Мероси табаррук шоир ёхуд маънавиятимиз ривожида уй-музейларнинг ўрни қандай?

0
32

…Бир томони Оқтоғ, бир томони Қоратоғ этакларига туташ Қўрғон қишлоғи адирларида майин шабада эсмоқда. Барглари билан хайрлашишга тайёрланаётган дарахтлар орасидан қуёш мўралайди. Олтин кузнинг қут-баракали кунларида табиат қўйнида бўлиш, адирларни кезишнинг гашти ўзгача. Бундай кезларда инсон дўмбиранинг шўх оҳанги, бахшининг жўшқин хонишини қўмсаб қолади. Унинг хумори шунчаки хумор эмас, балки қон-қонимизга сингиб кетган маънавий-руҳий эҳтиёждандир. Бу эҳтиёж ота-боболаримиз минглаб йиллар давомида шу санъатдан баҳраманд бўлиб келгани боисдир балки…

Ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тарихи, бетакрор табиати, у ердан етишиб чиққан таниқли шахслари бор. Бундан Қўрғон қишлоғи ҳам бенасиб қолмаган. Уч асрлик тарихга эга ушбу қишлоқ дастлаб Нурота туманига қарашли бўлган. Қўшработ тумани ташкил қилингач, у Самарқанд вилоятининг энг олис ҳудудига айланди.  Қўрғон достончилик мактаби фольклоршунослик тарихидаги йирик маънавий марказ ҳисобланади. Ҳоди Зариф, Ғози Олим Юнусов, Муҳаммад Исо Эрназар, Тўра Мирзаев, Шомирза Турдимов, Муҳаммад­али Қўшмоқов каби кўплаб олимлар бу мактаб вакиллари ижодини чуқур тадқиқ этган. Шоир ва олим Комил Синдоров айт­ганидек, “Қизғалдоқнинг бийрон гули бор, Қўрғоннинг бир эмас, кўп булбули бор!”.

Дарҳақиқат, халқимиз яратган ўлан ва лапарлар, эртак ва достонлар, мақол ва маталларнинг тиллардан тилларга, диллардан дилларга кўчиб, бизгача етиб келишида бахши-шоирларнинг хизматлари беқиёс. Улар минг йиллар давомида халқ оғзаки ижоди намуналарини қалб ардоғида асрашни ва авлодларга бекаму кўст етказишни ўзларининг муқаддас бурчи, деб билган.

XIX асрнинг иккинчи ярми XX аср бош­ларида Қўрғон достончилик мактабидан йигирмага яқин бахши-шоир етишиб чиқди. Ёдгор бахши, Эргаш Жуманбулбул ўғли, Тилло кампир, Султон момо, Жассоқ бахши, Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлкан (Пўлкан шоир), Раҳматулло Юсуф ўғли, Ёрлақаб, Абдуқодир, Бўрон ва Қулсамад бахши…

Ушбу мактабнинг ёрқин вакили Эргаш Жуманбулбул ўғли машҳур бахши, ўзбек достончилик мактабининг асосчиларидан бири эди. Бахши кўплаб достонни ёд билган. Юртни куйлаб, инсонийлик, эзгулик ва меҳр-оқибатни тараннум этган шоир ўзидан бой маънавий мерос қолдирди.

Фидойи ўқитувчи, маънавият тарғиботчиси Ойдин Синдоров томонидан 1978 йилда Эргаш Жуманбулбул ўғли таваллудининг юз йиллиги муносабати билан Қўрғон қишлоғида уй-музей ташкил этилди. Ойдин бобо ўтган асрнинг 70-йилларидан бошлаб Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ материалларни тўплаб, дастлаб ўз уйида сақлайди, кейин уй-музейга топширади. У бу билан чекланиб қолмай Қўрғон, Қўштамғали, Қоракисса, Жўш, Тепалик, Оқмачит қишлоқлари, Хатирчи, Иштихон, Зарафшон кенгликларида бўлиб, Қўрғон достончилик мактаби вакилларидан бизгача етиб келган дўмбира ва қўлёзмалар, қадимий танга ва суратларни тўплайди. Хусусан, Эргаш Жуманбулбул ўғлининг қаламдони, Бухоро мадрасасида ўқиган пайтлари фойдаланган сандиқчаси, шахсий буюмлари, бахши-шоирнинг ўз қўли билан ясалган сандон, тегирмон каби кўп­лаб ашёларни йиғиб, музейга топширади.

Унинг саъй-ҳаракати билан ушбу масканга кираверишда — бахши-шоир ҳайкали қад ростлаган майдон атрофида ўтқазилган манзарали дарахт ва турфа гул кўчатлари бу ерга ўзгача файз бағишлаб турибди.

— Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳаёти ва фаолияти, улкан адабий, илмий ва маънавий меросини тадқиқ ва тарғиб этиш асосий фаолиятимиздир, — дейди уй-музей директори Аҳмаджон Синдоров. — Ўзбек достончилигида чуқур из қолдирган бахши-шоир таваллудига келгуси йил 140 йил тўлади. Уй-музей биноси анча таъмирталаб бўлиб қолгани боис баҳолиқудрат ушбу масканни таъмирлаш ва жиҳозлаш чоралари кўрилмоқда. Кўриб турганингиздек, ушбу маскан гарчи замонавий кўриниш ва ҳолатда бўлмаса-да, лекин ранг-баранг экспонатларга бой. Бу ерда сақланаётган нодир асарлар, қўлёзмалар, фотосурат ва шахсий буюмлар Эргаш Жуманбулбул ўғли  ҳақида ёрқин тасаввур беради. Уларни асл ҳолича сақлашимиз, келажак авлодга беталафот етказишимиз зарур…

Ранг-баранг экспонатлар билан таниша бошлаймиз. Уй-музейда Эргаш Жуманбулбул тилида янграган достонларнинг яралиш тарихи, бахши-шоир ҳаёти ва ижодининг турли даврларига оид фото ва ҳужжатлар, китоблар, кийим-кечаклар ва бошқа ноёб ашёлар сақланади. Шу билан бирга, у Қўрғон қишлоғининг ўтмиши ва бугунги куни — аҳолининг турмуш тарзи ва этнографияси, ҳудуднинг кўп асрлик маданияти, бу ерда шаклланган достончилик мактаби, музейда бўлган фан арбоблари, ўз даврининг улуғ устоз ва мураббийлари ҳақида кенг ва батафсил маълумот олиш имконини беради. Уй-музей экспонатлари қаторидан Муҳаммадқул Жомурод ўғли Пўлканнинг икки портрети, Раҳматулла Юсуф ўғли, Ислом шоир, Фозил Йўлдош ўғли ва яна бир қанча бахши-шоирларнинг суратлари ўрин олган. Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг уй-музей очилишидаги ташрифи муҳрланган фотосурати ҳам эътиборни тортади. Фольклоршунослар Зубайда Ҳусаинова ва Мансур Афзаловнинг Фозил Йўлдош ўғлидан достон ёзиб олаётгани акс этган сурат янада жозибадор. Яна бир суратда академик Иброҳим Мўминов маъруза ўқиётгани акс этган. Таниқли олимлар Виталий Жирмунский, Ҳоди Зариф, Музайяна Алавия, Ғани Жаҳонгиров, Шоназар Абдураҳмонов, Зайтуна Каримова суратлари ҳам ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Орадан йиллар ўтса-да, улар гўё сиз билан ҳамсуҳбат бўлаётгандай.

Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 1984 йилда нашр қилган Эргаш Жуманбулбул ўғлидан ёзиб олинган “Қундуз билан Юлдуз”, “Булбул таронаси”, “Холдорхон”, “Баҳром ва Гуландон” каби  нодир достонлар нусхалари ҳам музейда сақланади. Умуман олганда, муассасада салкам ярим асрдан буён йиғиб келинаётган  мингдан зиёд қимматли ашёлар мавжуд. Бироқ уй-музей жойлашган бинонинг бугунги ҳолатини кўриб, у ердаги нодир экспонатлар келажагидан хавотирга тушмай илож йўқ. Ҳар бир экспонатга алоҳида шароит ва эътибор зарур. Йўқса, у ўзининг сифати — кўринишини йўқотиб бораверади. Қолаверса, уй-музейни йўналишига мос янги экспонатлар билан бойитиш, уларни ўрганиш ва сақланишини таъминлаш, илмий-текшириш ишлари олиб бориш, экспозициялар тайёрлаш ва кўргазмалар ташкил этиш, ҳудуддаги барча таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бирига айланган. Ва, энг муҳими, мамлакатимизда музейлар фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг замон талаблари даражасида иш олиб боришини таъминлаш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилаётган, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этадиган диққатга сазовор жойлар — зиёратгоҳ, тарихий қадамжо, улуғлар мангуга қўним топ­ган масканлар обод қилинаётган, миллий маънавият ва маданиятимизни тарғиб қилиш янги босқичга кўтарилган бир пайт­да вилоят ва туман ҳокимликлари ушбу уй-музейга ҳам алоҳида эътибор қаратса — муассаса учун янги бино ажратилса ёки замон талаблари даражасида реконструкция қилинса, нур устига нур бўлар эди.

Миллий адабиётимиз узоқ ва бой тарихга эга. Бинобарин, достончилик ва бахшичиликни миллий ўзлигимиз, маънавиятимизга оби ҳаёт бахш этадиган қайнарбулоққа менгзаш мумкин. Минг йиллар давомида бундай достонларни куйлаб, гавҳардек асраб-авайлаб, бойитиб келган бахши-
шоирлар номи маънавиятимиз тарихига олтин ҳарфлар билан битилган. Фольк­лоршунос олим Шомирза Турдимов “Фольклор ҳар бир одамнинг қонида бор ва ҳар қандай тил ибтидосида улкан билимга даҳлдор тушунчалар мавжуд. Шундай экан, фольклор бизга ўзимизни, ўзлигимизни англашга ёрдам бериши билан қимматлидир, фольк­лор маънавий она сутидир”, деб ёзади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бахшичилик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Қадимий фольклор санъатимиз билан ўтмиш маданий ёдгорликларимиз тарихининг ўзаро боғлиқлиги, узвийлиги ва улуғворлигини, улар буюк маънавиятимиз сарчашмалари эканини кенг тарғиб қилиш, ёшларни аждодларимизнинг маънавий меросидан баҳраманд этиш орқали уларда миллий ғурур туйғусини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Модомики шундай экан, ўзининг юксак салоҳияти асосида сара ижод маҳсулларини яратган Эргаш Жуманбулбул ўғлининг бугунги кунда хароб аҳволга келиб қолган уй-музейини сақлаб қолиш, ундаги ноёб экспонатларни келажак авлодларга етказишда партиянинг вилоят ва туман ташкилотлари, шу ҳудуддан сайланган депутатлар ҳам фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатишлари талаб этилади. Зеро, бу борадаги саъй-ҳаракатлар ЎзМТДП дастури ва сайловолди Платформасида белгиланган мақсад ва вазифаларга ҳар жиҳатдан мос ва уйғундир.

Ўлжабой ҚАРШИБОЙ,
журналист

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг