Иқлим ўзгаришлари ва истиқболдаги вазифалар: БМТнинг 23-конференциясида муҳокама қилинди

0
9

Сайёрамизда рўй бераётган глобал иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнлар ер юзидаги экотизим барқарорлиги, иқтисодиёт ривожи ва инсон саломатлигига жиддий путур етказади. Жаҳон метеорология ташкилотининг баёнотига кўра, бу йил инсоният тарихидаги энг иссиқ йиллардан бири бўлди. 2017 йилда ер юзида бўрон, сув тошқини, қурғоқчилик ва жазирама кўп бор рўй берди. Мазкур иқлим ўзгаришларининг барчаси атмосферага чиқарилаётган ис гази миқдорининг кескин ошиб кетгани, дарё ҳамда океан сувларининг оксидланиш даражаси юқори эканлиги билан боғлиқ.

Бу ҳақда шу йилнинг 6-17 ноябрь кунлари Германиянинг Бонн шаҳрида Фижи ороллари раислигида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгаришларига бағиш­ланган 23-конференциясида маълум қилинди. Унда иштирок этган иқлимшуносларнинг айтишича, сўнгги 10 ой давомида ер юзида глобал ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича 1,1 даражага кўтарилган. Бу ҳарорат ўзгаришини Европа, Шимолий Африка ҳамда Россия аҳолиси, айниқса, кучли ҳис этишди.

Дарҳақиқат, иқлим ўзгариши инсон фаолиятининг сайёрамиз табиий салоҳиятига салбий таъсири билан боғлиқ глобал муаммолар ичида етакчи ўрин эгалламоқда. Инсониятнинг табиат қонуниятларига амал қилмаслиги, табиий ресурслардан беаёв фойдаланиши, ер юзида ишлаб чиқариш суръатларининг кескин ортиши, транспорт воситаларининг кўпайиши ва бошқа кўплаб техноген ва антропоген таъсирлар натижасида атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидрид, метан ва азотнинг чала оксиди каби иссиқхона газлари қуёш энергиясининг ер сатҳида жамланиб қолишига, бу эса ўз навбатида, дунё об-ҳавосининг меъёридаги даражасидан ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

2015 йил 29 ноябрда Париж шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенциясининг 21-саммити бўлиб ўтган эди. Саммитнинг барча 195 иштирокчи давлат вакиллари икки ҳафта давом этган қизғин музокаралардан сўнг, 12 декабрь куни 2020 йилдан кейин иссиқхона газлари миқдорини камайтириш ҳамда глобал исишни бартараф этиш, углерод манбаи ўрнига қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг миқёсда фойдаланишга тезкорлик билан ўтиш юзасидан қатъий чора-тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи БМТнинг янги доиравий келишувини маъқуллади. Мазкур ҳужжат 2016 йилнинг 22 апрелида Нью-Йорк шаҳрида жойлашган БМТ штаб-квартирасида имзоланган. Иштирокчи давлатлар 2100 йилга қадар ҳароратнинг глобал исишини Целсий шкаласи бўйича 2 даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш мажбуриятини олди.

Ўрмонларнинг кесиб ташланаётгани, атмосферага чиқарилаётган ис гази, тупроқ, сув ва ҳавонинг ифлосланиши — буларнинг бари охир-оқибат “буғхона таъсири”ни юзага келтирди. “Буғхона таъсири” атмосфера ва дунё океанларида иссиқхона газлари — карбонат ангидрид, метан, сув буғлари миқдорининг ошиб кетиши туфайли юзага келади. У атмосферада қуёш иссиқлигини ўтказиб, унинг яна коинотга қайтиб кетишига йўл қўймайди. Аслида “буғхона таъсири” Ер юзасидаги энергиянинг фазога чиқиб кетишига тўсқинлик қилади ва сайёрамизни совуқ ҳаво оқимларидан ҳимоялайди. Бироқ борган сари саноатнинг тараққий этиши, атмосферада бу газлар тобора кўпайиб, керагидан ортиқ миқдорда тўпланишига олиб келади. Бу эса ҳаво ҳароратининг мунтазам ошиб боришига сабаб бўлмоқда.

Олимларнинг башорат қилишича, кейинги бир неча минг йил давомида ер юзидаги барча мавжуд ёқилғиларни ёқиш ҳисобига ундан ажралиб чиқадиган иссиқхона газлари денгиз сатҳининг 58 метрга кўтарилиши, Антарктида музликларининг бутунлай эриб кетиши, миллионлаб квадрат километр ер майдонининг сув остида қолиши ҳамда ҳаво ҳароратининг бир неча даражага кўтарилишига олиб келиши мумкин. Бу нафақат оқ айиқ, пингвин сингари совуқсевар жониворлар, балки бутун инсоният тақдирини ҳам хавф остида қолдиради деганидир.

Бугун олимлар атмосферада юзага келаётган бундай муаммоларга ечим топиш учун турли лойиҳаларни илгари сурмоқда. Улардан бири — кўкаламзорлаштириш аллақачон кенг татбиқ этилаётган усуллардан саналади. Яъни ис газини ютадиган дарахтлар ва гулларни экиш воситасида экологик барқарорликни таъминлашга киришилган. Шунингдек, ҳавони карбонат ангидриддан тозалашда муҳим аҳамиятга эга сув ости ўсимликлари яхши ўсишини таъминлаш учун океанларга минералларни сепиб чиқиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

— Ўрмонлар ис газини ютишдек мўъжизакор хусусиятга эга, — деди конференцияда Табиатни асраш бўйича халқаро уюшма бош директори Ингер Андерсен. — Бироқ биз бу жиҳатга етарлича эътибор қаратмаяпмиз. Ўрмонларни асраш ва тиклаш иқлим бўйича Париж келишувида назарда тутилган вазифаларнинг амалга ошишида муҳим аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, табиий ва инсоният томонидан яратилган боғ-роғлар захарли газларни ютиб, атмосферага кислород ишлаб чиқаришда муҳим манба саналади. Мутахассисларнинг фикрича, ўрмонлар экологик мувозанатни бир меъёрда сақлаб, атрофни тоза ҳаво билан узлуксиз таъминлайди. Ҳисоб-китобларга кўра, йил давомида бир гектар ўрмондаги ўсимлик­лар ҳаводаги 20-25 тонна турли заҳарли газни ўзига ютиб, 15-18 тонна кислород чиқаради.

Бонн шаҳрида ташкил этилган конференцияда иштирок этган экспертларнинг фик­рича, атмосферага ташланадиган заҳарли ташланмаларнинг миқдорини камайтиришда геоинженерия қўшимча восита бўлиши мумкин. Геоинженерия инсоният фаолиятининг нисбатан янги йўналиши бўлиб, сайёрамизда иқлим мувозанатини сақлаш, қуёш нурининг ерга ортиқча миқдорда тушишининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар мажмуидан иборат. Бугунги кунда олимлар бир қатор геоинженерлик лойиҳаларини таклиф этмоқда. Улардан бири ерга тушадиган ультрабинафша нурлари миқдорини камайтиришга қаратилган. Бунинг учун сайёрамиз атмосферасининг стратосфера қатламида аэрозол (мисол учун олтингугурт оксиди)ни сепиш орқали Ерни ортиқча нурланишдан ҳимоя қилиш мумкин. Шу билан бирга, бу лойиҳа турар жой биноларининг устини қуёш нурларини қайтарадиган материаллардан ясалган томлар билан ёпишни ҳам назарда тутади.

Бундан ташқари, Арктика музликлари эришини камайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳам мавжуд. Олимлар мазкур минтақада муз қатламларини муҳофаза қилиш сайёрамизнинг иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашмоқда. Арктика музликлари қуёш нурларининг ерга таъсирини акс эттирувчи бамисоли йирик кўзгу. Гап шундаки, Арктика музликлари остида жуда катта миқдордаги буғхона гази манбаи — метан захираси мавжуд. Арктикада музликларнинг ўпирилиб тушиши ва эриши, ўз навбатида, ана шу газларнинг ҳам “дарз” кетишига сабаб бўлади. Бу дунё иқлимига мисли кўрилмаган даражада таъсир кўрсатиши мумкин. Лойиҳа денгиз суви тез музлаш хусусиятига эга бўлмагани боис Арктика музликлари устидан чучук сув сепиш орқали уларнинг юқори қатламини мустаҳкамлашни назарда тутади. Шунингдек, мазкур ҳудудда аэрозол сепиш орқали муаммога ечим топиш мумкинлиги ҳам инкор этилмаяпти.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, дунё аҳолисининг учдан бир қисми узоқ муддат иссиқ ҳукмронлик қиладиган минтақаларда яшайди. Ўтган йили дунё бўйича 23,4 миллион киши табиат ҳодисалари туфайли ўз яшаш жойини тарк этган.

— Сўнгги уч йил ичида ҳаво ҳароратининг ошиши билан боғлиқ рекордлар қайд этилди, — дейди Жаҳон метеорология ташкилоти Бош котиби Петтери Таалас. — Осиёда ҳаво ҳарорати эллик даражадан ошди. Бундан ташқари, Кариб ҳавзаси ҳамда Атлантика океанида юзага келиб, Ирландияга қадар етиб борган рекорд даражадаги довуллар, миллионлаб одамлар азият чеккан муссон ёмғири, талафотли сув тошқинлари, Шарқий Африкада тўхтамаётган чўлланишнинг гувоҳи бўлдик.

Ташкилот раҳбарининг айтишича, сайёрамизда кузатилаётган бундай табиат ҳодисаларига сабаб бўлаётган асосий омилларни аниқлаш ва унга зарурий чораларни кўриш кечиктириб бўлмас вазифадир.

— Атмосферага ис гази ташланмаларини камайтириш, мослашувчанлик, молиялаштириш, ҳамкорлик ҳамда сиёсий етакчилар кўрсатадиган ёрдам иқлим ўзгаришлари билан курашишда асосий омиллардан саналади, — деди конференцияда сўзга чиққан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

БМТ Бош котиби конференция бежиз Фижи ороллари раислигида ўтмаётгани, иқлим ўзгаришлари, айниқса, орол мамлакатларига кўпроқ хавф солаётганини қайд этди. “Барчамиз иқлим ўзгаришларига биринчи бўлиб дуч келадиган кичик орол мамлакатлари овозига жўр бўлишимиз лозим. Фронтда олди қатордагилар биринчи бўлиб ўзи ўрнашган жойни бой берса, бу бутун бошли қўшиннинг мағлубиятидан дарак беради. Шундай ҳолат иқлим ўзгаришларига қарши курашиш жараёнида ҳам юз бериши мумкин” деди Антониу Гуттериш.

Унинг айтишича, сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатлар Париж келишувида назарда тутилган мажбуриятларга қатъий амал қилган тақдирда ҳам қўзланган мақсаднинг учдан бир қисмига эришилади, холос. Шу нуқтаи назардан Бош котиб маррани юқори олиш зарурлигини, 2100 йилга қадар ҳароратнинг глобал исишини Целсий шкаласи бўйича 2 даражадан паст ҳолатда ушлаб туриш учун “фақат олдинга қадам ташлаш” лозимлигини таъкидлади. Бундай натижаларга эришиш сиёсий етакчиларга ўз фуқаролари фаровонлиги учун қайғураётганини исботлаш учун ҳам яхши имконият эканини қўшимча қилди.

Конференцияда қарийб 25 минг киши иштирок этди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгаришларига бағишланган навбатдаги конференцияси 2018 йил Польшанинг Катовице шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг