Дастуриламал маърузадан келиб чиқувчи вазифалар: Партия ташкилотлари ва депутатларни фаолликка ундамоқда

0
19

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” мавзусидаги маърузаси жойларда катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Маърузадаги устувор йўналишлар ҳамда мақсад-вазифаларни амалга ошириш юзасидан келгусидаги чора-тадбирлар белгилаб олинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари ҳам дас­туриламал маърузани ўрганиш ва унинг мазмун-моҳиятини тарғиб этишга қаратилган давра суҳбати, семинар ва учрашувлар ташкил этаётир. ЎзМТДП Марказий кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари маърузасидаги устувор йўналишларни амалга ошириш, уни аҳоли орасида кенг тарғиб этиш юзасидан партия ташкилотлари ва фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов маъруза қилди.

— Ўтган чорак аср давомида мамлакатимизда амалга оширилган туб ислоҳот ва ўзгаришлар замирида Конституция ва унда мустаҳкамлаб қўйилган қоида ва меъёрлар мужассам. Бу эса Бош қомусимизнинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат. Президентимиз ўз маърузасида, энг аввало, унинг яратилиш тарихига алоҳида тўхталиб ўтди. Асосий қонунимизнинг яратилиши ва ҳаётга татбиқ этилишида Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг фаолиятига юксак баҳо берилди. Дарҳақиқат, юртимиз, халқимиз ҳаётини, бугуни ва келажагини белгилаб берган Асосий қонунимизнинг халқчил, ҳаётий ва инсонпарвар қомус сифатида юзага келишида Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракати, илғор ғоя ва ташаббуслари ғоятда муҳим ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари маърузасида, шунингдек, ўтган даврда конституциявий нормаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратилди. Биргина сўнгги йил давомида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани, мазкур ҳужжат ижроси доирасида шу йилнинг ўзида 20 дан ортиқ қонун ва 700 дан зиёд қонуности ҳужжатлари қабул қилингани, ҳар бир соҳада улкан ўзгариш ва янгиланишлар амалга оширилгани қайд этилди. Дарҳақиқат, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилинган 2017 йилда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари ташкил этилди. Ушбу тузилмалар барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фуқаролар билан ҳамкорлик қилиш, аҳолининг энг долзарб муаммоларини ҳал этишнинг самарали тизимига айланди. Бу эса Конституциямизнинг асосий тамойилларини рўёбга чиқаришда яна бир улкан қадам бўлди.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш тизимида ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга тўхталиб ўтди. Барча соҳадаги амалий ишлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ва манфаатлари устувор эканлигига эътибор қаратилди. Дастуриламал маърузада бегилаб берилган саккизта устувор йўналишда аниқ вазифалар илгари сурилди. Ушбу вазифалар конституциявий тамойилларнинг ҳаётга татбиқ этилиши ҳамда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланишига хизмат қилади.

Йиғилишда фракция аъзолари Президентимиз маърузаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳокамаларда сўз олган партия фаоллари ҳамда депутатлар маърузада илгари сурилган саккизта устувор масаланинг ҳар бири ўта ҳаётий ва долзарб вазифа эканлигини қайд этиб, унинг ижросини сифатли ва самарали таъминлаш зарурлигини таъкидладилар. Бу вазифалар ижроси, аввало, халқ фаровонлиги, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб, ҳаётдан рози бўлиб яшаши ҳамда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қилиши эътироф этилди.

Йиғилишда Конституция ва қонун устуворлиги ҳамда қонунийлик тамойилларининг сўзсиз таъминланиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати эканлиги таъкидланди. Шу боис фракция аъзолари ҳаётий ва халқчил қонунлар тайёрлаш, уларга тўғридан-тўғри амалга оширилишини таъминлайдиган механизмларини киритиш муҳим вазифа эканлигини қайд этдилар. Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги ролини ошириш, аҳоли билан ўзаро ахборот алмашиш механизмларини такомиллаштириш, шунингдек, қонун ва қарорлар ижросини, уларнинг самарадорлигини доимий равишда ўрганиб боришда парламент ва депутатлик назоратини сифатли амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, партия ташкилотлари ҳамда депутатлар 2018 йилда ҳам сайловчилар, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаши, халқ билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқиб, электорат манфаатларини таъминлаши зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда муҳокама этилган масалалар юзасидан ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва фракциянинг қўшма чора-тадбирлар режаси қабул қилинди. Унда Президентимизнинг дастуриламал маърузаси мазмун-моҳиятини аҳоли қатламларига етказиш, фуқаролар ўртасида кенг тарғиб қилиш юзасидан турли тадбирлар ташкил этиш, жойларда учрашувлар ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Феруза ИБРАГИМОВА,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини барпо этишдек улуғвор мақсадларга эришишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бугун давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган қоида ва меъёрлар асосида тараққиёт сари қаратилган саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда, барча соҳадаги ҳуқуқ ва ваколатлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари, ҳаётий эҳтиёж ва қарашлари ўз вақтида, замон талаби даражасида таъминланаётир. Бу эса Конституциямизда ўз ифодасини топган инсонпарварлик ва тантилик, адолат ва одиллик, бағрикенглик ва олижаноблик каби тамойиллар кундалик ҳаётимизда ўз ифодасини топаётганидан далолат беради. Дастуриламал маърузада саккиз йўналиш асосида илгари сурилган вазифалар амалга оширилаётган ислоҳотлар бардавомлигини таъминлайди. Шундай экан, партиямиз ташкилотлари ҳамда биз депутатлар Президентимизнинг мазкур маърузасидан келиб чиқиб, ўз фаолиятимизни жадаллаштиришимиз, фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим.

Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ,

 ЎзМТДП  фракцияси аъзоси:

— Партия ва фракциянинг қўшма йиғилишида Президентимиз маърузасида илгари сурилган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, олдимизда турган вазифалар муҳокама этилди. Давлатимиз раҳбари маърузасида парламент, халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва аҳамияти тубдан ўзгаргани, Олий Мажлис, сиёсий партияларнинг ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилгани, парламент ва жамоатчилик назорати институтлари мустаҳкамланаётгани алоҳида қайд этилди. Энг муҳими, эндиликда Тошкент шаҳри аҳолиси ҳам ўз вакиллари — депутатлар орқали туманларни бошқаришда иштирок этиш имкониятига эга бўлаётгани таъкид­ланди.  Дарҳақиқат, бу борадаги ислоҳотлар сиёсий партиялар ва депутатларнинг янада фаол ва ташаббускор бўлишини, ўз ваколатидан самарали фойдаланиши лозимлигини тақозо этади. Айниқса, Президентимиз илгари сурган саккиз устувор масаладан биринчиси — давлат органларининг кундалик фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигига оид конституциявий тамойилнинг сўзсиз таъминланишида биз депутатлар ҳам фаол бўлишимиз, мунтазам равишда жойларга чиқиб, одамларнинг эҳтиёж ва муаммоларини ўрганишимиз ва уларга ечим топишда ўз ваколатларимиздан унумли фойдаланишимиз лозим.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг