Кураш янада оммалашмоқда

0
10

Ўзбекистон Миллий матбуот маркази ва Марказий Осиё кураш федерацияси ҳамкорлигида матбуот анжумани ўтказилди.

Марказий Осиё кураш федерациясига аъзо бўлган давлатлар — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон кураш федерациялари раҳбарлари ҳамда вакиллари, мураббийлар, спортчилар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган анжуманда ўзбек кураши тобора равнақ топаётгани, ўсиб келаётган ёш авлоднинг нафақат жисмонан бақувват, балки маънан етук бўлиб вояга етишига ҳам хизмат қилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 октябрдаги “Кураш” миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур спорт турининг жаҳондаги нуфузини янада ошириш ва спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёрланиши ва муносиб иштирок этишида муҳим омил бўлаётир.

— Марказий Осиё кураш бўйича дунёда энг кучли минтақа саналади. Шу боис анчадан бери минтақа кубоги учун мусобақа ўтказишни режалаштириб келаётган эдик, — деди Марказий Осиё кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Мурад Дўсумбетов. — Келгуси йилнинг 25-27 март кунлари Бухоро шаҳрида кураш бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Марказий Осиё кубоги мусобақасини ўтказишга келишдик. Бу мусобақанинг вазн ва ёш тоифаларини босқичма-босқич кенгайтириб боришни мақсад қилганмиз.

Матбуот анжуманида Марказий Осиё кураш федерациясининг “Кураш олами” журнали тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр этилиши режалаштирилган журналнинг нишона сони барчада қизиқиш уйғотди.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
                 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг