Ота орзусини ушалтирган қиз

0
17

…Баҳром Абдуллаев ўз даврининг номдор полвони эди. У қатнашган давранинг файзи бўлакча бўларди. Соврин эмас, ор-номус учун курашарди. Аммо унинг бир армони — ўғли йўқлигида эди. Айниқса, тўй ва давраларда дўстлари ўғилларининг спортда эришаётган ютуқлари ҳақида сўзлашганда Баҳром аканинг кўнглига қаттиқ ботарди. Ўша пайтлари улар учта қиздан кейин тўртинчи фарзандини кутаётган, “шуниси ўғил бўлар”, деган ишонч бор эди ота кўнглида…

Яратганнинг марҳамати билан тўртинчи фарзанд ҳам қиз туғилди. Баҳром аканинг аёли бунинг барига худди ўзи сабабчидек гуноҳкор бош эгиб юрди. Аммо қиз бола ҳам фарзанд, у ҳам Аллоҳнинг бандаси эканлигини ота жуда яхши англаб турар, шу сабаб аёлининг ўксиган кўнглига ёруғлик улашарди.

Иккинчи қизи Турсунпошша ёшлигидан чаққон ва эпчил бўлиб ўсди. Буни сезган Баҳром ака ўн ёшга тўлганида уни машғулот залига бошлаб келади. Спортнинг дзюдо тури билан шуғулланган Турсунпошша аввалига унга унчалик қизиқмайди. Буни отаси ҳам сеза бошлади. Аммо орадан бир йил ўтиб, қизалоқнинг дзюдога  меҳри ва қизиқиши шунчалик ошиб кетдики, бу унинг мураббийи ва отасини ҳам ҳайрон қолдирди.

Айни шу жараёнда фарзанднинг ҳаётдаги ўрнини топиб кетиши учун ота-онанинг ўрни қанчалик муҳим эканлиги яна бир бор ойдинлашади. Кўпчилик ота-она фарзандининг истагига қараб, уни фан ва машғулотларга йўналтирса, баъзилари аксинча ўзлари қизиққан соҳага бошлаб, боланинг маълум касб эгаси бўлишига сабабчи бўлади. Шуниси муҳимки, ҳар иккала ҳолатда ҳам ота-она фарзанди камолоти, унинг келажагини ўйлаб иш тутади. Энг муҳими, эътиборсиз қолдирмайди. Уни рағбатлантириб, руҳлантирса, боладаги ўзига бўлган ишонч ва масъулият янада ортади, бу эса бир кун келиб ўз натижасини беради.

Йиллар давомидаги машғулотлар Турсунпош­шани ҳар томонлама чиниқтирди. Кўп ўтмай республика миқёсидаги қатор мусобақаларда шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой ола бошлади. 2011 йили илк бор халқаро мусобақа — Украинада бўлиб бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этди.

— Ўшанда жуда қаттиқ ҳаяжонланган эдим, чунки жаҳон аренасида Ватан номидан даврага тушиш, унинг шарафини ҳимоя қилиш масъулиятини сўз билан ифодалаб бериш мушкул, — дейди Турсунпошша. — Меҳнати сингган мураббий, ишонч билдириб, кўз тикиб турган ота-онам ва юртдошларим худди кино тасмасидек бир-бир кўз олдимдан ўта бошлайди. Мана шу ҳаяжон ва масъулият қай бир мусобақада иштирок этмай, мен билан бирга. Балки муваффақиятларимнинг сири ҳам шундандир.

Турсунпошшанинг ҳикоя қилишича, у ёшлигида адабиётга қизиққан. Устози ҳар дарсда ундан янги ёд олиб келган шеърини айтиб беришни сўрар, шоира бўлиш орзусида юрган қизалоқ ҳам завқланиб шеър ўқиб беришдан чарчамаган. Адабиёт, хусусан, китобнинг инсон камолотида тутажак ўрни ва аҳамиятини шундан ҳам билиш мумкин.

Халқаро майдон ҳаяжони ва масъулиятини кўнглидан ўтказган спортчи кейинчалик қатор мусобақаларда ғолиб чиқа бошлади. 2012 йили Туркияда бўлиб ўтган Осиё чемпионати, 2013 йил Хитойнинг Намжун шаҳридаги Осиё ўйинларида фахрли ўринларни қўлга киритган Турсунпошша кейинчалик 2015 йил Венгрияда бўлиб ўтган жаҳон кубогида 1-ўрин, 2016 йили Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган 31-ёзги Олимпиада ўйинларида бронза медалига сазовор бўлди. 2017 йили эса юртимизда ўтказилган Осиё чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

— Бир пайтлар ўғлим йўқлигидан қаттиқ хафа бўлардим, аммо бугун бахтиёрман. — дейди Турсунпошшанинг дадаси Баҳром ака. —  Бу бахтни менга Барчиной қизларим беряпти. Қалбим тўридаги орзуларим ушалди. Улар билан ғурурланаман. Бир отанинг бахти ҳам шу-да аслида.

Агар инсонда мақсад аниқ бўлса, марра бир қадам, деб бежиз айтилмаган. Ҳаракат, изланиш ва ўз устида тинимсиз ишлаш эса эришилган ютуқнинг қанчалик тотли, ўзи, ота-онаси ва Ватани учун нечоғлик аҳамиятли эканлигини таъминлайди. Юртимизнинг мана шундай ғайратли, тиниб-тинчимас, қалбига Ватан меҳрини жо қилган фарзандлари кўпаяверсин!

Исломжон НОРМАМАТОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг