Икки жаҳон чемпионатига гувоҳ ўйингоҳ

0
5

Германиянинг Дортмунд шаҳридаги “Сигнал Идуна парк” стадиони нафақат мамлакат, балки Европадаги энг муҳташам ва кўркам спорт иншоотларидан саналади. Унда Дортмунднинг “Боруссия” жамоаси ўзининг мезбон сифатидаги ўйинларини ўтказади. Стадионда 1974 ҳамда 2006 йилги жаҳон чемпионати ўйинлари ўтказилган. Қолаверса, ушбу ўйингоҳда 2001 йилда Англиянинг “Ливерпуль” ҳамда Испаниянинг “Алавес” жамоалари иштирокида УЕФА кубоги (ҳозирги Европа лигаси)нинг финал ўйини ўтказилган.

Стадионнинг қурилиш тарихи ўзига хос. Дортмунднинг “Боруссия” жамоаси мамлакат чемпионати — Бундеслигада бир неча маротаба ғалаба қозонгач, 1961 йилга келиб, клуб учун янги муҳташам ва замонавий стадион қуришга эҳтиёж туғилади. Клубнинг ўша вақтдаги ўйингоҳи — “Роте Эрде” жамоа эгаллаган мавқега мос келмай қолган эди. Бироқ ўша вақтда клубнинг молиявий имкониятлари яхши эмасди. Шу сабабли янги ўйингоҳ қуриш масаласи бир неча йилга ортга сурилади. Фақат 1971 йилга келиб масалага ечим топилди. Чунки Германия 1974 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиб, ушбу стадионда  бир неча ўйин ўтказилиши лозим эди. Шу тариқа 1971-1974 йилларда “Роте Эрде” стадиони яқинида 54 минг кишига мўлжалланган “Вестфаленштадион”  номли ўйингоҳ бунёд этилади. Бу мамлакатдаги томи тўлиқ ёпилган илк стадион эди. Ўша замоннинг талабларига тўлиқ жавоб берган спорт иншоотида жаҳон чемпионатининг тўрт ўйини ўтказилди. Ўйингоҳнинг “Вестфаленштадион” деб номлангани бежиз эмас. Сабаби Дортмунд мамлакатнинг Шимолий Рейн-Вестфалия ерида жойлашган.

1992 йилда мухлислар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида стадионнинг ўйинни туриб томоша қиладиган қисмини камайтиришга қарор қилинади. Натижада стадион 42 минг 800 ўринли бўлиб қолди. Бир неча йилдан сўнг ўйингоҳ шарқий томошагоҳида иккинчи қаватнинг бунёд этилиши билан унинг сиғими аввалги ҳолатига қайтади. 1997 йилда Дортмунднинг “Боруссия” жамоаси қитъадаги энг нуфузли мусобақа — Европа чемпионлар лигасида ғалаба қозонганидан кейин стадионнинг шимолий ва жанубий томошагоҳидаги ўриндиқлар сони кўпайтирилади. Бу пайтга келиб стадион 68 минг 600 кишини сиғдира олар эди. Жанубий трибуна ўйинларни туриб томоша қилиш мумкин бўлган Европадаги энг йирик томошагоҳга айланди.

Спорт иншоотидаги сўнгги ўзгаришлар 2006 йилги футбол бўйича жаҳон чепионати арафасида амалга оширилди. Бу сафар ҳам мамлакат жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. “Вестфаленштадион”да ўриндиқлар яхлитлигини таъминлаш мақсадида стадион бурчакларида ҳам томошагоҳлар барпо этилди. Иншоотнинг том қисми алмаштирилиб, учта янги табло ўрнатилди. Мухлисларга қулайлик яратиш мақсадида унга кириш ва чиқиш қисми кенгайтирилди. Одамларни битта-битта ўтказадиган айланма ғов — турникетлар ҳам янгисига алмаштирилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари натижасида стадион туриб томоша қиладиган жойлар билан қўшиб ҳисоблаганда 81 минг 264 ўринли бўлди. Бугунги кунда “Сигнал Идуна парк”да “Боруссеум” деб номланган клуб музейи фаолият кўрсатмоқда.

Дортмунднинг “Боруссия” жамоаси иштирокидаги ўйинлар стадионда ўзига хос футбол атмосферасини ҳосил қилади. Бундай ўйинларда ўйингоҳда деярли бўш жой қолмайди. Одатда, стадионнинг жанубий томошагоҳидан жамоанинг ашаддий мухлислари ўрин олади. Улар жамоа футболчилари каби сариқ рангли либосларни кийиб олишади. Шу боис бу томошагоҳ “сариқ девор” деб ҳам аталади.

Халқаро мусобақалар пайтида ўйингоҳнинг туриб томоша қиладиган қисмига ўриндиқлар ўрнатилади. Бунинг натижасида у 65 минг 851 ўринли бўлиб қолади. 2005 йилнинг 1 декабрида клуб ҳамда “Signal Iduna” суғурта компанияси ўртасида шартнома имзолангач, стадион “Signal Iduna park” деб қайта номланади. ФИФА талаби билан 2006 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатида стадион “FIFA World Cup Stadium Dortmund” деб номланган. Ҳозирги кунда эса УЕФА ҳамда ФИФА шафелигида ўтказиладиган мусобақаларда стадион “BVB-Stadion”, деган номдан фойдаланмоқда.

Қизиғи, клубнинг эски ўйингоҳи “Роте Эрде” ҳамон фаолият кўрсатмоқда. Олиб борилган таъмирлаш ишлари туфайли у айни пайтда 44 минг кишини сиғдира олади.

Ш. ВОҲИДОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг