Юртимиз тарихи ва маданияти: уни хорижий сайёҳларга қай даражада етказа оляпмиз?

0
24

Юртимиз тарихи ва маданий ёдгорликларини кўриб ундан ҳайратланмаган,  олам-олам завқ ва таассурот олмаган сайёҳ топилмаса керак. Хоҳ у хорижлик бўлсин, хоҳ юртдошларимиз, мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари, тарихий қадамжоларини қатта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатади, ўз навбатида, Ўзбекистон тарихи ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлади.

Афсона ва тўқималар тарихий ҳақиқатга соя соляпти

Яқинда Бухорои шарифга борган дугонам Арк қалъасини саёҳат қилгани, бу ердан Бухоро тарихига оид кўплаб маълумотлар олгани, қизиқарли мақола тайёрлаш нияти борлигини айтиб қолди. Дарҳақиқат, Бухоронинг энг кўҳна маданий мерос объектларидан бири Арк қалъаси бўлиб, у  Бухоро шаҳрининг маркази ҳисобланган. Бухоро арки милоднинг бошларида қурила бошланиб, XVI асрда Шайбонийлар сулоласи даврида ансамбл ҳолига келтирилган. Арк қалъасида Рудакий, Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Фаробий, Умар Хайём сингари улуғ инсонлар яшаб, ижод қилганлар. Арк тўғрисида Абу Али ибн Сино “Мен бу ердаги кутубхонада шундай китобларни топдимки, уларни аввал кўрмаганман ва умримда бошқа кўрмадим ҳам. Мен уларни ўқидим ва шундан кейин ҳар бир олимнинг ўз фани бўйича ўрнини англадим. Менинг олдимда фанларнинг тубидаги шундай эшиклари очилдики, мен уларни тасаввур ҳам қилолмасдим. Аркдаги кутубхонанинг кейинги тақдири сир бўлиб қолган. Кутубхона жанг­лардан бирида талаб кетилган бўлса ажаб эмас”, деган маълумотни қолдирган. Мана шу далилларнинг ўзиёқ бу қадимий обида бизгача қанчадан-қанча талотўпу қирғинбаротларни бошидан кечириб етиб келганини англатади. Менда Арк хусусида шундай маълумотлар мавжуд эди. Аммо дугонам Арк қалъасидаги хон тахти ҳақиқий эмаслиги, унинг асли Тошкентдаги Ўзбекистон тарихи давлат музейида сақланишини айтганида ҳайратдан ёқа ушладим. Бу ёлғон маълумот экани, тарих музейида бундай экспонат йўқлигини айтганимда, у “ахир бу маълумотни сайёҳлар билан юрган таржимон-гид айтди-ку, наҳотки, у хорижлик­ларга юртимиз ҳақида нотўғри маълумот берган бўлса”, деб мақола ёзиш ниятидан қайтганини айтди. Бу эса туризм, соҳадаги кадрлар тайёрлаш масаласи, гидлар фаолияти, уларнинг малакаси борасида мақола ёзишга туртки берди.

Бугун мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш, туризм кадрлари салоҳиятини юксалтириш, Ўзбекистон тарихини холис ўрганиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда сайёҳлар билан мулоқот қилувчи гидларнинг хатога йўл қўяётгани, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бу, ўз навбатида, қуйидаги саволларга жавоб топиш истагини пайдо қилди: туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш, улар малакасини ошириш бугун замон талаби даражасидами? Гидлар фаолияти қандай йўлга қўйилган? Сайёҳларнинг бу борадаги фикри қандай? Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида соҳа мутахассислари ва сайёҳларга мурожаат қилдик.

ЎзМТДП туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини ўрганди

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демо­­к­ра­тик партияси сайловолди Платформасида туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи Илҳом Расулов. — Шу боис партия мамлакатимизнинг халқаро ижобий имижини шакллантиришда туризм­ни самарали восита деб ҳисоблайди, бу бойликнинг жаҳон демок­ратик ҳамжамияти умумбашарият тарихий мероснинг ажралмас бир қисми сифатида тан олиниши йўлида кенг қамровли саъй-ҳаракатларни амалга оширишга интилмоқда.

Туризм ривожи юртимиздаги маданий мерос объектлари, тарихий обида ва қадамжоларни ўрганиш, уларни жаҳонга намойиш қила олиш билан боғлиқ жараён. Бунда, айниқса, туризм соҳаси кадрларининг малакаси, билим ва савияси муҳим аҳамият касб этади. Бугунги ахборот глобаллашуви даврида соҳа кадрлари ҳар жиҳатдан билимли бўлиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши ва, айниқса, юртимиз тарихини яхши билиши зарур. Шу боис партиямиз бу борада амалий саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда. Дастлабки ишни туризмга ихтисослашган ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш тизими, ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси, ўқув-амалиёт жараёнларини ўрганишдан бошладик. Ўрганишларимиз ҳам пойтахт, ҳам вилоятлар кесимида амалга оширилди.

Ўрганишлар натижаси таълим муассасаларида туризм соҳаси бўйича замонавий дарсликларга эҳтиёж борлигини кўрсатди. Бундан ташқари, уларда хорижий тиллар ва гуманитар фанлар бошқа йўналишдаги касб-ҳунар коллежлари билан бир хил стандартда ўтилмоқда. Бу унчалик тўғри эмас. Чунки сайёҳларга хизмат кўрсатишда Ўзбекистон тарихининг ўзига хос, беқиёс қирраларини очиб бериш, тарихимиз билан боғлиқ энг қизиқарли ва жозибадор маълумотлардан бохабар бўлиш жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, мазкур фанларни ўқитиш бўйича туризм коллежлари учун махсус стандарт ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Ўқувчилар фақат инглиз тили эмас, корейс, испан тилларини ҳам ўрганишни хоҳлашларини билдирди. ЎзМТДП вакиллари айни пайтда бу каби ўрганишларни туризм кадрларини тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртлари факультетларида ҳам олиб боришни режалаштирган.

Маданий мерос объектлари ҳақида илмий маълумотлар етарли эмас

Кўриниб турибдики, туризм соҳаси кадрларини тайёрлаш борасида муайян камчилик ва муаммолар мавжуд. Энг қизиғи, Ўзбекис­тон тарихи фани соҳа ўқув муассасаларида бошқа ўқув юртлари билан бир хил ҳажмда ўқитиляпти. Уларни ўрганиш жараёнида  масаланинг иккинчи тарафига ҳам эътибор қаратдик.

— Юртимизда бугунги кунда 7 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Уларнинг аксарияти ҳақида тарихий-илмий маълумотларга эгамиз, — дейди Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-
ишлаб чиқариш бошқармаси бўлим бошлиғи Алишер ¨ркулов. — Лекин, афсус­ки, айрим маданий ёдгорликлар ҳақида оғиздан оғизга кўчиб ўтган ривоят ёхуд афсоналардан бош­қа ҳеч нарса сақланмаган. Шу боис айрим обидаларни таништиришда фақат афсона ва ривоятлар билан чекланиб қолинмоқда. Бундай маданий мерос объектлари илмий тадқиқот ишлари олиб боришни тақозо этади.

Ҳозирги кунда мана шундай маданий мерос объектлари маълумотлар базаси яратилмоқда. Ушбу маълумотлар базасида илмий тадқиқотлар натижасида қўлга киритилган барча тарихий, илмий маълумотлар жой олиши кўзда тутилган. Илмий тадқиқот ишлари республикамизнинг барча ҳудудида олиб борилаяпти. Тадқиқотлар натижасида қўлга киритилган маълумотлар республикамиз ва хориждаги илмий-оммавий ахборот воситаларига мунтазам тақдим этилади. Ўйлаймизки, бу тадқиқот ишларидан сўнг барча маданий мерос объектлари ҳақида илмий асосланган хулосаларга эга бўламиз.

Кадрлар малакасини ошириш — муҳим вазифа

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг маълумотига кўра, туризм фаолияти субъектлари ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириши, тармоқ туризм фанларини ривож­лантириш мақсадида қўмита тузилмасида “Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази” давлат унитар корхонаси ташкил этилган. Гидлар ва йўриқчи-йўл бошловчилар уч йилда камида бир марта лицензияловчи орган, яъни мазкур марказнинг малака сертификатини олиши шарт. Ушбу марказ пойтахтимизда жойлашган бўлиб, унинг Хоразм вилоятида филиали мавжуд. Марказ вилоятларда профессор-ўқитувчилар билан биргаликда сайёр курслар ҳам ташкил этади.

Малака ошириш курслари ва шаҳарлар ҳақидаги маълумотларни марказ ўзининг расмий веб-сайти, Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси ҳамда барча тадбиркорларни электрон жўнатмалар орқали хабардор қилади. Малака ошириш курс­лари  ўн кун давом этади. Якунда туризм соҳаси кадрлари ва гидлар аттестациядан ўтказилади: имтиҳон топшириб, уч йилгача амал қилувчи малакавий сертификат ҳамда категория, экскурсия фаолияти ва муайян шаҳар кўрсатилган бейжикка эга бўладилар.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабр­даги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра,  2017 йилнинг 1 январидан бошлаб гидлар (экскурсия етакчилари), кузатиб борувчи-йўриқчилар фақат Ўзбекистон Респуб­ликаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бериладиган малака сертификатига эга бўлганидан кейин хизмат кўрсатиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Гувоҳнома битта шаҳарда (доимий яшаш жойи­да) фаолият юритиш учун берилади. Агар гид бошқа шаҳарларда ҳам (Самарқанд, Бухоро, Хива) фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлмоқчи бўлса, унда у ҳар бир шаҳар учун алоҳида бир ойлик курсларда ўқиши лозим.

Тегишли сертификат, бейжик ва патентсиз фаолият юритаётган гидларни аниқлаш юзасидан Давлат солиқ қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, маҳаллий ҳокимият ва “Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази” ДУК вакилларига сайёҳлик мавсумида рейдлар ўтказиш ваколати берилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий ва соҳавий интернет саҳифалари, шунингдек, ҳудудий бош­қармалари ва ваколатли вакиллари орқали шу соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлар (туроператор ва гидлар) билан амалдаги қонунга риоя қилиш лозимлиги ҳақида профилактика ишлари олиб боради, қонунбузарликка қарши кўриладиган чоралар ҳақида эслатмалар тарқатади.

Самарқандда гид-таржимонлар фаолияти қандай?

Фикримизни Самарқанд вилояти мисолида давом эттирамиз. Вилоятда 194 туристик компания фаолият юритмоқда. Шундан 90 таси сайёҳлик фирмаси, 104 таси меҳмонхона.

— Гидлик фаолиятини амалга оширишда уларнинг малакаси, дунёқараши, хорижий тилни пухта билиши муҳим аҳамиятга эга, албатта, — дейди  “СамИСИ Сайёҳ плюс тур” фирмаси директори Зуҳра Сатторова. — Фаолиятни амалга ошириш қоидаларига мувофиқ махсус сертификатга эга бўлган гидлар “Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш республика маркази” томонидан малака ошириш курслари ва аттестациядан ўтишлари белгилаб қўйилган. Аммо махсус ўқув курсларини битириб, сертификатга эга бўлган гидларнинг деярли 30-40 фоизи малака ошириш ва аттестациядан ўтмасдан фаолият юритмоқда. Бунинг олдини олиш учун қатъий назорат ўрнатиш лозим. Махсус бейжикка эга бўлмаган гидларнинг экскурсия олиб бори­­­ш­и­­­­­ни тақиқлаш вақти келди.

Маданий мерос объектларига киришни махсус ўрнатилган турникетлар орқали амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш зарур. Бу билан вилоятимизга ташриф буюраётган сайёҳлар сони бўйича тўлиқ маълумотга эга бўлишимиз мумкин. Сайёҳларга қулайликлар яратиш мақсадида тарихий обидаларга кириш чипталарини онлайн сотиш, аудио ва радио гид тизимини йўлга қўйишни таклиф қилган бўлардик.

Бугун Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва
Хоразм вилоятларида туризмга ихтисос­лашган коллежлар мавжуд бўлиб, уларда малакали кадрлар тайёрланмоқда. Бироқ коллежни тамомлаган ёшлар бу соҳада сертификатсиз фаолият юритиши мумкин эмас. Сертификат эса диплом олгандан сўнг 9 ой давомида Тошкентда малакасини ошириб келгандан кейин берилади. Бу ҳам ўзига хос бир жиддий муаммо. Бунда фақат молиявий имконияти етарли кишигина сертификат олиши мумкин. Ваҳоланки, ўз устида ишлайдиган, дунёқараши кенг, билими юқори, аммо молиявий имконияти етарли бўлмаган битирувчилар анчагина.

Биз сайёҳлик фирмамизга гидларни ишга қабул қилишда маълум бир мезонлар, яъни билими, малакаси, ўзини тутиши, муомала маданияти ва хизмат нархига аҳамият берамиз. Очиғини айтиш керак, бугун таржимонларнинг фаолиятини қониқарли деб бўлмайди. Улардаги билим ва малака кўнгилдагидек эмас. Аксарият гид-таржимонлар билан суҳбатлашсангиз, ўз устида ишламаслиги кўриниб туради. Баъзиларининг юртимиз тарихига оид билимлари етарли эмаслиги боис, сайёҳларнинг саволларига умуман нотўғри жавоб қайтариши ҳоллари кузатилади. Масалан, яқинда тарихий қадамжоларимиздан бирида бир таржимон хорижликларга рус тилида тарихимизни нотўғри талқин этаётганига гувоҳ бўлдим. Бу, албатта, кузатувчининг ғашини келтирадиган ҳолат, айниқса, шу соҳа вакили бўлса. Ёки меҳмонларга бўлар-бўлмас гап айтиш, обидаларимиз ҳақида ўзича афсоналар тўқиш ҳам гид-таржимонлар орасида кўп учрайдиган ачинарли ҳолатдир.

— Гидлар фаолияти ҳақида гап кетар экан, бу соҳадаги муаммоларга тўхталмасликнинг иложи йўқ, — дейди “СамИСИ Сайёҳ плюс тур”  оператори Азамат Сатторов. — Таржимонлар учун ўқув-қўлланмалар мавжуд эмас, қолаверса, уларни ўқитиш услуби ҳам замон талабларига жавоб бермайди. Сертификатга эга бўлмаган таржимонлар ваколатли ташкилотлар томонидан назорат қилиниши зарур. Улар бугунги кунда хорижлик меҳмонлар билан бемалол, ҳеч қандай ҳужжатсиз ишлашаяпти. Ваҳоланки, туристик фаолиятни лицензиялаш тартиби бор. Қолаверса, Самарқанд вилоятида тадбиркорларга туризм соҳаси фаолиятини лицензиялаш учун Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Туризм фаолиятини лицензиялаш  Комиссияси ишчи органига керакли ҳужжатларни тақдим этиш бўйича Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти минтақавий бўлими томонидан консультатив маслаҳатлар бериб борилмоқда.

Сайёҳлар фикри — холис фикр

Бирор масала юзасидан тўғри фикрни доимо холис ва бетараф инсон бергани маъқул. Шаҳарда фаолият юритаётган гид-таржимонлар ҳақида холис фикрни билиш учун сайёҳларга юзландик.

— Мен юртингизга бир неча бор келганман, — дейди швейцариялик сайёҳ Сара Фрай. — Таржимонларнинг малакаси, тил билишига эътирозим йўқ. Лекин баъзи бир масалаларда ўз фикримни билдирмоқчиман. Айрим гид-таржимонлар ўзларининг ташқи қиёфасига умуман аҳамият қаратмайди. Ахир бир юрт ҳақидаги қараш, энг аввало, унинг одамлари ҳақидаги тасаввурдан бошланади. Уларнинг исм-шарифи акс этган бейжиклари ҳам йўқ. Таржимонларнинг исм-шарифини айтиб мурожаат этишга қийналасан. Яна бир далил. Мен Самарқандга ҳар келганимда бир хил маълумотга эга бўламан. Яъни гидлар фақат бир хил маълумотларни так­рорлашади. Кейинги йилларда юртингизда жуда кўп ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бермоқда. Биз бу ҳақда ҳам билишни истардик.

— Бугун юртимизда зиёрат туризмини ривож­лантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, — дейди фарғоналик зиёратчи Муяссар Отажонова. — Фарғонадан
Самарқанднинг  муборак қадамжолари, тарихий обидаларини зиёрат қилиш учун келдик. Шаҳарнинг марказида жойлашган обидаларда зиёратчилар учун барча шароит яратилган. Аммо, биз бу тарихий обидалар билан бирга шаҳардан четда жойлашган “Ҳазрати Довуд” қадамжосини ҳам зиёрат қилишни ният қилган эдик. Аввало, зиёратгоҳни топиш осон бўлмади. Чунки зиёратгоҳнинг йўл харитаси йўқ экан. Унга боргунча бирорта ҳам йўл кўрсаткичи учрамади. Одамлардан сўраб-суриштириб етиб бордик. Бу биринчи муаммо.

Қадамжодаги кичик, ундан ичкарироқдаги улкан ғор ҳайратимизни оширди. Лекин унинг тарихи ҳақида ҳам жуда қисқа, ҳам ғайриилмий маълумот берилган. Ўқитувчи бўлганим боис буни дарров англадим ва дилим оғриди…

Хулосага ҳали бор…

Мухтасар айтганда, туризм соҳасини жадал ривожлантириш учун, аввало, соҳада кўринмасдек туюлган муаммоларни ҳал қилиш лозим. Биз бугунги кунда мавжуд бўлган муаммолар юзасидан мутахассислар ва сайёҳлар фикр-мулоҳазаларини жамоатчиликка ҳавола этдик, холос. Мулоҳаза ва хулоса қилиш, ушбу муаммоларни бартараф этиш ваколатли ташкилотлар зиммасидаги масала. Чунки, ички туризмни ривожлантирмасдан, соҳадаги кадрлар салоҳиятини юксалтирмасдан ёки маданий мерос объектлари ҳақида илмий асосланган маълумотларни шакллантирмасдан туриб соҳа ривожига эришиш қийин. Бу каби муаммоларни бартараф этиш бир жиҳатдан таржимон-гидларга ҳам боғлиқлигини унутмаслик жоиз.

Шоҳида ДАМАНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг