Тарих кўзгуси, маданият хазинаси

0
15

Нидерландия — рассомлар мамлакати. Бу юртдан дунёга машҳур Рембрандт, Ян Стен, Якоб ван Рёйсдал, Питер де Хох, Ян Вермеер сингари рассомлар етишиб чиққан. Уларнинг энг сара асарлари Рейксмузеум музейида сақланади.

Амстердам шаҳрида жойлашган Рейксмузеум дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган санъат масканлари йигирматалигидан ўрин олган. Музейда расмлар, ҳайкаллар, безак санъати намуналари, археологик топилмалар, фотосуратлар сақланади. Бироқ музей коллекциясининг асосий қисми XV—XIX асрларга оид нидерланд рассомларининг тасвирий санъат асарларидан иборат.

Музейни 1808 йилда Гаага шаҳрида француз императори Наполеон Бонапартнинг укаси, Голландия қироли Людовик Бонапарт ташкил этган. У кейинчалик Амстердамга кўчирилади, аввал Қироллик, сўнг Триппенхюс саройида фаолият кўрсата бошлайди. Музейнинг Амстердам шаҳрида жойлашган ҳозирги биносини 1877-1885 йилларда меъмор Питер Кёйперс бунёд этган. У расман янги бино қурилганидан сўнг, 1885 йилнинг 13 июлидан бошлаб фаолият кўрсата бошлади.1890 йилда музей асосий биносининг жануби-ғарбий қисмида голланд меъморчилигига хос услубда яна бир бино қурилади. 2003-2013 йилларда испан меъморлари Антонио Круз ҳамда Антонио Ортис лойиҳаси асосида музейда кенг кўламли тиклаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Ана шу муддат ичида унинг экспонатлари вақтинчалик бошқа жойда намойиш этилади. Таъмирлаш ва қайта тиклаш ишларидан сўнг музей яна тўлиқ фаолият кўрсата бошлади.

Рембрандтнинг “Тунги назорат” асари музейдаги энг машҳур экспонат саналади. Мазкур асар 1906 йилда мусаввир таваллудининг 300 йиллиги муносабати билан ташкил этилган алоҳида залдан ўрин олган. Асар 1642 йилда нидерланд армиясининг қуролли рота капитани Франс Баннинг Кок буюртмаси асосида чизилган. Унда бир гуруҳ мушкетёрларнинг қоронғу ҳовли аркасидан қуёш қия нур сочаётган майдончага чиқиб келаётгани акс этган. Асарнинг марказий қисмида буюртмачининг ўзи тасвирланган. Рембрандт асарда ўзига хос жонли манзара ярата олган. У капитан Баннинг Кокнинг лейтенант Рёйтенбюргга буйруқ берганидан сўнг юз берган ҳолатни акс эттирган.  Буйруқдан сўнг ҳарбий хизматчи байроқ кўтаряпти, чолғучи барабан чаляпти. Бундан безовта бўлганиданми ёки бошқа сабабданми ит  ҳураётгани, боланинг югуриб кетаётгани билан боғлиқ жонли манзара ижодкор томонидан маҳорат билан тасвирланган.

Рембрантнинг 1665 йилда чизилган “Яҳудий келинчак” деб номланган асари ҳам музейнинг нодир экспонатларидан саналади. Бу хийла жумбоқли асар бўлиб, унда айнан кимлар тасвирлангани ҳали-ҳамон мавҳум бўлиб қолмоқда. Асарга рассомнинг ўзи эмас, 1825 йилда амстердамлик коллекционер Ван дер Хоп ном берган. Унинг тахминига кўра, асарда яҳудий келинчакка отаси тўй оқшомида маржон совға қилаётгани акс этган. Бироқ  санъатшунослар бу тахминни рад этади. Уларнинг фикрига кўра, асар қаҳрамонларининг либослари анча қадимий, шу боис унда “Инжил” китобида келтирилган персонажлар тасвирланган бўлиши мумкин. Асарнинг рентгенограммасини тадқиқ этган санъатшунослар унинг дастлабки вариантида  номаълум қиз қўлида гул солинган сават кўтарган ҳолат тасвирланганини аниқлашга муваффақ бўлишди, холос. Машҳур рассом Винсент Ван Гог унга юқори баҳо бериб, “мен бу асарга қўлимда бир бурда нон билан икки ҳафта термулиб ўтириш учун ҳаётимнинг ўн йилидан воз кечишга тайёрман”, деб айтган.

Музейда сақланаётган яна бир машҳур экспонат нидерланд рассоми Ян Вермеерга тегишли бўлиб, “Ошпаз аёл” деб номланади. Унинг қайси йилда чизилгани маълум эмас. Санъатшунослар 1658-1661 йилларда чизилганини тахмин қилмоқда. Асарда ошпаз аёлнинг кўзадаги сутни идишга қуяётгани акс этган. Олиб борилган тадқиқотлардан шу нарса маълум бўлдики, рассом даставвал ушбу асарда тасвирланган деворда ниманидир чизган. Бу тахминан харита бўлиши мумкин. Бироқ Вермеер нима учун деворни бўш қолдиргани  ҳозирча номаълум. Эҳтимол рассом ўз асарини ортиқча безаклардан ҳоли, оддий бўлишини хоҳлагандир.

Ян Вермеер ижодига мансуб яна бир машҳур асар “Севги мактуби” деб номланади. Ўзига тўқ хонадонда узоқ кутилган воқеа юз берган — севги мактуби келган. Асарда уй бекаси ҳамда оқсоч тасвирланган. Мактуб табиийки уй бекасига келган. Бироқ бундан улар турлича ҳолатга тушган: хизматкор бекасининг севгилиси унга хат юборганидан, бу уни тушкун кайфиятдан халос этишидан хурсанд. Беканинг кўнгли эса бу мактубни жуда узоқ кутганиданми, ҳали у қадар ёришмагани яққол акс этган.

Яна бир нидерланд рассоми Франс Халснинг 1662 йилда чизилган “Исаак Масса ҳамда аёлининг оилавий портрети” асари музейнинг диққатга сазовор экспонатларидан ҳисоб­ланади. Шунингдек, Питер де Хохнинг “Омборхонадаги аёл ва қизча”, Якоб ван Рёйсдалнинг “Вейк-бей-Дюрстеддаги тегирмон”, Ян Стенинг “Қафасдаги тўтиқуш” каби машҳур асарлари ҳам музей экспозициясидан ўрин олган. Бартоломеус ван дер Гельст, Ян ван Скорел сингари ижодкорларнинг асарлари ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотади. Бундан ташқари, музейда Пьеро ди Коэимо, Эль Греко, Ван Дейк, Франсиско Гойя сингари таниқли хорижлик мусаввирларнинг ҳам энг сара асарлари ўрин олган.

Рейксмузеумга кириш катталар учун 17,50 евро этиб белгиланган. Ўн саккиз ёшга тўлмаганлар эса музейни бепул томоша қилиш имкониятига эга.

Ш. ВОҲИДОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг