Кинематография объектлари таъмирланмоқда

0
3

2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга асосланиб 2017 йил 7 августда қабул қилинган “Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан “Ўзбеккино” Миллий агентлиги қатор ишларни амалга оширмоқда.

Агентлик Миллий матбуот марказида ташкил этган матбуот анжуманида шулар ҳақида маълумот берилди. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров ва бошқалар мамлакатимизда миллий кинемотография ривожи йўлида амалга оширилаётган ишлар, тизимдаги мавжуд муаммолар ечимларига киришилганини таъкидлади. Хусусан, бу жараёнда киностудиялар бино ва иншоотлари реконструкция қилиниб, замонавий кино техникаси билан жиҳозланмоқда.

— Яхлит тасвир ва сўз уйғунлигига, инсонларни сеҳрловчи таъсирга эга кино санъати жаҳон миқёсида шундай қудратли кучга айланиб улгурдики, бугун инсоният кинофильмларсиз ўз ҳаётини тасаввур қила олмайди, — деди “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев. — Мамлакатимизда кино санъатини янада ривожлантириш, жаҳон стандарти талабига жавоб берадиган миллий кино маҳсулотларини ишлаб чиқаришда қатор ривожланган давлатлар билан шартномалар имзоланиб, ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда.

Таъкидланганидек, миллий кинемотография ривожи киностудияларнинг реконструкция қилиниши ва замонавий техника билан жиҳозланишига бевосита боғлиқ. Шу боис айни пайтда “Ўзбекфильм” ва “Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар” киностудиялар ҳудудида фойдаланишга яроқсиз бўлган 14 объект бузиш учун белгиланди. Реконструкция жараёнининг дастлабки босқичида 15 миллиард сўм миқдорда ҳомийлик маблағлари ажратилган бўлиб, ҳозирда киностудиянинг технологик қисмида дастлабки реконструкция ишлари олиб борилмоқда.

Анжуманда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва бошқа вазирлик-идоралар билан ҳамкорликда лойиҳа ишлаб чиқилгани ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилгани ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Мазкур лойи­ҳага асосан реконструкция ишлари 2 босқичда амалга оширилиши режалаштирилган: 2017-2019 йилларда “Ўзбекфильм” киностудиясининг иккита павильони, технологик қисми ва коммуникация тармоқларини ўтказиш ишлари бажарилса, 2020-2021 йилларда “Ўзбекфильм” ва “Илмий-оммабоп ва ҳужжатли фильмлар” киностудияларининг қолган қисми ва бинолар атрофи ободонлаштирилади.

Матбуот анжуманида киностудияларни кино техникаси билан жиҳозлаш бўйича “Ўзбеккино” Миллий агентлигининг Техник кенгаши кино қурилмалари рўйхатини шакл­лантираётгани, истиқболдаги режалар ва вазифалар хусусида ҳам маълумот берилди. Кино санъати вакиллари ва журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Нигора НИШОНБОЕВА,
“Milliy tiklanish”мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг