Ҳуқуқий ахборот муҳитини ривожлантириш — муҳим вазифа

0
37

Конституция мамлакатимизда суверен демократик давлат барпо этиш, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, иқтисодиётимиз ривожи ва турмушимиз фаровонлигини юксалтиришнинг асосий ҳуқуқий кафолатидир. Бош қомусимиз мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш, қонунчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, белгиланган вазифаларни изчил ва малакали ёритиш ҳамда таҳлил этишда босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакилларининг касбий билим ва кўникмаларини ошириш — муҳим вазифа.

Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди “Мамлакатимизда қонунчилик соҳасида амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситаларида ёритишга оид долзарб вазифалар” мавзусида ташкил қилган давра суҳбатида шу ҳақда сўз борди.

Жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи Лутфулло Сувонов ва бошқалар Конституциямиз қонун устуворлиги ҳамда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишнинг мустаҳкам таянчи эканлиги, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш барча жабҳадаги ислоҳотлар жараёнида яққол намоён бўлаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, марказий босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мазкур давра суҳбатида асосий эътибор соҳада учраётган муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этишга қаратилди. Таъкидланганидек, Конституциянинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик, айниқса, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш, ушбу мавзуни оммавий ахборот воситаларида таъсирчан воситалар орқали ёритишда журналистлар олдида қатор вазифалар турибди.

— Қабул қилинаётган барча қонун ҳужжатлари замирида фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш, инсонпарвар демократик давлат барпо этиш ғояси мужассам, — деди Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Жасур Сирожев. — Бугун фуқароларимиз амалдаги қонунларни нафақат ўрганиши, балки уларни ҳаётга татбиқ эта олиши, амалиётда қўллай билиши, ҳуқуқ ва мажбуриятларини англаши, фаол фуқаролик позициясини намоён қилиши лозим. Бунда, айниқса, оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Амалдаги ва янги қонун ҳужжатларини одамларга содда ва тушунарли тил ҳамда таъсирчан усуллар воситасида етказиш бугунги кун талабидир.

Давра суҳбатида журналистларнинг ижтимоий ва ижодий фаоллиги, ҳуқуқий билими, касб малакасини ошириш юзасидан фикр алмашилди. Конституциямиз мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғиб этиш ва ёритишда журналистлар олдида турган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

И. НОРМАМАТОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг