Боланинг бегонаси бўлмайди

0
23

2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида имконияти чекланган болаларни жамиятга тўлиқ ва самарали жалб қилиш асосий вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Республика болалар ижтимоий мослашув маркази Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

Назария ва амалиётнинг ўзаро уйғунлиги Рес­публика болалар ижтимоий мослашув маркази фаолиятида ҳам ўз аксини топган. Марказ ақлий ривожланишида нуқсони бўлган ва сурункали хасталикларга чалинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларнинг муаммоларини ўрганиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келмоқда.

— Ҳар бир бола ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, давлатимиз эътибори ва халқимиз меҳридан четда қолмайди, — деди Республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори Васила Алимова. — Марказимиз “Сен ёлғиз эмассан” жамғармаси, мутасадди вазирликлар ҳамда хорижий ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари билан ҳамкорликда болаларни ижтимоий ҳимоялаш тизимини ривожлантириш мақсадида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келаётир. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2012 йилдан “Болага табассум улаш” хайрия акциясини ўтказиб келмоқда. Бунда болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларда аниқланган хасталиклар даволанмоқда. Хорижлик мутахассислар бу эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшаётир.

Тадбирда таъкидланишича, айни пайтда имконияти чекланган болаларнинг муваффақиятли ижтимоий мослашиши учун коррекцион-педагогик ва психологик таъсир кўрсатишни амалга ошириш мақсадида илғор тиббий ва психологик-педагогик ёрдам шакллари ҳамда механизмлари ишлаб чиқилмоқда.

— Ўзбекистонда аҳолининг барча қатлами учун етарли шароитлар яратилган, — деди БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн. —  Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами учун ҳаммабоп муҳит яратилиб, халқаро тажриба алмашилмоқда. Барвақт ва дифференцияланган ташхислаш, реабилитация соҳасида ҳам самарали ҳаракатлар механизми ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинаётир.

Давра суҳбатида имконияти чекланган болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш, ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим бериш, ривожлантириш тўғрисида фикр-мулоҳазалар тингланди.

Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг