Буюк мерос — маърифатли келажак пойдевори

0
44

Мамлакатимиз тарихини чуқур ўрганиш, маълумотларни илмий асос­лашда ўша даврга тегишли асори-атиқалар, қўлёзмалару тошбитикларнинг аҳамияти катта. Тарихнинг аччиқ ҳақиқати шуки, халқимизнинг бу каби нодир маданий мерос ёдгорликларидан катта қисмини хорижлик тадқиқотчилар олиб кетган, улар бугун халқаро музейларнинг энг ноёб экспонатларига айланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини тарғиб этиш, шу асосда юртдошларимиз, аввало, ёш авлодни халқимизнинг буюк маънавий меросига ҳурмат, она юртимизга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ишларнинг натижадорлигини тубдан ошириш бўйича долзарб вазифаларни самарали ҳал этишга киришилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази ташкил этилди. Зеро, тарихни чуқур ўрганиш ва тарғиб қилиш ёшларни тарихий анъана ва урф-одатларга садоқат, аждодлар меросига ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг “Ўзбекистон маданий мероси” медиа лойи­ҳаси доирасида “Замонлар чорраҳаси: ўтмишнинг буюк мероси — маърифатли келажак пойдевори” халқаро медиа-форуми ҳам айни шу мавзуга бағишланди. Унда Россия, Канада, Италия, Буюк Британия, Ҳиндистон,  Бельгия, Нидерландия,
Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Туркия, Греция, Япония, Озарбайжондан келган таниқли олимлар, халқаро музей ва илмий-тадқиқот институти вакиллари, илмий журналлар муҳаррирлари,  ЮНЕСКО ва ICOMOS (Меъморий ёдгорлик ҳамда аҳамиятга молик жойларни сақлаш халқаро кенгаши) ташкилоти аъзолари, Ўзбекистоннинг маданий меросига бағишланган кўп сонли китоб ва нашрлар муаллифлари ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Медиа форумни ўтказишдан мақсад — Ўзбекистонда ва хорижда юртимизнинг маданий меросини кенг тарғиб қилиш, ўзбек халқининг анъаналари ва интеллектуал меросини оммалаштириш, халқаро майдонда мамлакат имижини шакллантириш ҳамда Ўзбекистоннинг бой туристик салоҳиятини намойиш қилишдан иборат. Асосий янги­­лик — “Шарқ ёзма ёдгорликлари дурдоналари” номли янги туркум тақдимоти ўтказилди. Яъни “Меърожнома”, “Катта Лангар
Қуръони”, “Девони Ҳусайн Бойқаро”, “Равзат ус-Сафо”, “Темур тузуклари” каби бебаҳо қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларининг Ўзбекистонга қайтарилиши тадбирнинг муҳим воқеаси бўлди. Аҳамиятлиси, мазкур нусхалар аслидан фарқ қилмайди, олтин қопламали қоғозда битилган.

Форумда хорижда сақланаётган Ўзбекистон қадимий буюмлари коллекцияларига бағишланган “Дунё тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси” тўпламининг 6-10-жилд китоб-альбомлари ҳамда уларнинг иловаси сифатида яратилган ҳужжатли фильмлар намойиш қилинди.

Тўпламнинг олтинчи жилди ўзбек мусиқа меросига бағишланган. Ушбу китоб-альбом  ҳарбий капельмейстер ва мусиқа этнографи Август Эйхгорннинг мусиқа асбоблари коллекцияси тўпламидаги ёзувларига асос­ланган. Унда Ўзбекистон мусиқа асбобларининг бронза давридан бошлаб (эрамиздан аввалги III минг йилликлар) ҳозирги кунгача бўлган тарихий тавсифи баён қилинади. Ўзбек миллий мумтоз мусиқалари ёзилган диск китобга илова қилинган.

Еттинчи тўплам Россия Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари институтига бағишланиб, унда Абу Райҳон Берунийнинг “Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар” асари, Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шерозий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Машраб, Огаҳий ва бошқа муаллифлар асарлари келтирилган.

“Дунё тўпламларида Ўзбекистон маданий мероси”нинг саккизинчи тўплами Давлат Эрмитажига бағишланган бўлиб, унда Ўзбекистон ҳудудидан топилган ноёб буюмлар ҳақида маълумотлар келтирилган. Мазкур альбомда эрамизнинг I асрига тегишли машҳур Айритом битиги сингари тош битикка ўхшаш камёб топилмалар борасида сўз боради. Улар орасида ўрта асрларга тегиш­ли Тупроққалъа, Панжикент ва Варахшадан топилган кам учрайдиган маҳобатли ҳайкал-безаклар ҳам мавжуд. Қачонлардир Шимолий Бақтрия ибодатхоналарини безаган тош битиклар бугун Давлат Эрмитажида сақланмоқда.

Тўққизинчи тўплам Игорь Витальевич
Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейидаги ашёлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Унда қадимги Хоразм маданиятига тегишли буюмлар, Қорақалпоғистонда жойлашган қадимги ва ўрта асрларга оид қалъа ҳамда шаҳарчалардан топилган археологик ёдгорликлар ҳақида маълумотлар киритилган. Шунингдек, альбомда қадимги Хоразм маданиятининг ноёб намуналари ҳам мавжуд.  Ҳайкаллар, бадиий металл, заргарлик тақинчоқлари, либослар ва уй-рўзғор буюмлари шулар жумласидандир. Келтирилган айрим тасвирий санъат намуналари, айниқса, таниқли рассомларимизнинг илк ишлари фақат Қорақалпоғистон давлат санъат музейида бўлиб, қимматли экспонат ҳисобланади ҳамда дунё ранг тасвири тўпламининг “олтин фонди”га киритилган.

Тўпламнинг ўнинчиси Москва музейларида сақланаётган Ўзбекистон қадимий буюмлари коллекциясига бағишланган. Китобга Давлат тарихи, Бутунроссия амалий безак ва халқ санъати музейлари экспонатлари киритилган.

Форумда тўпламни яратишда ижодий жамоага раҳбарлик қилган, илмий тадқиқотлар олиб борган хорижий олимлар ва нашриёт вакилларининг ҳар бир тўплам ҳақида алоҳида маърузалари тингланди.

Дастлабки беш тўплам жорий йилнинг май ойида ўтказилган “Ўзбекистон маданий мероси — халқлар ва давлатлар ўртасидаги мулоқотга йўл” халқаро конгрессида тақдим этилган эди. Улар “Шарқ давлат музейи тўплами” (Москва, Россия), “Россия этнография музейи” (Санкт-Петербург, Россия), “Третьяков давлат галереяси тўплами” (Мос­ква, Россия), “Ўзбекистон каштачилиги ва гиламлари хорижий тўпламларида”, “Алишер Навоий асарлари XV–XVI асрлар китобат санъати дурдоналарида” (Россия Миллий кутубхонаси тўпламидан, Санкт-Петербург, Россия) каби китобларни ўз ичига олган.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекистон маданий мероси” медиа лойиҳаси доирасида ўтказилаётган форумлар юртимиз маданий меросига тегишли асори-
атиқалар, қўлёзма ва тошбитикларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш, фундаментал тадқиқотлар ва илмий изланишлар учун манба бўлиб хизмат қилади. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар юртимиздаги илмий-тадқиқот муассасаларида қўлёзмаларни сақлаш, мавжуд фондларни бойитиб бориш, тарихий манбалар билан ишлаш учун маҳаллий ва хорижий тадқиқотчиларга қулай шароитлар яратишда ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Бундан ташқари, тарихий-маданий меросимиз намуналарини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон илм-фани ва цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини тарғиб этиш, шу асосда юртдошларимиз, аввало, ёш авлодни халқимизнинг буюк маънавий меросига ҳурмат, она юртга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялашга қаратилган ишлар самардорлигини оширади.

Александр ВИЛЬГЕЛЬМ,
“Muller&Schindler” нашриёти вице-президенти:

— Нашриётимиз 50 йилдан бери фаолият юритиб келади. Асосан, қадимий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини чоп этамиз. Шу кунга қадар Европа ва араб дунёсига тегишли қўлёзмалар нусхаларини тайёрлаганмиз. Бугунги форумда Ўзбекистонга тегишли тарихий қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини яратиш орқали иштирок этяпмиз.

Биламизки, дунё бўйлаб Ўзбекистонга тегишли юзлаб қўлёзмалар мавжуд. Уларни олиб келиш кўп маблағ ва вақт талаб этади. Ўйлашимча, қўлёзмаларни асли бўлмаса-да, уларнинг нусхаси берилиши юртингиз аҳолиси ва илм аҳли учун катта имкониятлар эшигини очади. Айниқса, соҳани ўрганишни истаган ўқувчилар, талабалар, профессорларга қўл келади. Чунки нусхаларнинг аслидан ҳеч бир кам жойи йўқ. Ўзбекистоннинг ўз тарихини, маданий меросини йиғиш, аҳоли орасида тарғиб қилиш каби саъй-ҳаракатлари мени хурсанд қилди. Бу мамлакат ўзининг миллийлигини, анъаналарини, ўзлигини янада мустаҳкамлаши давлатни ривожланиши ва халқаро майдондаги имижи ижобий шаклланишига хизмат қилади.

Ольга ВАСИЛЬЕВА,
Россия Миллий кутубхонаси
Шарқ фонди сектори қўлёзмалар бўлими раҳбари:

— Куни кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида бўлдим. Мени ўқув залларининг барчаси ёшлар, талабалар билан гавжумлиги ҳайратлантирди. Бугунги тезкор даврда бу жуда камёб ҳодиса. Россия ёки Европанинг бошқа мамлакатларидаги кутубхоналарда бундай ҳолатни учратиш қийин. Чунки замонавий ёшлар интернет билан андармон бўлиб қолди. Нега деганда барча зарур маълумотларни исталган тилда интернетдан топса бўлади. Албатта, бу ҳам ёмон эмас. Лекин китоб ўқиш — бу интернетдан кўра кўпроқ билим беради, инсонни ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайди.

Санкт-Петербургдаги Россия Миллий кутубхонаси ўқув залларида, одатда, илм билан машғул инсонлар, олимларни кўришингиз мумкин. Ўзбекистонда эса аксинча. Бу мамлакатингизда янги авлод шаклланаётгани, ёшлар билим олишга интилаётганини англатади. Мен 40 йиллик кутубхоначилик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бу ўта муҳим ва, ўз навбатида, истиқболли ҳодиса. Демак, ёшлар қатламида китоб ўқиш кўникмаси шакл­ланган. Биз уларни, бемалол, йўқотилмаган ёшлар, деб аташимиз мумкин. Биз яратган тўпламлар ва бугунги форумда тақдим этилган китоблар ҳам Ўзбекистон бўйлаб музейлардан эмас, кутубхоналардан жой олса нур устига нур бўлар эди. Чунки музейда китобнинг бир-икки саҳифасини варақлайсиз, томоша қиласиз холос, лекин ундан фойдалана олмайсиз. Кутубхоналарда эса барча қизиқувчилар ушбу китобларни ўқиши, ўрганиши мумкин. Китоб ўқишни канда қилмайдиган ёшлар учун бу катта совға бўларди.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг