Мексика парламенти: икки палатали бўлиб, қуйи палатада 500 депутат, сенатда 128 сенатор фаолият олиб боради

0
1

Мексика Қўшма штатлари Шимолий Американинг жанубий қисмида жойлашган. Шимолдан АҚШ, жануби-шарқдан Белиз ва Гватемала билан чегарадош. ғарбий соҳилларини Калифорния кўрфази ва Тинч океани, шарқий соҳилларини эса Мексика қўлтиғи ҳамда Кариб денгизи суви ювиб туради. Майдони — 1 миллион 972 минг 550 квадрат километр. Аҳолиси — 121 миллиондан зиёд. Расмий тил — испан тили. Пойтахти — Мехико шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 31 штат ва 1 пойтахт федерал округига бўлинади. Йирик шаҳарлари: Мехико, Гвадалахара, Монтеррей, Леон, Сьюдад-Хуарес.

Амалдаги Конституцияси 1917 йилнинг 5 февралида қабул қилинган  ва кейинчалик ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи — Президент. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Депутатлар палатаси ҳамда Сенатдан иборат икки палатали парламент — Бош Конгресс, ижро ҳокимиятини Президент амалга оширади. Миллий байрами — 16 сентябрь — Мустақиллик эълон қилинган кун (1810 йил). Мексика билан Ўзбекистон ўртасида 1992 йилнинг 16 мартида дипломатик муносабатлар ўрнатилган.

Қуйи палата умумий сайлов ҳуқуқи асосида уч йил муддатга сайланадиган 500 депутатдан иборат. Уларнинг 300 нафари бир мандатли округлар бўйича можаритар, 200 нафари эса пропорционал сайлов тизими асосида сайланади. Сенатда ҳар бир штат ҳамда пойтахт федерал округидан тўрт нафардан олти йил муддатга сайланадиган 128 сенатор фаолият юритади.

Парламент сессияси ҳар йили 1 сентябрдан 31 декабрга қадар ўтказилади. Сессиялар оралиғи пайтида парламент ваколатини иккала палата томонидан тузиладиган доимий комиссия бажариб туради. Доимий комиссия 39 аъзодан иборат бўлиб, унинг 15 нафарини депутатлар, 14 нафарини эса сенаторлар ташкил этади.

Сайловгача 21 ёшга тўлган фуқаро депутат, 25 ёшга тўлган фуқаро сенатор этиб сайланиши мумкин. Депутат ва сенаторлар билан бир вақтда уларнинг ўринбосарлари ҳам сайланади. Сенатор ва депутатлар ўз ваколатларини амалга ошираётган пайтда ҳақ тўланадиган бошқа давлат лавозимларида фаолият юритиши мумкин  эмас.

Бош Конгресс қонунларни қабул қилиш, мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилиши билан боғлиқ масалаларни, хусусан, янги штатларни тузиш, уларнинг чегараларига ўзгартиш киритиш, солиқларни жорий этиш, амнистия актини қабул қилиш каби ваколатларга эга.

Депутатлар палатаси давлат бюджетини ҳам қабул қилади, ҳам ижроси назоратини  олиб боради. Сенат халқаро шартномаларни, Олий суд таркибини, Президентнинг айрим мансабдор шахсларни лавозимга тайинлаш ҳақидаги қарорини тасдиқлайди, штатлар ҳокимиятлари ўртасида юзага келиши мумкин бўлган баҳсли вазиятларни ҳал этади, давлат хавфсизлиги стратегияси миллий дастурини қабул қилади.

Президент, депутатлар, сенаторлар, штатларнинг қонунчилик органлари қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. Қонун лойиҳаси аввал қуйи палатада кўриб чиқилиб, сўнгра юқори палатага тақдим этилади. Юқори палата маъқуллаган қонун лойиҳаси кўриб чиқиш ва имзолаш учун Президентга юборилади. Давлат раҳбари уни ҳеч бир эътирозларсиз имзоласа, у тезда матбуотда эълон қилиниши шарт. Президент уни ўз эътирозлари билан қуйи палатага қайтаришга ҳақли. Борди-ю, ҳар иккала палата аъзоларининг учдан икки қисми уни қайта маъқулласа, қонун қабул қилинган ҳисобланади.

Депутатлар палатаси қабул қилган қонун лойиҳаси юқори палата томонидан қайтарилиши мумкин. Борди-ю, қуйи палата мажлисида ҳозир бўлган депутатларнинг асосий қисми қонун лойиҳасини қайта маъқулласа, у яна бир бор Сенатга юборилади. Агар юқори палата аъзоларининг ҳам кўпчилик қисми уни маъқулласа, қонун лойиҳаси Президентга тақдим этилади. Юқори палата тасдиқламаган тақдирда қонун лойиҳаси жорий сессияда қайта илгари сурилиши мумкин эмас.

Сайловгача 18 ёшга тўлган мамлакат фуқароси сайлаш ҳуқуқига эга. Мамлакатда сўнгги парламент сайлови 2015 йилнинг 7 июнида ўтказилди. Унда 203 ўринни қўлга киритган Мексика институцион-инқилобий партияси ғалаба қозонди. Миллий ҳаракат партияси 108, Демократик инқилоб партияси эса 56 мандатни қўлга киритиб, кейинги ўринларни банд этди.

Парламентда энг кўп ўринни қўлга киритган Мексика институцион-инқилобий партияси 1929 йил 4 март куни Миллий-инқилобий партия номи билан тузилган. 1938 йилда Мексика инқилоб партияси деб қайта номланади. 1946 йилдан буён эса ҳозирги номи билан аталиб келинмоқда. У нафақат мамлакат, балки дунё тарихидаги энг нуфузли сиёсий партиялардан бири саналади. Чунки 1929-2000 йиллар оралиғида ўтказилган барча Президентлик сайловида ана шу партиядан кўрсатилган номзод Президент этиб сайланган. Фақат 2000 ҳамда 2006 йилларда ўтказилган Президентлик  сайловида эса мағлубиятга учра    ди.

1997 йилги парламент сайловида партия биринчи маротаба иккала палатада етарли ўринларни қўлга кирита олмади. Шундан сўнг у ўзини мухолифат партия деб эълон қилади. 2003 йилги парламент сайловида  яна муваффақият қозониб, 224 нафар номзоди депутат этиб сайланди. Бироқ 2006 йилги парламент сайловида Бош конгрессдаги ўринларни сезиларли равишда бой берди. Партиянинг 106 нафар вакили депутат, 39 нафар вакили эса сенатор этиб сайланди, холос. 2009 йилги сайлов партия учун яна омадли келди — қуйи палатада 241 мандатни қўлга киритиб, ғалаба қозонди. Қолаверса, 2012 йилда ўтказилган Президентлик сайловида партиядан номзоди илгари сурилган Энрике Пенья Ньето Мексика Президенти этиб сайланди.

Мексика институцион-инқилобий партияси давлат иқтисодиётда етакчи ўрин эгаллаган ҳолда, бозор фаолиятини назорат қилиши, эркин рақобатни таъминлаши, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириши, ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратиши лозим, деб ҳисоблайди. Партия ички бозорни кенгайтириш учун миллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш, бандлик ҳамда фуқароларнинг тўлов қобилиятини ошириш, мамлакат иқтисодиётининг АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларига боғлиқлигини камайтириш тарафдори. Бу галги сайловда партия давлат аппаратини молиялаштиришни камайтириш, таълим соҳасига кўпроқ маблағ ажратиш, электр энергиясига нисбатан тарифларни тушириш, янги солиқлар жорий этилишига йўл қўймаслик сингари ташаб­бусларни илгари сурди.

Миллий ҳаракат партияси коррупцияга қарши курашиш, мамлакат бўйича ягона полиция тизимини жорий этиш, Демократик инқилоб партияси эса энг кам иш ҳақини ошириш, норасмий иш жойларидаги бандликни камайтириш, электр энергиянинг нархини тушириш, талабаларнинг жамоат транспортларида бепул қатнаш имконини яратиш каби ташаббусларни ёқлаб чиқди.

Шаҳзод ғАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг