Авф — инсонпарварликнинг ёрқин ифодаси: у мамлакатимиз тарихида илк маротаба татбиқ этилди

0
145

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ва янгиланишларнинг асосида инсонпарварлик, инсон ҳаёти, унинг эркинлиги, шаъни, кадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқларини олий қадрият деб тан олиш каби умуминсоний ва конституци­я­вий тамойиллар мужассам. Ушбу тамойилларнинг амалда таъминланиши инсон ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳаётий ифодасидир.

2017 йил 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддасида белгиланган ваколатдан фойдаланган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан авф этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Бу фармон халқимизга хос кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Билиб-билмай қонунни бузган, бироқ ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаган ва тузалиш йўлига ўтганлигини қатъиятлик билан намоён қилган шахсларга ушбу фармон асосида жамият ва ўз оиласи даврасига қайтиш имкони берилди.

Мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2 минг 700 нафар маҳкум, шу жумладан жазони ижро этиш калонияларидан 956 нафар турли шароитлар туфайли жиноят содир этган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, яшаш жойи ва жазони ижро этиш муассасасида ижобий тавсифланган шахслар авф этилди.

Мустақил Ўзбекистон тарихида ҳар йили амнистия тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинган ва шахслар
амнистия актига мувофиқ жазо ёки жавобгарликдан озод қилинган. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: амнис­тия акти ва авф этиш ўртасида қандай фарқ мавжуд?

Амнистия тўғрисидаги актда фақат жиноят турлари кўзда тутилиб, озодликка чиқариладиган шахслар амнис­тия тўғрисидаги ҳужжат ижросини таъминлаш жараёнида аниқланади. Яъни, амнистия озодликка чиқариладиган шахсларнинг аниқ гуруҳини белгилайди. Амнистия актидан фарқли равишда, авф этиш масаласини ҳал этишдан олдин ҳар бир маҳкумнинг шахси, улар томонидан содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этилиш ҳолатлари ва оқибатлари, етказилган зарарнинг қопланганлиги, шунингдек, жабрланган томон ва жамоатчилик муносабатлари ҳар томонлама пухта ўрганиб чиқилади.

Мазкур фармоннинг қабул қилинишида Президентимизнинг 2017 йил 29 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни авф этиш ҳақида материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилганини таъкидлаш жоиз. Ушбу фармойиш билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори раҳбарлигидаги жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия тузилди ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, бошқа жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Мазкур ишчи гуруҳлари Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти ҳузуридаги Авф этиш масалалари бўйича комиссия билан ҳамкорликда жойларга чиқиб, ҳар бир маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди. Шунингдек, ўрганиш жараёнида маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига, унинг ўз қилмишига чин кўнгилдан пушаймонлигига, жиноят натижасида етказилган зарарнинг қопланганлиги, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам иноабатга олинди.

Ушбу фармон билан авф этилган маҳкумлар ўз оиласига ва жамиятга қайтиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлиш имконияти яратилди. Бу эса давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар инсонпарварлик тамойилига асосланганлигини кўрсатувчи яна бир ёрқин далилдир.

Инсон ҳаёти, қадр-қиммати баланд бўлган юртда тинчлик-осойишталик, бирдамлик ва меҳр-оқибатлилик устувор бўлади. Биз депутатлар Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган ана шундай инсонпарварлик сиёсатини, мазкур фармон аҳамиятини кенг тарғиб қилишда фаол иштирок этишимиз зарур. Айниқса, ушбу фармон мазмун-моҳияти Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида белгиланган кечиримлилик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат каби қадриятлар устуворлигига эришиш каби мақсад-вазифалар билан муштараклиги парламент қуйи палатасидаги партия фракцияси аъзолари зиммасига катта масъулият юклайди.

 Шерзод ТЎХТАШЕВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг