“Автобус-тур” саёҳати: Қулайликлар, муаммолар, таклифлар

0
9

Пойтахтимиз кундан-кун чирой очиб бормоқда. Осмонўпар бинолар, замонавий кўприклар, кенг ва равон йўллар шаҳар кўркига кўрк бағишлаб турган бўлса, диққатга сазовор жойлар, тарихий қадамжолар, маданий мерос объектлари, музей ва театрлар, миллий хиёбонлар бой тарих, бугунги тараққиёт ва эртанги нурли манзилларнинг ўзига хос ифодасидир.

Мана, салкам уч йилдирки, Тошкентга турли мамлакатлар ва юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан келган меҳмонлар учун пойтахтимиз кўчалари бўйлаб икки қаватли экскурсия автобусларида саёҳат қилиш имкони яратилган. Бу борада “Aznur Travel” компанияси экскурсия даблдекерларини ишга тушириб, сайёҳларга пойтахтимизнинг қадим ва бой тарихини ўзида мужассам этган гўшаларини, маданий ¸дгорликларини тарғиб этиш, мазмунли дам олишлари учун истиқболли хизмат турини таклиф этмоқда.

Хўш, ўтган даврда бу ташаббус юртдошларимиз ва хорижликлар эътиборини қай даражада торта олди? Саёҳат автобусларининг фаолияти, хизмат кўрсатиш сифати, чипталар нархи, йўналиши талаб даражасидами?

Қуйида бу саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Экскурсия вақти — икки ярим соат. Бунда пойтахтимизнинг хушманзара масканларида тўхтаб ўтилади. 34 километр масофага эга йўналиш “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ёнидан бошланиб, шу ернинг ўзида тугайди. Саёҳат йўналиши “Шаҳидлар хотираси” майдони, “Минор” масжиди, 1966 йилдаги зилзила қурбонлари хотирасига бағишланган
“Жасорат” монументи, Ҳазрати Имом мажмуаси, Эски шаҳар, “Чорсу” бозори, “Истиқлол” санъат саройи, Ўзбекистон Миллий боғи ва Мустақиллик майдонлари орқали ўтади.

Са¸ҳат мобайнида пойтахтимиз тарихи юзасидан ўзбек, рус, инглиз, француз, испан, хитой, немис ва япон тилларида маълумот бериб борилади. Ахборот нафақат йўналишдаги диққатга сазовор жойлар, балки пойтахтимиз ва Ватанимиз тарихидан хабардор этади. Танаффус пайтида ўзбек миллий мусиқа санъати намуналари янграб туради.

— 2015 йилда дунёдаги энг йирик автобус ишлаб чиқарувчилардан бири —  Хитойнинг “Higer” компаниясидан Ўзбекистон учун махсус ишлаб чиқарилган иккита икки қаватли автобус­ларни олиб келиб, иш бошлаган эдик, — дейди “Aznur Travel” компанияси директори Улуғбек Нурматов. — Кейинчалик уларнинг умумий сонини 15 тага етказиш режалаштирилмоқда. Бу автобуслар қатнови орасидаги интервални қисқартириш ва янги йўналишлар бўйича сафарлар ташкил этиш имконини беради. Келгусида бундай йўналишни Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ҳам очишни мақсад қилганмиз.

Автобуслар ҳар куни соат 9:00, 10:00, 12:00, 13:00, 15:00 ва 16:00 ларда ҳаракатланишни бошлайди. Икки қаватли автобус 56 ўринга эга. Унинг баландлиги 3,97 метр, иккинчи қаватининг том қисми йўқ бўлиб, бу атрофни очиқ ҳавода завқ-шавқ билан кузатиш имконини беради. Ушбу даблдекерларда саёҳат қиларкансиз, аксарият ҳамюртларимиз барчага маълум мульт­филм қаҳрамонининг ўша машҳур иборасини тилга олади: “атроф нақадар гўзал, айниқса, юқоридан қараганда”…

Олинган чипта куннинг охиригача амал қилади: йўловчилар бекатлардан бирида тушиб қолиб, саёҳатни навбатдаги автобусда давом эттириш имконига эга.  Йўл чиптасини “Ўзбекис­тон” меҳмонхонаси биносида жойлашган “Aznur Travel” компанияси офисида, йўналиш бўйича ташкил этилган бекатларда (ҳозирда улар ишлаб чиқилмоқда) ҳамда ҳайдовчининг ўзидан бевосита харид қилиш мумкин.

— Икки қаватли автобусда пойтахтимиз бўйлаб саёҳат қилишни анчадан бери ўйлаб юрардим, қиш фасли бўлса-да, бугун фарзандларим билан саёҳатга чиқдик, — дейди 178-мактаб ўқитувчиси Нигора Қаландарова. — Биласизми, Тошкентда туғилиб, шунча вақт яшаб, пойтахтимиз нақадар гўзал эканини тасаввур қилмаган эканман. Айниқса, диққатга сазовор жойлар ҳақидаги аудиоматн бизга жуда ёқди. Баҳорнинг илк кунларида ўқувчиларимни ҳам шундай саёҳатга олиб чиқишни режа қилдим. Фақат чипта нархлари ҳамма учун, айниқса, оилавий саёҳатчилар учун бироз мақбуллаштирилса, нур устига нур бўларди…

Маълумки, “www.tripadvisor.ru” сайтида бутун дунё бўйлаб меҳмонхоналар, туризм марказига айланган шаҳарлар, улардаги шароит ва имкониятлар ҳақида саёҳатчиларнинг фикр-мулоҳазалари бериб борилади. Биз ҳам “Aznur Travel” компанияси томонидан нафақат юртимизда, балки Марказий Осиёда ягона бўлган икки қаватли автобусдаги “Tashkent City Tour” саёҳат хизматидан фойдаланган чет эллик меҳмонларнинг фикрлари билан қизиқдик.

— Тошкентнинг тарихий масканлари бўйлаб саёҳат унутилмас таассурот қолдирди, — дейди ирландиялик сайёҳ Камилла Эннис. — Ўзбекистон ҳақидаги тарихий фактлар жуда қизиқарли. Тошкент кўчаларини автобуснинг иккинчи қаватидан туриб кузатдик. Ҳайдовчи, гид-таржимонларнинг муомала маданияти, тил билиши бизни мамнун этди. Бироқ бу хизматнинг айрим камчиликлари ҳам кўзга ташланди: чипталарда ўриндиқлар рақами кўрсатилмаган. Барча талабгор навбатга қараб жой эгаллар экан. Бу ҳолат сайёҳларнинг кайфиятига таъсир қилиши мумкин. Ушбу автобусларда иш кунларида саёҳат қилишни таклиф қиламан, чунки бу пайт­да саёҳатчилар бироз камроқ бўлади. Аудиоёзувли электрон гидда баъзан носозлик кузатилиб, овоз йўқолиб қолгани боис уни қулоқчинларни маҳкам ушлаб эшитишга мажбур бўлдим. Яна бир эътибор қаратиш керак бўлган далил: тур агенти сайтида кўрсатилган телефон рақамларга боғланишнинг имкони йўқ. Бу ўз-ўзидан, йўналишни билиш учун фақат автобуслар жўнайдиган жойга келиш кераклигини англатади. Шунингдек, агар саёҳатчилар сони компания белгилаган меъёрдан ошмаса, автобуслар жойидан силжимайди. Умид қиламанки, вақти келиб бу камчиликлар ўз ечимини топади. Умуман олганда, сайёҳлар бу муаммоларни автобус ҳаракатланишни бошлаши ва Тошкент янгича кўринишда намоён бўлиши биланоқ унутади.

Шунингдек, сайтнинг “clairechen62” номли москвалик фойдаланувчиси Тошкентдаги бундай автобуслар фаолияти ҳақида қуйидагича фикр билдирган:

— Автобус икки кишилик ўриндиққа эга. Унинг салонида ҳаво совутгич мунтазам ишлаб туради. Иккинчи қаватдаги томи очилиб ёпилади. Бу йўловчиларни қуёш нуридан асрайди. Инглиз тилидаги аудиоёзувлар қизиқарли чиққан, қулоқчинлар сифатли ва замонавий. Саёҳат давомида автобус бир нечта жойда тўхтаб ўтади (агар об-ҳаво ўта иссиқ бўлмаса), бу автобусдан тушиб сўлим масканларни суратга олиш имконини беради. Икки соатлик саёҳат учун 20 АҚШ доллари тўлаб, унутилмас таассуротларга эга бўласиз.

Дарвоқе, шу ўринда автобус чиптаси нархига алохида тўхталамиз. Мазкур автобуслар хизматидан нафақат хорижлик сайёҳлар, балки юртдошларимиз ҳам фойдаланишади. Бир саёҳат учун 20 АҚШ доллари юртдошларимиз учун мақбул нархми?

Ушбу савол билан “Aznur Travel” компанияси вакилига мурожаат қилдик.

— Автобусимизда саёҳат учун ҳаммага бир хил нарх белгиланмаган, — дейди “Aznur Travel” компанияси туризм менежери Муқаддас Муродова. — Тур мавсуми давомида саёҳат 6 ёшгача болалар учун бепул, 7-12 ёшли болалар учун 50 минг сўм, катталар учун 75 минг сўм (хорижлик фуқаролар учун ҳам), 60 ёшдан катталар учун 50 минг сўм, 75 ёшдан катта пенсионерлар учун бепул хизмат кўрсатилади. Қишки мавсумда 7-12 ёшли болалар учун  40 минг сўм, катталар учун 50 минг сўм. Тўғри, бундай саёҳатга агар оилавий чиқилса, бироз қимматлик қилади, лекин оилавий саёҳатчилар учун муайян чегирмалар ҳам бор.

Бир сўз билан айтганда, бугун мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш, юртимизга сайёҳлар эътиборини жалб қилиш учун турли замонавий воситалардан фойдаланилмоқда. Ушбу саёҳат автобуслари фаолияти унинг биттаси, холос. Бу хизмат тури билан танишиб, автобусда пойтахт кўчаларини сайр қилиб, биз ҳам фойдаланувчи сифатида ўзимизнинг қатор таклифларимизни айтмоқчимиз. Аввало, юртдошларимиз фикр-мулоҳазаларини инобатга олиб, оилавий саёҳатчилар учун чипта нархини бироз мақбуллаштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш  давлат қўмитаси билан келишилган ҳолда автобус йўналишига ўзгартириш киритиш лозим. Яъни, пойтахтимиздаги бир қатор тарихий масканлар, жумладан, “Минг ўрик”, “Оқтепа” ҳамда Шайх Ҳованди Тоҳур каби тарихий-маданий ёдгорликлар ҳам ушбу йўналишлардан ўрин олиши лозим. Юртимиз тарихидан сўзловчи Ўзбекистон тарихи, Темурийлар тарихи давлат музейларини ҳам автобус йўналишига киритиш керак. Шундагина туризм ривожига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилиб бошланган янги ташаббус юртдошларимиз ва меҳмонлар эътирофига сазовор бўлиши шубҳасиз.

Шоҳида ДАМАНОВА,
Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг