“Умидим шулки, умидингга етгил!” ЎзМТДП фахрийси, академик Азиз Қаюмов зиёратида

0
42

Навқирон авлодда миллий ўзликни англаш туйғусини кучайтиришда  ижодкор-зиёлиларимиз фаолияти нурли маёқдир. Айниқса, бугунги шиддат билан ўзгараётган, қарашлар ва  манфаатлар эврилиши авж олаётган бир  даврда миллий ўзликни англаш, шахс миллий қиёфасини сақлаб қолиш глобал муаммо сифатида кун тартибида турибди. Бу муаммо ечимининг асоси шахс қалбини маънавият чироғи билан равшан қилишдир. Бунда, аввало, халқ зиёли қатламининг ўрни беқиёс.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳасининг асосий мақсади ҳам ёш авлодни мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилишда миллий ўзликни англаш туйғусини кучайтириш ва бунда партия электорати бўлган зиёлилар имкониятидан самарали фойдаланишдан иборат. Лойиҳанинг бу галги меҳмони — партия фахрийси, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, навоийшунос олим, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Азиз ҚАЮМОВ бўлди.

Партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов устознинг хонадонидаги суҳбат давомида олимнинг ўзбек илм-фани, хусусан, ўзбек адабиёти, Навоий меросини ўрганишга қўшган улкан ҳиссасини эътироф этар экан, энг аввало, унга сиҳат-саломатлик тилаб, доимо халқимиз ардоғидаги инсон бўлиб, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини, эзгу фазилатларини камол топтиришда ҳисса қўшиб юришига тилак билдирди.

Устоз билан суҳбат инсон миллий ўзлигини англашда мамлакат зиёлилиларининг ўрни хусусида бўлди. Суҳбатни партиянинг яна бир фахрийси, таниқли ёзувчи Хуршид ДЎСТМУҲАММАД олиб борди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Бугун пойтахтимиздаги энг мўътабар хонадонлардан бирида меҳмон бўлиб турибмиз. Бу хонадон соҳиби — йирик адабиётшунос олим, халқимизнинг севимли фарзанди, азиз устозимиз, академик Азиз Қаюмовдир. Биз устознинг суҳбатларини соғиниб келдик. Мақсадимиз — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг ўз олдига қўйган муҳим вазифаси — халқимиз, ёшларимизда миллий ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлаш ҳақида суҳбат қуриш. Суҳбатимиз аввалида таклифимизни бажонидил қабул қилиб, уйингизнинг тўридан жой берганингиз учун партиямизнинг кўп сонли аъзолари, фаоллари, депутатлик корпуси номидан миннатдорлик билдирамиз…

Азиз Қаюмов: — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташаббусини мен ҳаяжон ва миннатдорлик билан қабул қилдим. Партиянинг ташкил топишида қўлимдан келганича хизмат қилганман ва бундан буён ҳам ЎзМТДП аъзоси сифатида унинг ривож топиши учун ҳисса қўшишга тайёрман. Бу партия халқимиз кўнглига яқин. Буни унинг номланишидан ҳам англаш мумкин. Бизнинг энг қадрли бўлган анъаналаримиз ва қадриятларимиз, одат бўлиб қолган ҳаёт тарзимиз ривожи, ҳар бир соҳада ўзининг фаол иштироки ва позицияси билан ажралиб туриши, комил инсонни шакллантириш, ёш авлоднинг ўзлигини тўла англаб етишига эришиш партия олдида турган энг муҳим вазифалардир.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Азиз Пўлатович, бугунги шиддатли ва тезкор даврда инсон ўзлигини, шахсини, ўз “мен”ини англаши ниҳоятда долзарб мавзу, муаммо. Албатта, ўзликни англашнинг қирралари кўп. Бугун сиз билан “Ўзликни англашда зиёли шахснинг ўрни қандай?”, “Қандай инсонни зиёли деймиз?”, “Зиёли инсоннинг жамиятдаги ўрни ва унинг вазифалари нимадан иборат?” деган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Сизнинг ижодий, ҳаётий тажрибангиз бу ҳақда чуқур мулоҳаза юритишга изн беради.

Азиз Қаюмов: — Улуғлардан мерос бир ҳикмат бор: қуёш бир текис нур сочса-да, саҳрода тикан, бўстонда гул битади. Чиндан ҳам одамзотнинг инсонлик даражасига чиқишида пешонага битилган тақдир, насл-насаби, ота-онаси берган тарбия, оиладаги муҳит, у дунёга келган ва яшаётган мамлакатдаги имкониятлар катта аҳамиятга эга. Бир куни Тошкентда Алишер Навоий номидаги метро бекатида поезд келишини кутиб турган эдим. У марказий бекатлардан бири бўлгани учун одам жуда кўп. Ёш рус аёли қўлида ўғилчасини кўтариб турибди. Болакай бир ёки икки ёшда, энди тили чиқаётган вақти. У бор овози билан “Алишер Навоий, Алишер Навоий”, деди. Мен улардан нарироқда эдим, эшитиб хурсанд бўлдим. Кейин олдиларига бориб саломлашдим.

— Сизга раҳмат, —  дедим. — Болангиз тили чиқиши билан энг яхши одамнинг исмини ўргатибсиз.

— Ўғлим бекатнинг номини айтяпти, холос, — деди онаси.

– Лекин, билиб айтяпти, — дедим. — Алишер Навоий, деган гапга тили келишиб турганидан мен таъсирландим. Тили чиқар-чиқмас Навоийни айтишни билган бола эртага яхши инсон бўлиб камолга етади. Ҳеч бўлмаса Навоийни ўқийди, Навоийдан таълим олади.

Аёл ҳам хурсанд бўлиб, миннатдорлик билдирди. Шу болакайнинг “Алишер Навоий, Алишер Навоий”, деб гапириб тургани ҳамон қулоғимда.

Айтмоқчиманки, Навоийдан таълим олишлик инсон камолотини таъминловчи бир омил. Навоий айтади: “Умидимдан мани хурсанд этгил, Умидим шу, умидингға етгил”. Эътибор беринг, мени мақсадимни амалга ошириб, мени хурсанд қилгил умидим. Менинг мақсадим нима? Менинг мақсадим шулки, сен ўз мақсадингга эришгил. Сенинг ўз мақсадингга эришмоғинг менинг мақсадимдир.

Биз, ҳозирги авлод хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса битта умид билан яшаймиз: Ўзбекистоннинг буюк келажагини яратиш. Навоий бу ерда фақат бир шахснинг эмас, балки элнинг бахтли ҳаёт кечиришини назарда тутаяпти. Эл маданияти юксалишини, одамларнинг бир-бирига меҳр-оқибати кучайишини истаяпти. Ҳақиқатан,

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин.
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Этса кўпрак улусқа нафъ андин.

Яъни, эл ичида кимни энг яхши одам деб ҳисоблайсан? Мен жавоб берай, барча шубҳаларингни кетказ, эл ичида энг яхши одам, улусга энг кўп фойдаси теккан одамдир, дейди Навоий. Бу ҳадис, уни Навоий шеърга солган. Элу юртга кўп фойдаси теккан одам эл ичида энг яхшиси, ўзида ҳамма ижобий сифатни мужассам этган зот. Ундай зотдан эл-юрт фақат манфаат ва фойда кўради.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Демак, ҳазрат
Алишер Навоийнинг бутун ҳаётий маслаги, мақсади, энг эзгу ниятлари  ҳамда “Миллий тикланиш” партиясининг ўз олдига қўйган вазифалари ўртасида яқинлик, муштараклик ва  умумийлик мавжуд. Бу партияни Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташкил этишга бел боғлаганида, эҳтимол, шу улуғ мақсадлар кўзлангандир.

Азиз Қаюмов:  — Албатта, бу партияни ташкил этишда улуғ мақсадлар кўзланган, айни замонда унинг келажагига, шу улуғ мақсадлар амалга ошишига ишонч ҳам бўлган. Лекин бунга биз ҳали тайёр эмас эдик…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Чунки, бизда буни, яъни миллий тикланиш ғоясини сиёсийлаштирадиган даражада тажриба йўқ эди.

Азиз Қаюмов: — Партия биринчи ташкиллаштирилган вақтда кўпчиликнинг муносабати ҳам бошқача эди. Одамларимиз бунга тайёр эмасди. Мана, бугун ЎзМТДП ғоявий-мафкуравий жиҳатдан ҳам, молиявий-иқтисодий масалада ҳам ўз йўлига эга бўлиб бормоқда. Лекин шундай вақтлар бўлганки, яширишга ҳожат йўқ, партия раисининг бир алоҳида хонаси, курсиси, тўртта қоғози йўқ эди. Шу шароитда ишлаганмиз. Масалан, Янгийўл шаҳрида партиянинг шаҳар ва туман кенгашларини тузиш керак эди. Шу мақсадда, бир одам хизмат сафарига бориб, ўша ердаги аҳолини жалб қилган ҳолда партиянинг бошланғич ташкилотларини тузишга раҳбарлик қилиши керак. Мен ўша вақтда партиянинг раисиман. Лекин ҳеч тортинмасдан айтаман, автобусга йўл ҳақи учун йигирма сўм пул тополмаганмиз.

Ҳозир сиёсий партиялар учун мамлакат бюджетидан маблағ ажратилади. Ўз ғояси, мафкуравий қарашларини тўла-тўкис амалга ошириши учун барча шароит бор. Гап фақат бу имконият ва шароитдан унумли фойдалана олишда.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Демак, инсон ўзлигини англаши учун моддий асос ҳам керак экан-да?

Азиз Қаюмов: — Албатта, керак, лекин уни биров яратиб бермайди, ўзингиз яратасиз. Мен ўша вақтда раҳбар сифатида бу шароитни яратишга ҳаракат қилдим. Лекин бу ҳаракатим гоҳо муваффақиятли, гоҳо муваффақиятсиз кечди. Кўпинча муваффақиятсиз бўлди. Чунки бировдан молиявий кўмак сўраб бориш — бу жуда оғир холат. Ўша вақтда сиёсий партияларнинг энг оғриқли нуқтаси шу эдики, бюджет ҳисобидан ижтимоий ташкилотларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмас эди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Эсимда бор, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ёш болаларнинг жамоат транспортида бепул юриши ташаббусини кўтариб чиққансиз…

Азиз Қаюмов: — Бу масалани сиёсий партия раҳбари эмас, балки оддий фуқаро сифатида, эл-юрт фойдаси учун кўтарганман. Чунки ҳар бир хайрли ишни болаларимизга порлоқ келажак яратишдан бошлашимиз керак. Бир пайтлар тиббиёт соҳасининг бепул бўлиши масаласини ҳам кўтариб чиққанмиз. Ҳозир 93 ёшдаман. Давлатимиз менга бепул тиббий хизмат кўрсатади. Тез тиббий ёрдам ҳам беминнат хизмат қилаётганини алоҳида айтиб ўтишим керак.

Тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш борасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев қатор муҳим ҳужжатларни қабул қилаётгани бежиз эмас. Тиббиёт соҳасининг ривожи одамлар саломатлиги билан боғлиқ, соғлом одам эса яхши ишларни амалга оширишга, юртга фойда келтиришга интилади. Буларнинг бари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Демак, ҳаётий позициянинг мустаҳкамлиги, ўзининг соғлом фикрини қўрқмасдан, маданият билан айта олиш ҳам зиёлиликнинг бир белгиси-да…

Азиз Қаюмов: — Шу ўринда кичик бўлса ҳам бир масалани айтиб ўтишим керак. Олий Мажлиснинг сессиясида ҳужжат қабул қилинаётган пайтда “шалоғ, яъни ҳақорат гап гапирган давлат хизматчиси ҳам маъмурий жазога тортилиши лозим”, деган таклиф киритганман. Чунки ўзлигини англаб етган инсон ҳақорат гапларни гапирмайди. Бундай муомала маданиятли одамга ҳам муносиб, ҳам одобдан эмас. Ҳеч қачон, билимли, маданиятли одам оғзини ёмон гаплар билан булғамайди. Аксинча бўлса эса бундай одам ҳам ўзини, ҳам атрофдагиларни ҳақорат қилади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ўзликни англашда тўғри гапни айта олиш, ўйлаб гапириш, нутқ маданияти каби фазилатлар ҳам асосий ўринда туради. Муомала маданияти ҳақида гапирилганида яқинда 100 йиллиги нишонланган давлат арбоби, буюк адиб Шароф Рашидов ҳақида эсламаслик мумкин эмас.

Азиз Қаюмов: — Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах шаҳрида Шароф Рашидов ҳайкалининг очилишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини диққат билан ўқиб чиқдим. Бу инсон Шароф Рашидов шахсига ҳақиқий баҳо берди. Элни сийлаганни эл сийлайди. “Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшади. Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди”, — деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Демак, халққа муҳаббат билан яшаш керак. Халқни севиш керак, шунда халқ ҳам сени севади. Шароф Рашидов шу қадар камтарин, юксак маданият соҳиби эдики, у билан суҳбатга киришишдан олдин кишида бўлган бор ҳаяжон унинг бир оғиз гапидан кейин унутиларди. Бу инсонда гапни топиб айтиш, муомала маданияти, суҳбатдошни ўзига жалб қила олиш маҳорати мужассам эди. Шароф Рашидов билан учрашувларимиздан бирида у киши менга урушда етти марта яраланиб, дала госпиталида даволаниб, яна жангга кирганини айтган. Мана шу фактнинг ўзи унинг нақадар фидойи, элу юртини, халқини юракдан севганини, унга жон фидо қилишга ҳам тайёрлигини англатади.

Яна шуни қувонч билан айтаманки, буюк давлат арбоби, севимли адиб ҳақида ҳаққоний гапирилаётгани, ҳаётий ҳақиқатларнинг рўёбга чиқаётгани тарих, бугун ва келажак учун муҳимдир. Чунки фарзандларимизни тарихий ҳақиқатлар билан тарбияламасак, тарихни борича кўрсатмасак, улар ўзлигини тўла англаб етишларига тўсиқ қўйган бўламиз. ЎзМТДП ҳам ўз дастурида Ўзбекистон тарихини ўрганишда тарихийлик ва холислик тамойилларига қатъий амал қилиш, тарихий ўтмишга ва ўзбек халқининг ҳозирги кундаги ҳаётига баҳо беришда бирёқлама ёндашувларга, нохолисликка йўл қўймаслик, Ўзбекистон тарихини бузиб, сохталаштириб талқин этишларига нисбатан қарши курашиш масаласини алоҳида кўтариб чиққани эътиборлидир.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ҳаёт мушкулликларини енгиш, инсонлар кўнглини олиш, оғирини енгил қилиш нуқтаи назаридан Навоийнинг биз унутиб юбораётган ўгитлари борми?

Азиз Қаюмов: — Алишер Навоий деярли ҳамма асарида инсонийлик ҳақида фикр юритади. Унинг биз унутиб юбораётган ўгитлари кўп. Биргина “Арбаин” асарини олайлик. Араб тилидан таржима қилинганда “Қирқта” деган маънони англатувчи бу асарда Имом Бухорийнинг “Ҳадислар”идан ажратиб олинган қирқ ҳадис келтирилади. Уни Жомий шеър орқали форсий тилга таржима қилган. Жомийдан ҳам рухсат, ҳам фотиҳа олган Навоий эса уни ўзбек тилига ўгирган. Зотан, ўзбеклар ҳам уни ўқиб, билиб олсин, деган ниятда. Биз эса уни деярли унутиб қўйдик. Кам ўқиймиз.

Кимки мўъмин дурур қачон чидағай,
Ким ўзи тўқу қўшни бўлғай оч.
Анга доғи керак етурса насиб,
Хонида гар қулочу хоҳи умоч.

Бу ҳадисда айтилган, Пайғамбаримизнинг сўзлари. Ўзинг тўқ бўлсангу, қўшнинг оч бўлса, қандай хотиржам ўтирасан, унда сен мўмин бўлолмайсан, дейиляпти. Сенинг дастурхонингда нима бўлса, у хоҳ кумоч бўлсин, хоҳ унош бўлсин, шундан беришинг керак, дейиляпти. Токи унинг ҳам дастурхонида нимадир бўлсин. Ёки:

Имони анингки, куфриға сотир (беркитувчи) эрур
Чин нукта демакка ул киши қодир эрур
Ҳар кимсаки, имон ишида моҳир эрур
Имонини билки, отидин зоҳир эрур.

Маъноси:

Ул кишики, имони куфрини йўқотар экан,
Чин тоза маъноли сўз демакка қодирдир.
Имон ишида маҳорат касб этган ҳар
бир кимсанинг
Имони унинг отидан билиниб туради.

Ушбу тўртликдаги асосий масала — нукта ва иймондир. Нукта — чин, тоза маъноли сўз. Бундай сўзни демакка қодир инсон соф иймон эгаси бўлган инсондир. Кўриниб турибдики, Навоий асл нусхадаги маънони анча кенгайтирган. Асл нусхада “аймон” аҳдга вафо қилиш тўғрисида боради. Навоий эса имонга эга бўлмоқни бош ўринга қўяди. Чин ва маъноли сўзни демоққа фақат имонли зотгина қодирдир. Ким соф имон эгаси бўлса, бу унинг отиданоқ англашилиб туради. Демак, ҳамма гап имон, ишонч, эътиқодда, саховатли бўлмоқликдадир.

Алишер Навоийнинг бу каби ўгитларини унутиб юбормаслик учун икки вазифани амалга оширмоғимиз лозим. Биринчидан, Алишер Навоий ижодини, аввало, оддий мактаб ўқитувчиси яхши билиши ва ёш авлодда бу улуғ меросга муҳаббат уйғота олиши керак. Иккинчидан, Навоий асарлари мағзини ўқувчиларнинг ёшини эътиборда тутган ҳолда соддалаштириб баён қилиш яхши натижа беради. Катталар учун эса Навоий асарларининг насрий баёнларини тайёрлаш лозим. Чунки улуғ шоир асарларини бевосита ўқиб-ўрганиш китобхондан алоҳида тайёргарликни талаб қилади.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Суҳбатимиз бевосита китобхонлик, мутолаа маданиятига бориб тақалди. Президентимиз мутолаа маданиятини юксалтириш бўйича алоҳида қарор ва фармойиш қабул қилиб, юртимиз бўйлаб, энг чекка қишлоқларда ҳам кутубхона бўлсин, китоб дўконлари бўлсин, деган эзгу мақсадни илгари сурди. Бу ҳам инсон ўзлигини англашнинг муҳим мезони эмасми?

Азиз Қаюмов: — Мутолаа маданияти жамиятни янги босқичга олиб чиқиш, фарзандларимизни баркамол тарбиялаш, уларнинг ўзлигини англаб етишининг муҳим омили, албатта. Лекин ўқиганда ҳам, сара, ҳаққоний, ҳаётий асарларни ўқиш, қабул қилиш керак. У хоҳ матбуот бўлсин, хоҳ бадиий асар унда фақат ҳақиқат ёритилиши, ёлғон аралашмаслиги лозим. Ана шунда бадиий адабиётнинг ҳақиқий кучи намоён бўлади.

Оилавий муҳит ва китоб боланинг келгусидаги истиқболини белгилаб берувчи катта кучдир. Ўз ҳаётимдан мисол келтирай. Уйимиз тўрида мўътабар яратиқ сифатида китоблар турарди. Турли тиллардаги газеталар келарди. Мен уларни ўқишга иштиёқманд эдим. Бундан ташқари, отам уйда қироат билан ғазал ўқирдилар. Ғазал ўқиётганларида отамнинг юзидан ҳам меҳр, ҳам нур уфуриб турарди. Инсонга китобнинг таъсирини болалар ўз отасида, онасида кўрмаса, қаерда кўради? Китобга муҳаббатни отамиздан ва онамиздан ўрганганмиз. Ўша пайтда ўқиб чиққан китобларим рўйхати менда ҳали ҳам сақланиб турибди. Онам менга “ўқиб чиққан китобларингни бир дафтарга ёзиб қўйгин, болам”, дер эди. Мен ёзиб қўйган эканман. Онанинг ёш болага эътиборини қаранг…

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Ҳар ижодкорни ҳам Алишер Навоий билан тенглаштира олмаймиз. Лекин ҳар бир ижодкор бу ижод майдонига “Навоий панжасига панжа уриш” учун кириб келади. Шу нуқтаи назардан замонавий миллий адабиёт комил инсонни шакллантириш, инсон ўзлигини англаши учун, сизнингча, қандай бўлиши керак?

Азиз Қаюмов: — Бугунги адабиёт, биринчи навбатда, ҳаёт ҳақиқатини тасвирлаши керак. Ўқувчи, китобхон бугун ҳаққоний гап кутмоқда. Бадиий адабиётга ҳаққоний гап керак. Шунда у комил инсонни тарбиялаш, инсон ўзлигини англашга хизмат қила олади.

Мен кўп ўқийман. Илмга кириб келганимдан буён ҳар куни беш саҳифадан қоғозга туширишни одат қилганман, ҳозир ҳам шундай. Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек, Мақсуд Шайхзодани ҳам инсон, ҳам олим, ҳам ёзувчи сифатида замонавий адабиёт вакилларига ўрнак қилиб кўрсатгим келади. Тоҳир Малик асарларини мароқ билан ўқиб чиқаман. Чунки бу асарларда ҳаёт акси, ҳаёт ҳақиқати бор. Бугунги адабиёт вакилларининг ҳаммаси шу ижодкорлар каби қалам тебратишини тилайман.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД: — Президентимиз бир нечта нутқларида жамиятда ишонч муҳитини яратишимиз керак, ишонч туйғуси бўлмаган жойда жамият шаклланмайди, деб баралла айтдилар. Бунинг учун халқ, унинг илғор қатлами бўлган зиёлилар, сиёсий партия аъзоси, умуман, ўзлигини англайман, деган одам нима қилмоғи керак?

Азиз Қаюмов: — Жамиятда ишонч муҳитини мустаҳкамлаш мамлакат ривожига хизмат қилади. Бунинг учун, биринчи навбатта, мақсад аниқ бўлиши керак. Бугунги кун зиёлиси, сиёсий партия аъзоси “Мен жамиятнинг ҳақиқий аъзосиманми?”, “Яшашдан мақсадим нима?”, деган саволларга жавоб топиши лозим. Биз кеча ҳам, ҳозир ҳам, бугун ҳам бир мақсад билан яшаяпмиз: Ўзбекистон, ўзбек халқи бутун дунёдаги мамлакатлар ичида ибратли юртга, ибратли халққа айлансин. Ўзбек халқи ўзининг ҳам тарихи, ҳам бугуни ва келажаги билан дунё халқларига ибрат бўлсин.

Давлатимиз раҳбарининг “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу қарор буюк аждодларимиз яратган меросни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Юртимизда уйғониш даврининг буюк алломалари Фаробий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорийларнинг барчаси бизнинг шону шавкатимиз, қадр-қимматимизни билдиради. Энди биз ёш авлод ичидан янги Навоийлар, янги Берунийлар, янги Ибн Синоларни тайёрлашимиз лозим, бунинг учун муҳим қадамлар босилмоқда. Мана шундай ёшлар давлатимизни бутун дунёга кўз-кўз қилади. Бугун давлатимиз томонидан илм-фанга бўлган эътиборнинг кучайиши сабаби ҳам шунда. Бу улуғ мақсадга эришишни биз, аввало, болалар боғчасидан бошлашимиз лозим. Шунинг учун ҳам, янги — Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди.

Бир пайтлар бир йиғилишда “бўлажак олимларни талабалар орасидан қидирайлик”, деган эдим. Шунда йиғилишга раислик қилувчи — ЎзРФА раҳбари Ҳабибуллаев “йўқ, бу нотўғри, уларни боғчадан қидириш керак”, деган эди. Бу соҳадаги янги қадамни кузатиб, “Бўлажак академикларни болалар боғчасидан тарбиялайлик”, дегим келади. Мақсад улуғ бўлса, ғайрат ҳам, куч ҳам топилади.

Устоз билан ўзлик ҳақидаги суҳбатимиз узоқ ва мазмунли давом этди.  Академик Азиз Қаюмовнинг ҳар бир фикри, ҳар бир жумласи замирида ўқиш-ўрганиш, инсонийлик фазилатларига эга бўлиш, фарзандларимизни комил инсон қилиб тарбиялаш, энг муҳими, юртимиз дунёдаги ибратли мамлакатга айланиши лозимлиги каби эзгу мақсадлар мужассам. Устоз билан суҳбатдан сўнг яна бир бор “Ўзликни англаш формуласи”ни топгандек бўлдик…

“Milliy tiklanish” мухбири
Шоҳида ДАМАНОВА
ёзиб олди.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг