Ҳунармандлар мурожаатлари ўрганилмоқда

0
17

Мамлакатимизда халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантириш, соҳа вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида қадимий анъаналарни замонавийлик билан уйғунлаштирган ҳолда ҳунармандчиликнинг янгидан-янги турлари яратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 3 ноябрь куни ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқларнинг ижроси ўлароқ, Навоий вилоятида ҳам ҳунармандларга янги имтиёзлар берилмоқда, қулай шарт-шароит­лар яратилмоқда.

Навоий вилояти ҳудудида ҳунарманд­чилик азалдан ривожланган бўлиб, уста-ҳунармандлар авлодлари соҳа тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиб келаётир. Маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоятда ҳунармандликнинг 26 тури мавжуд бўлиб, айниқса, Нурота, Хатирчи, Қизилтепа ва Кармана туманларида кенг тарқалган. Вилоятнинг ҳар бир туман ва шаҳрида ҳунармандлар марказлари фаолият юритмоқда, бозорлар ва савдо мажмуаларида махсус савдо расталари ташкил этилган. Бу эса харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ёшлар, хотин-қизлар ва кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурида ҳам ушбу соҳа ривожига кўмаклашишга, партия электорати бўлган ҳунармандлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Партия вилоят кенгаши фаоллари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари бу борадаги мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, жойларда ҳунармандлар билан доимий мулоқот қилишга, уларнинг муаммоларини ўрганишга интилмоқда. Жумладан, халқ депутатлари Кармана туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Азамат Қувонов партия вилоят кенгаши ходимлари ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси туман бўлими вакиллари билан ҳамкорликда ҳудуддаги Талқоқ ва Мирсаид Баҳром номидаги маҳаллаларда бўлди. Улар мазкур маҳаллаларда ҳунармандчилик билан шуғулланувчи фуқароларнинг фаолияти, иш шароити, уларни ўйлантираётган муаммолар билан танишди, ҳунармандларнинг мурожаатларини тинглади.

Ўрганишлар давомида Талқоқ маҳалласида темирчилик билан шуғулланувчи Фахриддин Эшпўлатов иш фаолиятини кенгайтириш нияти борлигини, бунинг учун қўшимча жойга эҳтиёж сезаётганини айтиб,  маҳалладаги бўш турган эски бинолардан бирини ижарага олишда кўмак сўради. Унинг мурожаати юзасидан депутат Азамат Қувонов туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборди ва  ижроси назоратга олинди. Яқин фурсат ичида ушбу мурожаатнинг ижобий ечим топиши яна бир ҳунарманд фаолияти кенгайишига хизмат қилади.

Мирсаид Баҳром номидаги маҳаллада ганч ўймакорлиги билан шуғулланувчи Илҳом Кенжаев ганч ишлаб чиқариш учун каучукли қолипга эҳтиёж сезаётганини, ушбу маҳаллада тикувчилик билан шуғулланиб, миллий кийим-кечаклар савдосини йўлга қўйган Зилола Боймуродова имтиёзли кредит эвазига янги ускуналар сотиб олиш ва фаолиятини янада кенгайтирмоқчи эканини билдирди. Ушбу масалалар ҳам депутат назоратига олинди.

— Учрашувлар жараёнида кўплаб ҳунарманд­ларнинг иш шароитини ўргандик, мурожаатларини қайд этиб олдик, — дейди депутат Азамат Қувонов. —Биргина Талқоқ маҳалласи ҳудудида йигирмадан ортиқ ҳунарманд оила истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти ўз фаолиятини янада кенгайтириб, оилавий даромадини оширишни, янги иш ўринлари яратишни истайди. Бунинг учун албатта, алоҳида жой, янги дастгоҳлар, қўшимча маблағ керак бўлади. Уста-ҳунарманд­ларнинг шароитлари яхшиланиши, ўз навбатида, янги иш ўринлари ташкил этилишига ҳам замин яратади. Шу боис ҳам ҳудуддаги ҳунармандларнинг ҳар бир мурожаатини ўрганиб, турли ташкилотлар кўмагида уларга ижобий ечим топишга интилмоқдамиз. Зеро, бугун давлатимиз раҳбари раҳнамолигида соҳа ривожига, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга партиямиз ва биз депутатлар ҳам кўмакдош бўлишимиз зарур.

Юртимизда бой маданий мерос ва тарихий анъаналарни сақлаб қолиш ва кўпайтириш, миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ЎзМТДП дас­турий вазифалари билан уйғун ва ҳамоҳангдир. Бу жараёнда партия ташкилотлари ва депутатларнинг фаоллиги ва ташаббускорлиги партия электорати манфаатлари ҳимоясида муҳим ўрин тутади. Шу боис Навоий вилоятидаги партия ташкилотлари ва гуруҳлари ушбу соҳа ривожига, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ишларга доимий эътибор қаратади.

Шоҳиста МУСТАФОЕВА,
ЎзМТДП Кармана тумани
 кенгаши етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг