Конституция — мустақил давлатимиз пойдевори

0
6

“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг тўртинчи сони нашрдан чиқди

Журналнинг Конс­титуциямизнинг 25 йиллигига бағишланган “Миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий қомуси” мақоласида миллий давлатчилигимизнинг энг муҳим ҳуқуқий қадриятларини белгилаб берадиган Асосий Қонун, унда умум­эътироф этилган демократик принцип­лар давлат ва хўжалик бошқарувининг таркибий тузилишини модернизация қилиш ва янгилаш, маҳаллий ҳокимият органларини қайта ташкил қилиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органлари тизими — маҳалла институтини ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлаётгани, суверен давлатимизнинг ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори экани хусусида сўз боради.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг “Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида” мавзусидаги мақоласида ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, улар устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш билан боғлиқ фикр-мулоҳазалар ўз ифодасини топган. “Ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ички ишлар органлари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, улар фаолиятида янги иш услублари жорий этилди ҳамда ўзида эркинлик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий қадриятларни мужассам этган яхлит ҳуқуқий тизим яратилди”, дейилади мақолада.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси, ЎзМТДП фракцияси аъзоси Акмал Саидовнинг “Мус­тақиллик ва миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланиши” номли мақоласида Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга изчил татбиқ этишда парламент олдида турган вазифалар, сиёсий партиялар фракцияларининг қонун лойиҳаларини парламентда муҳокама этиш ва қабул қилишда, халқнинг парламентга ва юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини оширишда тутган ўрни ҳақида сўз боради.

“Ҳуқуқ ва тараққиёт” рукнидан ўрин олган Қорақалпоқ давлат университети докторанти Қалбай Бабаназаровнинг “Радиациявий хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш муаммолари” мақоласида экология қонунчилиги, инсоннинг табиий атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқининг ниҳоятда муҳим эканлиги, табиат объектларига нисбатан эгалик қилиш, фойдаланиш масалаларига тўхталиб ўтилган.

Ушбу сондаги бугуннинг долзарб мавзуларига бағишланган бошқа мақола ва хабарлар ҳам ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

           Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг