Сессия қарорлари — депутатлар назоратида

0
14

Мамлакатимиз ҳудуди қадимий обида ва маданий ёдгорлик­ларга бой. Улар халқимиз ўтмишини ўзида мужассам этган миллий қадрият сифатида бебаҳо мулк ҳисобланади, юртимиз тарихи ва маданиятини ўрганишда қадимий манбадир. Уларда аждодларимиз тарихи, шону шавкати, кўхна мозийнинг сир-асрори, ҳикматлари яширин. Истиқлол боис халқимиз ана шундай бой маданий меросимиздан тўла баҳраманд бўлмоқда ва улар қонун ҳимоясига олинган.

Маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш масалалари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг  сайловолди Платформасида асосий мақсад-вазифалардан бири сифатида белгиланган.  Шу боис партиядан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар бу борада  қатор ташаббуслар билан чиқмоқда, узоқ асрлик ёдгорликларимизни сақлаш, таъмирлаш ва келгуси авлодларга асл ҳолида етказиш борасида муайян саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган кўплаб маданий ёдгорлик­лар, археологик объектлар партия гуруҳларимиз ташаббуси билан ўрганилмоқда. Маҳаллий Кенгашлар сессияларига маданий мерос объектлари муҳофазаси билан боғлиқ ташаббус-масалалар киритилиб, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўриляпти.

Хусусан, халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгашидаги партия гуруҳи “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ҳудуддаги ижросини ўрганди, 20 га яқин маданий мерос объектларининг ҳолати кўздан кечирилди. Ўрганишлар асносида 16 тепалик, 2 музей, 1 меъмориал ёдгорлик ва XI асрга оид Жарқўрғон минорасини муҳофаза қилишда муайян камчиликлар мавжудлиги, тепаликлар ҳимоя деворлари билан ўралмагани, айримлари ҳовлилар ичида, қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган майдонлар орасида қаровсиз қолиб кетгани аниқланди. Ана шундан сўнг, ҳудуддаги маданий мерос объектлари масаласини партия гуруҳи халқ депутатлари туман Кенгашиининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш ташаббуси билан чиқди.  Шу йилнинг 10 июнь куни халқ депутатлари Жарқўрғон туман Кенгаши сессиясида туман маданият ишлари бўлими мудирининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг ҳудуддаги ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.

Сессияда туман Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди. Унда мутасадди ташкилот ва мансабдорлар зиммасига тумандаги маданий мерос объектлари, музейлар, маданият бинолари, кутубхоналарнинг сақланиши ва улардан самарали фойдаланиш ишларини йўлга қўйиш, мазкур объектлар ҳудудларини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва бошқа муҳим масалалар юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Қарорда туризмни ривожлантириш мақсадида Жарқўрғон минораси ва бошқа тарихий, маданий мерос объектлари атрофида сервис ва хизмат кўрсатиш шоҳобчаларини қуриш, тарихий масканлар бўйича этнографик фоторасмлар, рекламали суратлар, уларнинг жойлашган манзиллари акс этган йўл кўрсаткичлари тайёрлаш вазифалари белгиланди.  “Жарқўрғон” газетаси таҳририятига тумандаги маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасини ривожлантириш, бундай объектларни қайта тиклаш ва уларнинг имкон қадар асл ҳолида сақланишини таъминлаш борасидаги кенг кўламли саъй-харакатларни мунтазам ёритиш тавсия этилди.

Яқинда партия гуруҳи аъзолари сессия қарори ижросини ўрганиш мақсадида яна маданий мерос объектларида бўлди.

— Партия гуруҳимиз туманимиздаги Исмоилтепа, Ялпоқтепа, Арпопоя, Қаришоҳтепа-1, Қаришоҳтепа-2, Карвонтушдитепа, Ҳайитободтепа-2, Чордингактепа, Жартепа, Каттатепа, Зартепа, Омонтепа, Расултепа, Номсизтепа, Бароттепа қадамжолари, Жарқўрғон минораси ва туман музейининг ҳар жиҳатдан мукаммал ва замонавий кўриниш касб этишини таъминлашнинг бугунги ҳолатини ўрганди, — дейди партия гуруҳи аъзоси Шуҳрат Тулаев. — Ўтган муддат ичида туманимиздаги маданий мерос объектларининг муҳофазаси, уларда ободонлаштириш ва туризм талаблари доирасида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилгани Жарқўрғон минораси атрофидаги шўрланиш даражаси нисбатан камайтирилгани маълум бўлди. Минора ва у билан боғлиқ тарғибот материаллари туман, вилоят нашрлари ва Интернет тармоқларида кенг ёритилмоқда. Жарқўрғон музейининг экспонатлари янада бойитилди, кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Бироқ ҳали соҳада қилиниши лозим бўлган ишлар талай. Энг муҳими, мавжуд камчилик ва муаммолар аниқланди, уларга мутасаддилар эътибори қаратилиб, уларни бартараф этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Партия гуруҳимиз бу масалани доимий назоратга олади.

Баҳром НОРМУРОДОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг