“Чорвоқ” эркин туристик зонаси : сайёҳларга янгича хизмат кўрсатади

0
21

Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида 2 миллион
600 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ана шундай улкан мегаполис шаҳарда баҳор мавсуми, айниқса, ёзнинг иссиғида қизғин иш кунларидан сўнг ҳар бир кишининг салқин ва сокин жойда мароқли ҳордиқ чиқаргиси келади. Қолаверса, шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаётимиз, техника ва ахборот технологиялари тараққиёти одамларни сершовқин шаҳардан бир муддат узоқлашиб, оромбахш табиат қўйнида дам олишга чорлайди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани пойтахт аҳолиси ҳордиқ чиқариш учун энг яқин, қулай ва мақбул ҳудуд саналади. Айниқса, тумандаги Чорвоқ, Чимён, Хумсон дам олиш масканлари йилнинг тўрт фаслида ҳам гавжум бўлади. Албатта, баҳорда табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиш, балиқ овлаш, ёзда тоғлар қўйнига чиқиш, тиниқ, зилол тоғ суви билан тўлдирилган сунъий сув ҳавзасида чўмилиш, қишда оқликка бурканган виқорли тоғлар чўққисидан Ватан манзарасини кузатиш, чанғи учиш кишига ўзгача завқ-шавқ бағишлайди.

Бу ҳудуд шундай йирик туристик салоҳиятга эга бўлишига қарамай, соҳада муайян камчилик ва муаммолар мавжуд эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони мамлакатимизда туризм соҳасига қаратилаётган юксак эътиборнинг мантиқий давоми, Тошкент вилоятининг туристик салоҳияти самарадорлигини ошириш ва ривожлантиришда муҳим асос бўлади.

Фармонда Чимён-Чорвоқ рекреация ҳудудида “Чорвоқ” эркин туристик зонасини ташкил этиш, замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар объектларни қуриш назарда тутилган. Алоҳида таъкидлаш жоиз, янги ташкил этилаётган “Чорвоқ” эркин туристик зонаси юртимизда ягона бўлиб, бу борадаги ташаббусларнинг бошланишидир.

Бугун жаҳон туризм индустриясида экотуризм — табиатни табиий муҳитга зиён етказмасдан ўрганиш ҳамда ундан завқ олиш мақсадида уюштириладиган сайёҳлик кенг оммалашмоқда. Бу — хоҳ пиёда ё отда, туя ва автомобилда табиат қўйнига саёҳат қилиш имконияти. Бу йўналишдаги сайёҳлик турлари маълум ҳудуднинг ноёб ҳайвонот ва ўсимлик дунёси билан танишиш, кино ва фото тасвирга олиш, илмий ботаник, зоологик, археологик, геоморфологик ва экологик тадқиқотлар ўтказиш ниятида ташкил этилади. Шунингдек, альпинизм спорти билан шуғулланиш, қишлоқ ҳудудлари бўйлаб саёҳат, маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи, урф-одатлари билан танишиш мақсадларига хизмат қилади.

Чорвоқ, Чимён, Хумсон ва Белдирсой дам олиш масканлари айни шундай мақсадларга тўла-тўкис хизмат қилиши ва бу ерда йилнинг тўрт фаслига мос экосаёҳатни амалга ошириш мумкин. Аммо айни пайтда ушбу дам олиш масканларидаги мавжуд инфратузилма ва туристларга хизмат кўрсатиш даражаси бугунги кун талабларига жавоб бера оладими?

Давлатимиз раҳбари фармонида “Чорвоқ” эркин туристик зонасининг мақсад-вазифалари аниқ белгилаб берилган. Эркин туристик зонада замонавий туризм инфраструктураси объектларини, туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шароитларни таъминлаш, махсус функционал ва мавсумий реакцион дам олиш зоналарини яратиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий ва мамлакатимиз инвесторлари инвестицияларини жалб қилиш, ҳудуднинг экомуҳити имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ўзига хос туристик йўналишларни ташкил этиш назарда тутилган.

Шунингдек, қулай ва арзон транспорт воситалари билан таъминлаш, ҳудудда транспорт ҳаракатининг янги — поезд, электропоезд, автобус каби муқобил энергия манбаларида ҳаракатланувчи турларини жорий этиш, йўловчи транспорти ҳаракатининг йўналишларини кенгайтириш, уларнинг тўхтовсиз ҳаракатини амалга ошириш, транспорт инфраструктурасини ривожлантириш каби мақсад-вазифалар белгиланган. Фармонда туристлар хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Туристик инфратузилма объектларини видеокузатув тизимлари билан жиҳозлаш, огоҳлантириш тизимларини ташкил этиш, зона ҳудудига келувчи туристлар ҳақида ягона маълумотлар базасини, фавқулодда ҳолатларда тез ёрдам бериш тизимини жорий этиш шулар жумласидандир.

Мухтасар айтганда, мазкур фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада ошириш, туристлар оқимини кенгайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Ўз сайловолди Платформасида мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишни, сайёҳлик инфратузилмасининг янада ривожланишини, сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ва умуман, сайёҳлик логистикаси билан боғлик барча хизматларнинг қулайлигини  таъминлашни мақсад қилган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ижросини таъминлашда муносиб иштирок этади. Унда белгиланган вазифалар партиянинг туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларида алоҳида ўрин олиб, аниқ ташаббусларни илгари суришда пойдевор вазифасини ўтайди.

 Дониёр ТОШБОЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия
қўмитаси девони бўлим бошлиғи

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг