Партия кўмагида муаммоларга ечим топилмоқда

0
23

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда барча тармоқдаги муаммоларни тез ва самарали ҳал қилишнинг янги ва замонавий механизмини ҳаётга татбиқ этиш имконини бераётир.

Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилгани, шу жумладан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси тизимида жисмоний ва юридик шахслар билан ишлаш сектори фаолият юритаётгани,  жойларда ўтказилаётган очиқ мулоқот ва сайёр қабуллар ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

ЎзМТДП Наманган вилоят ташкилотларида ҳам халқ билан очиқ мулоқот йўлга қўйилган. Ариза, шикоят ва таклифларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва ўрганиш аҳолини партияга тобора яқинлаштираётир, ишончини оширмоқда.

— Партия ташкилотимиз фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масала ва муаммоларни ўрганиш, уларнинг ечим топишига яқиндан кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратмоқда, — дейди ЎзМТДП Наманган вилоят кенгаши ижроия қўмитаси девони раҳбари Ғайратжон Тўйчибоев. — Жорий йилда барча даражадаги партия ташкилотларимизга 222 мурожаат келиб тушди. Шу жумладан 86 мурожаатда кўтарилган масала  жойида ижобий ҳал этилди, 139 мурожаат юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиб, ижроси назоратга олинди. Шунингдек, 51 мурожаат бўйича ҳуқуқий тавсия ва тушунчалар берилди. Август ва сентябрь ойларида бўлиб ўтган партия вилоят кенгашининг сайёр қабулларида 110 дан зиёд масалалар юзасидан оғзаки ва ёзма мурожаатлар қабул қилинди. Шундан 9 таси бандлик, 55 таси ичимлик суви, табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришдаги муаммолар, 4 таси тадбиркорлик ва кредит, 7 таси уй-жой, ер, 17 таси ижтимоий ва соғлиқни сақлаш, 20 таси эса бошқа соҳаларга оид масалалардир.

Хусусан, Норин тумани Фурқат маҳалласида ўтказилган сайёр қабулда фуқаро Машҳура Муродова узоқ йиллар халқ таълими тизимида самарали меҳнат қилган онаси ҳозирда юра олмаслиги, I-гуруҳ ногирони экани сабабли ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезаётганини айтиб, амалий ёрдам сўради. Учрашувда берилган ваъдани бажариш, мурожаат ижобий ечим топиши учун ЎзМТДП вилоят кенгаши Ижроия қўмитаси девони раҳбари Ғайратжон Тўйчибоев, туман партия ташкилоти раиси Мансурбек Мадиёров Мўътабархон ая Муродованинг хонадонига келиб, ногиронлик аравачасини топширди.

Бундай эътибор ва ғамхўрликдан кўзлари севинч ёшига тўлган фахрий педагог асосий электорати бўлган зиёлиларни мунтазам равишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётгани учун “Миллий тикланиш” демократик партияси ходимларига миннатдорлик билдирди.

Поп тумани Ғурумсарой қишлоғидаги сайёр қабулда ҳунарманд, “Ташаббус” респуб­лика кўрик-танлови ғолиби, ЎзМТДП фаоли Ваҳобжон Буваев ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда кулолчилик мактабини ташкил этиш мақсадида ер майдони ажратилишида амалий ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилди. Туман партия ташкилоти раиси Умида Сайфиддинова мазкур мурожаатни ўрганиб, туман ҳокимига ариза билан мурожаат этган. Туман архитектура бўлимидан маълум қилишларича, ҳунармандга туман ҳокимлиги захирасидаги ерлардан жой ажратилиши белгиланди.

Тумандаги Имон ота маҳалласида истиқомат қилувчи Ғанижон Исломов аҳолини суюлтирилган газ баллон билан таъминлашда муаммолар юзага келаётгани, бу борада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман партия ташкилотига мурожаат қилди. ЎзМТДП туман кенгаши аралашувидан кейин масала ижобий ҳал қилиниб, айни вақтда мазкур маҳалладаги хонадонларга туман ҳудудий газ таъминоти корхонаси белгиланган муддатда, яъни бир ойда икки марта газ баллонларини етказиб бермоқда.

Уйчи тумани Пастгузар маҳалласида яшовчи Роҳатхон Мамасолиеванинг партияга қилган мурожаатига кўра, ичимлик суви қувурлари тешилиб қолиши натижасида маҳалла йўлларини сув босган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Фазлиддин Муҳиддинов ва туман партия ташкилоти раиси Шавкатжон Ваҳобов ушбу масалани ўрганиб, туман “Сувоқава” ишлаб чиқариш корхонаси мутасаддиларига депутатлик сўрови юборди. Айни пайтда мазкур мурожаат юзасидан ҳудудда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мингбулоқ тумани Бирлашган маҳалласида истиқомат қилувчи Дилдора Тўйчиева шу йил Наманган муҳандислик-технология институтини менежмент-технолог муҳандис мутахассислиги бўйича тамомлади. Унинг бир нечта идорага иш сўраб қилган мурожаати самара бермади. Ҳудудда туман партия ташкилотининг ўтказган сайёр қабули давомида фуқаро ушбу масалада амалий ёрдам сўради. Мазкур масала юзасидан ЎзМТДП туман кенгаши раиси Исломжон Йўлдошев туман бандликка кўмаклашиш марказига хат юборди. Натижада Дилдора “Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти туман бўлимига ишга қабул қилинди.

Чуст туманида ўтказилган сайёр қабулда Резаксой маҳалласи ёшлик кўчасида яшовчи фуқаро Шоҳида Нишонова хонадонидаги электр ҳисоблагич носозлиги, уни ўрнатишда муаммолар юзага келаётганидан шикоят қилиб, партия томонидан ёрдам кўрсатишларини сўради. Туман партия ташкилоти раиси Илҳомжон Бурхонов, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Жасур Йўлдошевнинг ташаббуси билан муаммо ўз жойида ижобий ҳал этилди. Яъни хонадонга белгиланган тартибда электр ҳисоблагич ўрнатилди.

ЎзМТДП Наманган шаҳар кенгаши қабулхонасига мурожаат билан келган Раънохон Ҳасанова Янги ҳаёт маҳалласида истиқомат қилади. Унинг қарамоғида тўрт нафар боқувчисини йўқотган вояга етмаган фарзанди бор. Фуқаро ўз аризасида саломатлиги ёмонлашгани сабабли даволаниш ва тиббий кўрикдан ўтишда қийналаётганини баён қилган. Шаҳар партия ташкилоти ҳамда халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги
ЎзМТДП депутатлари саъй-ҳаракати билан фуқаро вилоят марказида жойлашган “Наманган тиббий диагностика” марказида бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада даволаниш учун навбатга ёзилди.

ЎзМТДП ташкилотларига ўзларини ўйлантираётган  муаммоларини бартараф этиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш йўлида мурожаат этаётган фуқаролар талаби қисқа вақтда самарали ҳал этилмоқда. Инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган бундай амалий ва хайрли ишлар, ўз навбатида, одамларнинг ўз ҳаётидан рози яшаши, қолаверса, “Миллий тикланиш” демократик партиясига бўлган ишончи ортишига хизмат қилаётир.

Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг