“Конституция — бахтимиз пойдевори” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

0
34

Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини ёш авлод онгига сингдириш, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини янада ошириш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, эришаётган натижаларини тарғиб қилиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида Конституциямиз қабул қилинган кунга бағишлаб ҳар йили “Конституциямиз — бахтимиз пойдевори” шиори остида республика кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Жорий йилда танловнинг қуйи босқичларида 2 миллиондан зиёд ўғил-қиз қатнашди.

“Баркамол авлод” республика болалар бадиий ижодиёт марказида мазкур кўрик-танловнинг республика босқичи ғолиб­ларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар мамлакатимизда ёшларнинг таълим-тарбияси, хусусан, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривож­лантириш, ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Таълим муассасаларида Конституция фан сифатида чуқур ўқитилаётгани ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Умумтаълим мактабларининг бошланғич синфларида “Конституция алифбоси”, “Одобнома”, “Ўқиш”, “Атрофимиздаги олам”, “Табиат” фанлари ўқитилмоқда. Ушбу дарсликларда ўқувчиларга илк ҳуқуқий сабоқлар — қоида, бурч, вазифа каби тушунчалар оддий ҳаётий мисоллар асосида ўргатиб келинаётир. Юқори, яъни 5-7-синфларда “Конституция оламига саёҳат”, 8-синфда “Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқ асослари”, 9-синфда “Конституциявий ҳуқуқ асослари”, 10-синфда “Давлат ва ҳуқуқ асослари” фанлари ёрдамида мус­тақил фикрлайдиган, ҳаётий муаммоларга тўғри муносабат билдира оладиган, бурч ва масъулиятга сидқидилдан ёндашадиган заковатли ёшларни шакллантиришга эътибор қаратилади.

Якуний натижаларга кўра, бу йил респуб­лика кўрик-танловида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мухлиса Қурбонова иншо йўналиши бўйича биринчи, Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги 103-умумтаълим мактаби ўқувчиси Ирода Ҳусниддинова иккинчи, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманидаги 21-умумтаълим мактаби ўқувчиси Нилуфар Мирзабекова учинчи ўринни эгаллади.

Тасвирий санъат йўналиши бўйича Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги 30-умумтаълим мактаби ўқувчиси Дилдора Саидакбарова биринчи, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 66-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гулҳаё Шокирова иккинчи, Бухоро шаҳридаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Гули Раҳимова учинчи ўринга сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Тадбир доирасида кўрик-танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish”мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг