Ўзбек матбуоти: поезддан қолиб кетган йўловчи тимсолида… ми?

0
31

Аҳмаджон Мелибоевнинг ЎзА сайтидаги “Журналистга журъат керакми?” мақоласини ўқиб…

Бу фикрларни ёзарканман, буларни ўз дардим сифатида кўрганимни айтайин. Шунданки, “биз” деган сўзни танладим. Мен ҳам шу соҳада йигирма беш йилдан бери нон ейман. Газетани сиёҳлари қуримаган ҳолда кўп ўқиш насиб этганидан ҳамиша фахрланаман, қачонки бир яхши мақола ўқисам, муаллифига бир оғиз ширин сўз айтгим келади, бизга устозлар шундай ўргатишган. Бир сўз билан айтганда, мен ҳам сизларнинг ораларингиздаман, шу боис бегона тутмангиз…

Ўзбек матбуоти: поезддан қолиб кетган йўловчи тимсолида… ми?

Дунёда ахборот майдонлари биринчи Президентимиз бундан чорак асрга яқин вақт илгари барчага эшитарли қилиб бир неча бор башорат қилганидек, бугун ядро полигонларидан ҳам хавфлироқ, қудратлироқ кучга айланиб улгурди. Бу полигонда асосий қурол ишлатувчи шахс эса журналистдир. Ўша ишлатувчининг маҳорати билан мамлакат дунёда ўзига жой топади ёки тополмайди, ўша ишлатувчининг маҳорати билан жамиятда ўзгаришлар, адолат янада ҳукмрон бўлади ёки жамият янада ғафлатга ботаверади…

Очиғи, катта-кичик давраларда газеталаримиз, айниқса марказий газеталаримиз ҳам бугун аслида ўқувчига эга эмаслиги ҳақида жуда кўп гапиряпмиз. Бу гапларда жуда катта жон бор!

Журналистика илгариги каби ёшлар талашиб-тортишиб, жаҳд билан талпинаётган касб ҳам бўлмай қолгани факт! Буни ҳам инкор эта олмаймиз!

Яқин ўн йиллардан кейин газеталаримиз таҳрир салоҳиятига эга бўлган мутахассисларга жуда ҳам катта чанқоқлик сезиб қолишини кўряпмиз, англаяпмиз, ҳис қиляпмиз, аммо ҳеч биримиз бунга бирор чора тополмаяпмиз – бу ҳам факт!

Агарки, мажбурий обуна тўхтаса, ўлдим деганда, етмиш-саксон фоиз газета ўзини боқа олмай қолиши ҳам бор гап!

Илгари марказий нашрларимизда ўзига хос журналистика мактаблари сезиларди, бугун ундайин мактаблар ҳақида орзу қилиш мумкин, холос. Бунга озгина бўлса-да, виждонимиз қийналмаяпти – бу ҳам ҳаётий ҳақиқат!

Журналист кадрлар тайёрлаш билан амалиётчилар айтарли қизиқаётгани йўқ. Олий маълумотли журналист дипломи билан ишга келаётган ёшларнинг 70-80 фоизи ақалли имловий хатоларсиз матн ёзолмаяпти. Мақоланинг мазмуни, мақсади, мундарижаси ҳақида гапириб ўтириш ортиқча. Бу – фожеа!

Газеталаримизнинг нафақат мазмун-мундарижаси, балки макети, дизайни мутлақо замон талабларига жавоб бермайди! Нафсиламбрини айтганда, бугун Ўзбекистонда муҳтарам Президент раҳбарлигида ҳаёт илдамлик билан ўн-ўн беш йил илгарилаб кетишга улгурди! Аммо матбуот ҳали ҳам жойида турибди! У бундан бир йил илгари қандай турган бўлса, ўша жойида собит турибди.

Демак, бир қатор бош муҳаррирларнинг вазифасига муносиб ё йўқлиги борасидаги турли гап-сўзлар ҳам кутилаётган, асосли гаплар – буни ҳам инкор этмаслик керак.

Ўша талабалик йилларимиздан буён топган пулимизнинг бир қисми – майли-да, кўп ҳолда ишхона ҳисобидан, бундай имкон бўлмаганда, ўз ҳисобимиздан даврий нашрларни харид қилишга кетади. Аммо, бугун қайси газетани сотиб олиш ўзини оқлайди? Тўрт-бештасини эътиборга олмаса… Шунча қоғоз садқаи сар бўлаётгани рост-ку!

Бундан уч-тўрт йил илгари расмий газеталар сариқ матбуот дея менсимай қарайдиган “Даракчи”ни мақтаб қўйиб, кўп маломатларга қолганимни эслайман, аммо бугун ҳам фикримда собитман –ҳозир ҳам уни ўқишяпти – хафа бўлмайлик, одамлар ундан кўп информация олади!

Феълетон, памфлет, журналист текшируви каби жанр ва усулларнинг фотиҳасини ўқиганлар ҳеч қурса ахборот, хабар, интервью жанрларининг имкониятларидан унумли фойдаланишни ўйласалар эди? Баъзи интервьюларни синчиклаб ўқисанг, биров ёзиб берган маърузанинг орасига қўйилган саволлардан маъно тополмай қийналасан киши! Умуман, интервью олиш салоҳиятига эга бўлган журналистларимиз камайиб кетгани ҳам дод соларлик аҳволда!

Тугалланиб бораётган йил ўта сермазмун бўлди. Айтиш мумкинки, халқимиз билан дилдан яқинлашиш, унинг қалбига йўл топиб, диллашиш, юрагига қўл солиш йили бўлди! Минглаб интилувчан кишиларга рағбат берган, ғафлатда ётган юзлаб раҳбарлар ва бошлиқларни уйғотиб, ҳаракатга келтирган йил бўлди. Бундайин улкан ислоҳотлар муҳтарам Президентимизга осонликча амалга ошмаётганини кўриб-билиб турибмиз. Ҳали бу ёнда лоббизм орқали суғорилиб келинган қанча ҳовузга ўша ариқлардан сув келиб турибди, иккинчи томонда неча юз фирибни дилига туккан маддоҳлар тирик… Лекин энг муҳими, нега матбуот, журналист айни шу имкониятдан, ўзи учун қулай бўлган реал имкониятдан фойдаланмаяпти? Унда бугун жамиятнинг реал кучи эканини кўрсатиш, мажбурий обуна деган тамғадан батамом халос бўлиш учун катта имконият борку! Аммо у нега ҳамон ухлаяпти?!

Ахир, Президент истаяпти, у чин дилдан истаяпти матбуот, журналист деганининг унга ёрдамчи, ҳамкор бўлишини!

Ўзбек журналистикаси дегани кўпроқ ўз, тинчини ўйлайдиганлардан иборат бўлмаслиги керак-ку, ахир!

Жиззахда автомобиль ишлаб чиқарилади! Жиззахда нефтни қайта ишлаш заводи иш бошлайди!

Ахир булар ўз-ўзидан бўладиган иш эмас. Буларнинг замирида қанча меҳнат ётибди. Бу халқаро муносабатларнинг реал натижаси, бу ўша ҳудуддаги минглаб одамларнинг ҳаёти, тақдиридаги кутилаётган ўзгариш, бу ўн минглаб одамларнинг муқим ва муносиб иш ўрни билан таъминланиши, бу бензин тақчиллигига дохил бўлган муҳим чора, бу тарихий ютуқ! Хўш, қайси газета шу борада бирорта таҳлилий материал берди? Фақат информация руҳидаги чиқишларни кўрдик. Бундайин тарихий янгиланишлар одамларнинг руҳини кўтаради, бундайин эзгу амаллар жамиятни эзгуликка чорлайди, халқнинг давлатдан розилигини оширади, ҳамжиҳатликка хизмат қилади – буни бизнинг бош муҳаррирларимиз тушунишмайдими?

Йил бошида Қорақалпоғистонга ташриф буюрган Президент ўша қисқа муддат ичида Мўйноқлик аҳолининг армонини ушалтириб юборди. Мўйноққа юз километр узоқдан сув келтирилди. Ўшанда телевидение орқали берилган лавҳани кўриб, тушунган, моҳиятига етганки, ҳар бир мўйноқлик каби олис-яқин барча ўзбекистонлик бундайин хушхабардан кўзига ёш олиб қувонди, мўйноқлик жасорат талаб ҳаёт эгалари учун ҳам хурсанд бўлди. Аммо ўша хурсандчилик бу телевизион хабарни кўрмаганларга қайси газета орқали етиб борди, деб ўйлайсиз? Йўқ!

Туркия Президенти Мирзиёевга яқинлашай, деган истак билангина унинг БМТ минбаридан айтган сўзлари учун миннатдорлик билдиргани йўқ! Бу Ўзбекистон тарихи, ислом тарихидаги зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган гаплар учун қилинган ташаккур эди! Ислом билан террорчиликни ёнма-ён қўйишга биз мутлақо қаршимиз, деган сўзлар учун ўша ёқда адашиб юрган қанча одамнинг қалби ларзага келганини ўйлайлик! Бутун дунёда ёшлар муаммосини глобал даражада кўриб чиқиш ташаббуси нима дегани? Қани бизнинг таҳлил? Хўш, нега бундайин тарихий воқеликлар борасида биз жиммиз! Бундай улуғ сўзларни дунё минбаридан баралла айтган мард Президентнинг ишонганлари, суянганлари нега жим!?

Америка Президенти ташаббус қилиб Ўзбекистон Президентига телефон орқали мулоқот бўлиб ўтди, Дональд Трамап жаноби олийлари шахсан Ўзбекистондаги ўзгаришларга юксак баҳо берди, унинг сайланганига роппа-роса бир йил бўлган Президентини Америка диёрига расмий ташриф қилишга чорлади. Биз эса расмий хабар берамиз, бир-икки ўзимиз билган кишиларнинг номидан номига акс садо берамиз. Нақадар бедавомиз!

Назаримда, биз Президент ишончини мутлақо оқламаяпмиз! Биз аслида жамиятдан, ўқувчидан нолимасак ҳам бўлади, чунки биз унинг ишончини йўқотиб бўлдик, аммо биттагина илинжимиз – Президент ишончини қозона олмасак, кейин ўқувчи ишончига қайта олмаслигимиз аниқ. Кечирасиз, унда газетамизнинг кимга кераги бор бўлади? Айтинг!

Аҳмаджон Мелибоевнинг ЎзА ахборот агентлиги сайтида эълон қилган “Журналистга журъат керакми?” номли мақоласидан кейин баъзи “оқсоқол” журналистларимиз гап орасида, “ўзи ҳам ишлаганку, биладику”, дегандайин эътирозлар билдиришяпти. Мен Аҳмаджон аканинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини бошқарган пайтларини яхши эслайман. Нисбатан олганда, бу газета ўша даврларда энг зиёлиларбоп нашр мақомида эди. Бугун ўша газета қани? “Биласанку”, деган иддаонинг тагида ҳамма нарса юқоридан белгиланар эди-ку, шуни била туриб яна нима кераги бор бунақа гапларнинг, деган маъно бор. Бироқ, газета орқали одамларга чин маърифат тарқатаман, деган қайси бош муҳаррир калтак еди? Кейин нега энди тўғри гапни, тўғри кўнгил билан айтилган ҳақиқатни қабул қила олмаймиз?

Ўтган бир йил ичида кўпгина йўқотилган нарсаларимизни тикласак арзирди, бунга имкон бор эди.

Икки оғиз обуна ҳақида.

Бу йилги обуна мавсумида нашрларимиз мутасаддилари хавотир билан юришибди. Чунки обунанинг чўғи ўтган йилгидан-да анча паст. Бу эса газетанинг тирикчилиги оғир кечишини дараклайди. Йил давомида халққа тобора яқинлашган “Китоб дунёси”, “Жамият”, “Миллий тикланиш”, “Ҳуррият” каби газеталаримизга маърифатсевар раҳбарлар ҳам елкадош бўлишларига шубҳа йўқ.

Бошқаларни эса… Дарвоқе, журналистларимиз, зиёлиларимиз кўпинча мактабларда, олий ўқув юртларида ўқувчи ва талабалардан обуна учун пул йиғишлар борасида ёзғириб қолишади. Бир қатор йиллар шу жараённи кузатиб гувоҳ бўлганим учун айтиб қўйишни жоиз деб биламан, олий ўқув юрти ҳам, мактаб-у коллежлар ҳам нари борса, бир-икки нашрга обуна квотасига эга, олис тарихдаги обуна учун ажратиладиган миллионлаган маблағлар ҳозир йўқ. Ҳеч ким ўқимайдиган, бироқ обуна бўлиш мажбурияти юклатилган нашрларнинг обунасига эса ўқитувчи ва бошқа ходимларнинг ойлик маошлари ҳам етмаслиги аниқ. Демак, ўша мажбурият шу йўл билан ҳал этилади. Бундан домангир бўлиб юришимиз эса ойнага ўзимиз қараб олишимиз заруратини кун тартибига қўядиган ҳолатдир.

Хўш, нима қилиш керак?

Назаримда, биз бугун поезддан қолиб кетган йўловчи ҳолатидамиз. Аслида поезддан олдинроқда бўлишимиз жоиз бизнинг… Бунинг учун:

Биринчидан, газеталаримизнинг ташкилий тузилмаси тубдан оптималлаштирилиши, яъни ҳақиқий ижодкорларнинг ҳуқуқи, манфаати жойига қўйилиши лозим. Ҳозиргидек ўттиз йил ишлаб битта эсда қоларли мақола ёзиб улгурмаган “ижодкор” бошқа иш излаши лозим.

Таҳририятлар ишни ташкил қилишда қалам ҳақи ҳисобидан чет муаллифларни буюртма мақолалар тайёрлаш бўйича ёллаш тизимига ўтиши лозим. Мақола талабга жавоб берадими, сотиб олинади, аксинча бўлса, йўқ. Таҳририятдаги адабий муҳит ташкил этилиши лозим. Илгаригидек, муайян жанрлар иимкониятлари бўйича сабоқ бергулик мактаблар бўлишига эришиш лозим.

Журналистика факультети талабаларининг ҳеч бўлмаганда эллик фоиз дарс вақти таҳририятларда ўтишига эришиш лозим. Факультетларда бугунги кунда амалиётга мутлақо зарурати бўлмаган дарсларни кескин қисқартириш эвазига амалиёт машғулотлари кескин даражада кўпайтирилиши лозим.

Газеталаримизнинг макети, дизайнини ноодатий бўлса-да, одамни жалб этадиган кайфиятга созлаш керак.

Таҳририятлардаги битта адабий котиб тамойилидан воз кечиш шарт. Газеталаримизнинг бўлим мудирлари ҳам “ишласин!” Йўқса, газетадан ижод аҳлининг қаламини кўрса танийдиганлар айтганидек, фақат “фалончининг ҳиди келиб қоляпти”.

Маҳорат ҳақида эса айтмадим. Чунки, бу борада мендан пешроқ бўлган бўлим мудирлари, журналистлар кўп. Уларга хўмраявериб, характерини намойиш қилиб уларни адо қилмасдан, эркинлик, ижод эркинлиги, фикр эркинлиги бериш лозим.

Аммо… Айни шу жойига келганда, ўйланиб қолдим: бу бош муҳаррирлар бунга рози бўлолармикан?

Мазкур фикрларга Сиз нима дейсиз? Муносабат билдиринг?

Ҳусан Эрматов,
журналист
ЎзА

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг