Туялар карвони йўлга чиқди: Тошкентда сайёҳлик намойиши иншооти ишга тушди

0
6

Айтишларича, милоддан юз йил аввал Чин юртидан йўлга отланган илк савдо карвони довону даралар, бепоён саҳролар оша Фарғона водийсига ипак ҳамда бронза кўзгулар келтирган. Шу тариқа дунё цивилизацияси ривожида  муҳим ўрин тутган Буюк ипак йўлига асос солинган. Орадан асрлар ўтиб узундан-узун карвонлар ўрнини замонавий авиалайнерлар, автомобиль ва тезюрар поездлар эгаллаган бўлса-да, Шарқ ва ¢арбни боғловчи ана шу қадимий йўл ҳанузгача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Эътиборлиси, мамлакатимизнинг бир қатор тарихий шаҳарлари унинг қоқ марказида жойлашган.

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида барпо этилган сайёҳлик намойиши объектида ҳам мана шу йўлнинг рамзий кўриниши — йўлга чиқаётган карвон ва рамзий қудуқ акс этган.

Сайёҳлик намойиши объектини кўриш учун келган сайёҳлар ва ҳамшаҳарларимиз ушбу инсталляцияда асосий қисми Ўзбекистон ҳудудидан ўтган Буюк ипак йўлининг рамзи тасвирланганини эътироф этмоқда. Объектдаги саҳро қумликлари бўйлаб йўлга отланган туялар карвони ва қудуқ Буюк ипак йўлига хосликни тўлиқ акс эттирган.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ушбу объект янги ишлаб чиқилаётган сайёҳлик йўналишларига киритилади.

— Ушбу сайёҳлик объектининг жойлашуви ҳам ўзига хос: пойтахтимизга кириб келган ҳар бир меҳмон, аввало, ушбу туялар карвонига дуч келади, — дейди журналист Латофат Бўриева. — Шаҳардан чиқиб кетишда эса бу карвон худди сиз билан бирга йўлга отлангандек туюлади.Мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этиб, шаҳримизда яна бир диққатга сазовор жойнинг барпо этилганидан мамнун бўлдик. Бу жой нафақат юртдош­ларимиз, балки хорижлик сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланишига ишонаман.

Таъкидлаш жоиз, айни вақтда Ўзбекис­тон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Чилонзор тумани ҳокимлиги билан биргаликда туманда кичик сайёҳлик кластерини яратиш бўйича ишларни бошлаб юборган. Жумладан, Ю.Гагарин кўчасини сайёҳлар учун харид қилиш, овқатланиш ва кўнгил ёзиши мумкин бўладиган махсус сайёҳлик кўчасига айлантириш режалаштирилган.

Бу лойиҳа доирасида бренд дўконлар, умумий овқатланиш жойлари (ресторанлар, арт-кафелар, қаҳвахоналар), эсдалик совғалар дўконлари, ҳунармандлар устахоналарини очиш режалаштирилган. Қўмита томонидан Мирзо Улуғбек ва Юнусобод туманлари ҳокимликлари билан ҳам  шундай йўналишдаги саъй-ҳаракатлар  олиб борилмоқда.

Шоҳида МИРЗАЕВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг