“Тоғларни кўтарган тупроқ гилиман…” Ўзбекистон халқ бахшиси чори бахши умиров ижодига бир назар

0
5

Юрагингиз овозига ўхшаш садони эшитсангиз, қалбингиз шодланиб, чексиз қувончга тўлиб кетади. Мудом шу садо муҳиби бўлиб, уни излаб юрасиз. Дўмбира жаранг сочганда, унга қўшилиб куйлай бошлашимизнинг сабаби ҳам ҳар бир сўз, ҳар бир оҳангнинг ўзига хос фазилатини англаган бахшининг ижро маҳоратида. ғуборли дилдан ғамни қувган, тош юракни мумдай эритган бу садога бунчалар ихлосимиз — унинг қалбимизга қон билан, она сути билан кирганлигида. Шу боис уни тинглаганда, ўзимизни-да, кўнглимизда ғалаён ураётган туйғуларни-да англолмай қоламиз баъзида. Гўё бу садо жон-танимизда ҳаёт қўшиғи бўлиб янграйди-ю, бахшининг соҳир овози дўмбира жарангида жўр бўлиб дилларни сел қилади:

      Тоғларни кўтарган тупроқ гилиман,
      Чертар бўлсам унинг гавҳар тилиман.
      Айтар бўлсам унинг чечан тилиман,
      Умир бахши куйлаб ўтди элатда,
      Отим Чори — шу бахшининг улиман…

Бу сўзларнинг бари самимий, дилдан тўкилиб тушаётгани аён. Йўқса, бахшининг мижжасида шукроналик ёши, мухлислар хитобида олқиш  бўлармиди? Шеробод  достончилик мактабининг номдор вакилларидан бири Чори бахши Умиров термасига сиз ҳам қулоқ беринг-а. Қадим бахшилар боғининг тоза, покиза гули бўлиб очилган хушбўй ифор борлиқни тутаётгандай, гўё. Дардкаши, сирдоши, ҳамроҳи бўлган бу созни қачонлардир неча “олтин қўллар” куйга солгану тилга олган. Юракнинг тилмочи, чечан булбули бўлиб у ҳам борини яширмай, бахшини шоширмай равон йўлга солгандек гўё:

      “Бахшиман-да жўшиб-жўшиб куйлайин,

      Айтар гапни юрагимга жойлайин.

      Бир майдонга мен ҳам энди сўйлайин,

      Бир майдонга куйлагинда дўмбирам,

      Сенинг энди ўтмишингдан сўйлайин…”

Бахши айтмоқчи бўлиб тараддудланган ўтмиш аслида бахшилар силсиласининг ҳаёти, кечмиши билан боғлиқ. Бунда Шеробод достончилик мактабининг оташин бахши-шоирларидан саналган Шерна бахши, унинг муносиб издоши бўлган Умир бахши ва улар ижодидан баҳраманд бўлган кўплаб бахшиларнинг қалб эътирофи янглиғ жаранглаётибди.

Ана шундай муҳитда тарбия топган Чори Умиров қўлига бахшилик созини олганида, ҳали ўн тўрт ёшли бўз йигит эди. Отаси Умир бахши даврада оловдек ҳароратланиб, юрак уришини ўзгаларга-да сездирган сеҳрли лаҳзаларга гувоҳ ва халқнинг ўлмас санъатига чин мухлис бўлди. Аввалига отаси достонлар орасида нафас ростлагунча кичик термалар куйлаб, муҳлисларни “совутмасдан” ушлаб турарди. Боласига элнинг олдида “ҳайт, тўхта!” деёлмаган бахши бошида ранжиган бўлса, кейинчалик одамлар уни ҳам тинглаётганини сезиб, ўзи навбат берадиган бўлди. Шерна бахшидан нақд 100 достонни ўрганган бахши боғидаги ниҳоллар вақт ўтиши билан уни яна юзга кўпайтиришига, маънавий улғаймоғига умид боғлади. Мана, Умир бахшининг авлодидан учинчи киши Ўзбекистон халқ бахшиси унвонига сазовор бўлди. Чори бахши Умиров ана шундай авлод вакилидир.

80 ёшни қоралаган бахшининг чеҳрасида аломат кулгу пайдо бўлиб, юзи кундай ёришади. Зеро, гўзаллик, жисмоний ва маънавий камолот, мардлик, жасурлик, ватанпарварлик, меҳр-оқибат, садоқат, муҳаббат, мурувват, яхшилик сингари инсоний фазилатлар мадҳ этилган достонлар руҳида тарбия топган авлод қалби ҳамиша эзгуликларга ошён, ёшлик ҳарорати билан тўла бўлади.

— Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари бахшилар учун илҳом манбаидир, — дейди у. — Бу устимда яна-да кўпроқ ишлашга, янги-янги ижролар қилишга ундаётир.

Шундан сўнг сўзининг исботи сифатида қўлимизга нашр учун тайёрлаган достон ва асарлар рўйхатини тутқазди.

Ҳайратимиз сўзимизда зоҳир бўлиб, меҳримиз ҳам бахши бобонинг қалбидаги ёшлик шиддати каби ошаверди. Мана, уларга сиз ҳам бир боқинг-а: “Гўрўғлининг туғилиши ва Чамбилга подшоҳ бўлиши”, “ғойибнома. Гўрўғлининг сўнгги кунлари”, “Таркибадаҳшон”, “Малла савдогар”, “Олтин қабоқ”, “Эрали”, “Шерали”, “Ўйнигар. Шералининг уйланиши”, “Авазхоннинг туғилиши ва Чамбилга келиши”, “Ёдгор”, “Алп Қўнғиротбек”, “Шомурод”,
“Темурбекнинг туғилиши ва болалиги”, “Буюк Соҳибқирон”, “Моҳигулистон”, “Улуғой”, “Устоз бахшининг дуоси” каби тўпламлар. Ахир шунча асарни нашрга тайёрлашнинг ўзи бўлмайди-ку. Буларнинг ичида тарихий шахслар — Соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқ янги достонлар ҳам бор.

— Бу асарларнинг айримлари нашр қилинган, қолганлари ҳам бирин-кетин чоп этиб келинмоқда, — дейди фольклоршунос олим Рўзиқул Мустафоқулов. — Чори бахши доимо олимлар ҳузурига шошади, улардан илмий асосланган маълумотлар йиғади. Қайсидир жиҳат, албатта, бахши юрагига ўт ёқиши керак. Аксинча, ҳаммаси бефойда, ҳароратсиз, нурсиз чиқади. Асосланмаган фактларга таянган асар тингловчини ҳам, ўқувчини ҳам зериктиради. Муваффақиятсиз иш юракда битиши қийин бўлган чуқур из қолдиради, натижада бахши ижодида танаффус юзага келади. Чори бахши бундай ҳолатга тушмаслик учун доим аждодлардан мерос келаётган анъаналарга таяниб иш кўради.

Чори бахши қўлига дўмбира тутқазиб, халққа яқинлаштирган ва унинг ажралмас қисмига айлантирган бахши боболарини кўп эслайди. Уларни дуо қилади. Аждодларининг пок руҳидан овозига овоз, созига соз қўшилади, дейди.

— Отам бир достонни бошқа тўйда айтмас эди, — дейди Чори бахши. — Тўйларда изма-из “Алпомиш” ёки “Гўрўғли”дан қисм айтиларди, қолгани кейинги кун давом этарди. Достонни мукаммал ўрганиш учун ана шу олтин лаҳзаларни бой бермасликка ҳаракат қилардик. Маромига етиб куйланган достонни тинглаган одамларнинг бахши атрофида сеҳрлангандек ўтиришларини кўп кузатганман. Отамнинг ёнида узоқ юрдим. Юрагимга яқин у овоз ҳануз қулоқларим остида жаранглайди…

Ўзбек достончилигида алоҳида ўрин эгаллаган Шеробод мактаби тўғрисида фольклоршунос олимларнинг кўплаб илмий тадқиқотлари мавжуд. Айтиш жоизки, Сурхон воҳаси фольклори, хусусан, достончилик материалларини  кенг миқёсда тўплаш ва ўрганиш, жонли жараённи изчил кузатиш ўтган асрнинг 50-йилларидан бошланди. Бу вазифани бажаришда асосан фольклоршунос олим Абдумўмин Қаҳҳоров раҳбарлигидаги Қарши давлат университетининг тадқиқотчилари катта ишни амалга оширди. 1953-1998 йиллардаги узлуксиз фольклор-этнографик экспедицияси натижасида ХVIII асрнинг охиридан ҳозиргача яшаб, ижод қилган ва достончилик  анъанасини  давом эттирган 250 дан ортиқ бахши фаолияти тадқиқ этилди.

Бу санъат равнақида Шеробод бахшичилик мактабининг ҳам ўзига хос ўрни бор. Шеробод бахшичилик мактаби вакиллари “Гўрўғли”, “Алпомиш”, “Рустамхон” туркумини куйлаш билан бирга, ўзбек эпосини бойитувчи қатор достон ва туркумлари билан ҳам ном қозонган. Жумладан, “Алпомиш” туркумини тўлдирувчи “Бева Барчин”, “Қўнғирот”, “Қалдирғоч”, “Шомурод”, “Худоёр” (ёхуд Йўлчибек), “Гўрўғли” силсилавий достонларини мукаммаллаштирувчи “ғарибнома”, “Шаҳиднома”, “40 қасамёд”, “Авазнинг туғилиши”, “Малла савдогар”, “Ота-она дуоси”, “Нурали ва Семурғ”, “Шерали”, “Зулфиддин”, “Жархун мастон”, “Сув париси”, “Таркибадахшон”, бахши-шоирлар эътиқоди, ахлоқини улуғловчи “Олланазар Олчинбек”, “Бахши” сингари достонлар Шеробод бахшичилик мактабига  хосдир.

Бу поэтик мактаб вакиллари республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги бахшилардан дўмбирани кўп ва хилма-хил оҳангларда ижро этиши, “Авазхон” ва “Нурали” туркумидаги достонларини ўзгача ихлос билан айтиш жиҳатидан ҳам ажралиб  туради. Гўрўғлининг невараси Нурали ҳақида 20 дан ортиқ достон  мавжудлиги, шу туркумга доир “Малла Савдогар” достонининг ҳатто икки  версияси борлиги воҳада Нуралининг эпик қаҳрамон сифатида машҳурлигини  кўрсатади.

Чори бахши Умиров мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан Президентимиз фармонига кўра, “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони билан тақдирланди. Ўн икки фарзанд, юзга яқин невара-ю чеваралар ардоғидаги бахши бобо ҳақидаги ҳурсандчилик хабари яқин-йироқларга етди. Тоғу довонлар оша бахшини қутламоқ ниятидаги меҳмон, мухлислар оқими ҳамон бардавом.

— Давлатимизнинг бу юксак мукофоти менга куч-ғайрат, илҳом бағишламоқда, — дейди бахши. — Мустақиллик йилларида халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, ботинида яшаётган тадбиркорлик қуввати юзага чиқди. Бунинг натижасини дастурхонимиз тўкинлиги, ҳар томонлама соғлом фарзандларимиз, тотув оиламиз мисолида ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Буни дунё тан олмоқда. Тинч-осуда ва фаровон юртда бахшилар жўшиб куйлайди. Ўзбекистонимиздаги ҳар бир ўзгаришнинг ўзи бир достондир.

… Бахши илҳом, ихлос ва меҳр билан дўмбира чертади.

Кўнглимизда бахшили элнинг нияти улуғ, руҳи баланд, ўзи эса Алпомишдек ботирлигига бўлган ишончимиз янада мустаҳкамланди.

Илҳом ШОЙМАРДОНОВ,
Термиз давлат университети
ўқитувчиси,
Баҳром НОРМУРОДОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири,

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг