаги Муғтепа шаҳристони, Чортоқ туманидаги Султон Увайс Қараний, Поп туманидаги Мунчоқтепа, Тўрақўрғондаги Ахсикент, Уйчи туманидаги Даҳякота каби муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар шулар жумласидандир.

Йиғилишда вилоятда туризмни ривож­лантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан соҳага дахлдор ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди. Таъкидланганидек, ҳудудда ички туризмни ривожлантириш, янги туристик хизматлар ва йўналишларни ишлаб чиқиш, соҳага ахборот технологияларини кенг жорий этиш, сайёҳларга замонавий ва сифатли банк хизматлари кўрсатиш, туризм йўналишида кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш, янги меҳмонхоналар қуриш каби чора-тадбирлар учун 19 миллиард 716 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. 22 туризм объектида амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш юзасидан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзоларидан иборат масъуллар бириктирилган.

Туризмни янада риволантириш учун кўп­лаб истиқболли режаларни амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, айни кунларда вилоят кўп тармоқли тиббиёт, кардиология, эндокринология, онкология, перинатал марказлари томонидан тиббий туризмни ривожлантиришга қаратилган таклифлар ўрганилмоқда. Шунингдек, меҳмонхоналарда тиббиёт хоналари ташкил этиш, патронаж ҳамширалари навбатчилигини йўлга қўйиш режаси ишлаб чиқилган.

Хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида Поп, Чуст, Косонсой, Янгиқўрғон ва Чортоқ туманларида мавжуд электр тармоқлари ва қурилмалари реконструкция қилинмоқда. Тижорат банклари туризм соҳасини ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳаларни молиялаштирмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида соҳага 3 миллиард 700 миллион сўм кредит маблағлари йўналтирилди.

Йиғилишда соҳада эришилаётган натижалар билан бирга, айрим камчилик ва муаммолар ҳам борлиги таъкидланди.

— Бугун вилоятда 282 маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Бироқ маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш давлат инспекцияси уларнинг ягона реестрини тузиш, қайта хатловдан ўтказиш, паспортини яратиш, рус ва инглиз тилларида маълумотлар базасини ишлаб чиқиш юзасидан олиб борган ишларини ҳанузгача ниҳоясига етказмаган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривож­лантириш давлат қўмитасининг Наманган вилоятидаги ваколатли вакили Ҳ. Ғайбуллаев. — Сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш учун Наманган халқаро аэропорти ҳамда “Дўстлик” теннис корти мажмуаси биносида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Ўзсаноатқурилишбанк” вилоят филиаллари ташкил этган валюта айирбошлаш шохобчаларида иш фаолияти давомийлиги ва самарадорлиги таъминланмаган. Маданият ва туризм бир-бири билан чамбарчас боғлиқ фаолият. Бироқ вилоятда бу икки тизимнинг ўзаро ҳамкорлигини қониқарли, деб бўлмайди.

Шу боис бугунги йиғилишда вилоятдаги ҳар бир туманнинг туристик харитасини тузиш, туризмни ривожлантириш йўналишида фаолият юритмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит маблағлари ажратиш, экотуризм, агротуризм ва этнографик туризмни ривожлантириш, меҳмонхона ва сервис хизматлари имкониятларини кенгайтириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди. Бу эса, ўз навбатида, вилоятга келувчи сайёҳларнинг ортиши, энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Йиғилишда келгусида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида тегиш­ли ҳоким ўринбосарлари ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Наманган вилоятидаги ваколатли вакилининг жойларда туризм соҳаси ва сайёҳлик инфатузилмасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботи эшитувини йўлга қўйиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Мilliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг