Бизга давр талабига мос киноасарлар керак

0
7

Кино — томошабинларнинг ҳис-туйғуларига таъсир қиладиган, уларни тарбиялайдиган ва яхшиликка йўналтирадиган санъат тури саналади. Қолаверса, бошқа санъат турларига нисбатан аудиторияси кенг бўлиб, уни миллионлаб инсонлар томоша қилади, ундан руҳий ва маънавий озуқа олади.

Айниқса, бугунги глобаллашган дунёда халқимиз маънавий ва маърифий дунёқарашини шакллантириш, ёшларни она Ватанга муҳаббат, садоқат руҳида тарбиялаш, миллий анъана ва беқиёс маданий меросимизни улуғлаш, халқимиз, хусусан, ёшларимизни турли ёт ғоялардан, ҳозирги кунда бутун дунёда ўта долзарб бўлиб турган диний ақидапарастлик ва экстремизм, зўравонлик ва гиёҳвандлик балосидан сақлашда кино санъати муҳим ўрин тутади. Бу эса ана шундай ўткир муаммо ва масалаларни кино санъати  воситасида кўрсатиб бериш, кенг оммани огоҳ этиш ва асрашга хизмат қиладиган фильмларни яратишни тақозо қилмоқда.

2017 йилнинг 29 декабрь куни Президентимиз раислигида миллий кино санъати ва киноиндустриямизни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалаларига бағишланган йиғилишда ана шундай масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари соҳа олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталиб, кино санъатининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли ёш режиссёр, актёр, оператор ва рассомларнинг дунёдаги етакчи киностудиялар, маданият ва санъат йўналишидаги олий таълим муассасаларида тажриба ва малака оширишини ташкил этиш билан боғлиқ ишларни жадаллаштириш ва уни тизимли равишда йўлга қўйиш зарурлигини алоҳида қайд этди.

Томошабинлар биздан яхши киноасарларни кутмоқда. Айниқса, буюк аждодларимиз ҳақида ҳанузгача яхши фильмлар яратилмаётгани таассуфланарлидир. Яхши кино учун, энг аввало, яхши сценарий керак. Бизнинг кино санъатимизда бу энг оғриқли муаммолардан биридир. Айрим режиссёрларимиз тезроқ кино ишлаш ёки “кассабоп” фильм қилиш учун енгил-елпи сценарийлардан ҳам фойдаланаётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, хусусий киностудияларда ишлаб чиқарилаётган аксарият фильмлар савияси пасайиб кетаётганининг ҳам асосий сабаби ана шунда, яъни улар ғоявий ва бадиий жиҳатдан мукаммал сценарий асосида ишланмаганидадир. Бу сценарийнавислар учун алоҳида ўқувлар ташкил қилиш, уларнинг малакасини муттасил ошириб боришни талаб этади.

Яна бир қусур: айрим тижорат фильмларида актёрлар сони ниҳоятда чекланган — уч-тўртта киноасарга ҳадеб битта актёр жалб қилинаверади. Баъзи хусусий киностудиялар эса кинотеатрга томошабинни кўпроқ жалб қилиш ва мўмай даромад топиш мақсадида асосан таниқли хонандалар хизматидан фойдаланмоқда. Кетма-кет бир нечта фильмда битта актёр ёки қўшиқчининг суратга тушаётгани томошабиннинг меъдасига тегиши аниқ. Хусусий киностудияларнинг кўпайиб бораётгани, албатта, ижобий ҳолат. Бу миллий кино саноатимизни ривожлантириш, рақобат муҳитининг шаклланишига имкон беради. Фақат энди улар ҳам сифатли киноасарлар яратишга интилиши керак. Шу боис Президентимиз санъатга меҳр қўйиш билан иш битмаслиги, яъни яхши фильм яратиб бўлмаслигини, бинобарин, соҳа бўйича профессионал билимга эга бўлмай, ўқиб-ўрганмай, ҳақиқий устоз тарбиясини олмай, бу соҳада кутилган натижага эришиш мумкин эмаслигини алоҳида қайд этди.

Йиғилишда давлатимиз раҳбари кино санъатимиз, киноиндустриямизнинг жаҳон миқёсида рақобатбардошлигини таъминлаш, бунинг учун етук профессионал режиссёрлар, кинодраматурглар, актёрлар, рассомлар, операторлар тайёрлаш зарурлигига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Йиғилишда кино санъатининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш режиссёр, актёр, оператор ва рассомларнинг тажриба ва малакасини ошириш, уларни тайёрлайдиган таълим даргоҳларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, кинопрокат тизими, айниқса, ҳудудларда кинотеатрлар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Бугунги кино ихлосмандининг диди ва дунёқараши кечагидан мутлақо фарқ қилади. Бу кино санъати вакилларидан ўз устида тинмай ишлаш, ўзаро тажриба алмашиш, тош босадиган, пишиқ сценарийларни яратиш, янги истеъдодларни кашф этиш, улар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, янги иннавацион ғоя ва технологиялардан фойдаланишни талаб этмоқда. Йиғилишда Президентимиз томонидан берилган кўрсатма ва топшириқлар биз — кино соҳаси вакилларининг келгусидаги фаолиятимизда дастуриамал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Бурҳон ШАРОПОВ,
кинорежиссёр, ЎзМТДП фаоли

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг