“Мамлакатни иқтисодий ривожлантиришда менинг ўрним”: мазкур мавзудаги тадбир хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилди

0
27

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Жиззах вилоят  кенгаши “Аёллар қаноти” ташаббуси билан Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги мактаб-интернатда “Мамлакатни иқтисодий ривожлантиришда менинг ўрним” мавзусида амалий тадбир ташкил этилди. “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, “Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда партия фаоллари, ҳудуддаги халқ усталари, ҳунармандлар, мусаввирлар, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари иштирок этди.

19 ноябрь – Халқаро тадбиркор аёллар куни  муносабати билан ўтказилган тадбир иштирокчилари дастлаб давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов, халқимиз эъзоз­лаган адабиёт намоёндалари Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳайкаллари пойига гул қўйди.

Тадбирда партия фаоллари сўзга чиқиб, юртимизда ҳунармандчилик, касаначилик, оилавий тадбиркорлик фаолияти ривожланиб бораётгани, соҳа вакиллари, айниқса, ҳунарманд ва тадбиркор аёлларга кенг қулайлик ва шарт-шароитлар яратилаётганини қайд этдилар. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қатор фармон ва қарорлари муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидланди.

— Бугунги ўзбек аёли фақатгина уй бекаси эмас, балки оила юмушлари, фарзандлар тарбиясидан ортиб, барча жабҳада ўз маҳорати ва иқтидорини намоён қилиб, мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшаётгани кишини қувонтиради, — деди ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони етакчи мутахассиси Шафоат Мусаева. — Ҳунарманд ва тадбиркор хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Зеро, партия сайловолди Платформасида аҳолининг электорат қисми бандлиги, биринчи навбатда, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида ҳунармандчилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, уларни иш билан таъминлашни кенгайтиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга кўмаклашиш вазифалари белгиланган бўлиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг бу борадаги саъй-ҳаракатлари ушбу дастурий вазифалар ижросига хизмат қилади.

Тадбирда таъкидланганидек, бугун хотин-қизлар ташаббускорлиги асосида марказ ва чекка ҳудудларда замонавий хизмат кўрсатиш инфратузилмаси яратилиб, гўзаллик салонлари, савдо дўконлари, нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехлари, тикувчилик корхоналари фаолияти тизимли йўлга қўйилган. Айниқса, жорий йилда бу борадаги ишлар кўлами янада кенгайди. Бу йўналишдаги ишларда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳам ҳисса қўшиб, ўзининг биргина “Банк кредитлари — ҳунармандларга” лойиҳаси доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга, оилавий тадбиркорлик ва миллий ҳунармандчиликни ривожлантиришга кўмаклашиб келмоқда.

Амалий тадбир давомида соҳадаги мавжуд ютуқ ва камчиликлар, ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган ғовларни бартараф этиш, уларни тадбиркорликка янада кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка оид қонунлар, ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган хотин-қизларнинг бизнес-режаларини тайёрлаши, зарур ахборотга эга бўлиш борасидаги кўникмаларини ҳамда ҳуқуқий билимларини бойитишда муҳим ўрин тутади. Тижорат банклари таклиф этаётган банк хизматлари, имтиёзли кредитлар олиш юзасидан тавсиялар берилди.

Тадбирда ҳунармандлар ва тадбиркорларнинг маҳсулотлар кўргазмаси, бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди. Якунда “Энг яхши ҳунарманд”, “Энг яхши рассом”, “Энг яхши тадбиркор” номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Улуғбек МУСТАФОЕВ,
ЎзМТДП Жиззах вилоят
кенгаши матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг