Юрт тақдири ва келажаги учун масъулмиз: ЎзМТДП ташкилотлари ва депутатлар олдида турган муҳим вазифалар муҳокама қилинди

0
12

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг парламентга Мурожаатномаси том маънода тарихий воқеа бўлди. Мамлакатимиз тарихида Президент илк бор Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига Мурожаатнома билан чиқди. Мазкур Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётини таъминлайдиган, уни ҳар томонлама ривожлантиришга асос бўладиган дастуриламал ҳужжатдир. Унда ўтган 2017 йилда амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди, ҳар бир соҳа ва тармоқдаги мавжуд муаммо ва камчилик­ларни бартараф этиш, соҳалар ривожини таъминлаш борасида қатор янги ташаббус ва ғоялар илгари сурилди. Шу боис бугун мазкур Мурожаатнома нафақат мамлакатимиз жамоатчилиги, балки хорижий мамлакатлар вакиллари томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда, мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, ҳар бир ташкилот ва идора келгусидаги вазифаларини белгилаб олаётир. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши ҳам ушбу Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланди.

Йиғилишни фракция раҳбари Сарвар
Отамуратов олиб борди. Унда Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди.

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тарихида илк бор парламентга 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекис­тон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатнома тақдим этгани, шубҳасиз, давлатчилигимиз тараққиётида янги босқич бошланганидан далолат беради, — деди фракция раҳбари Сарвар Отамуратов. — Давлатимиз раҳбарининг мазкур Мурожаатномасида жамиятимизнинг барча жабҳаси қамраб олинди ва чуқур таҳлил қилинди. Ўтган даврда ҳар бир соҳа ва йўналишда амалга оширилган ишларга баҳо берилди, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Президентимиз илгари сурган ҳар бир ғоя ва ташаббуснинг ижросини таъминлаш халқ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди. Давлатимиз раҳбарининг келгусидаги вазифаларни самарали амалга оширишда парламент, депутат ҳамда сенаторларнинг ўрни ва роли борасидаги  фикрлари биз парламент аъзоларидан, шу жумладан, ЎзМТДП фракцияси ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан ўз ишимизни танқидий кўриб чиқишни, фаолиятимизни янада юқори поғонага кўтаришни талаб этади. Айни шу мақсадда ЎзМТДП депутатлик бирлашмалари ҳамда партия ташкилотлари олдида турган муҳим вазифаларни ўз ичига олган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Бундан кейинги фаолиятимизни Мурожаатнома асосида ишлаб чиқилган мазкур чора-тадбирлар режасига мувофиқ ташкил этишимиз, ҳар бир мақсад-вазифани амалга оширишда фаол, ташаббускор бўлиш билан бирга зиммамиздаги масъулиятли вазифаларни жонкуярлик билан адо этишимиз лозим бўлади. Шундагина партия ўз олдига қўйган улкан мақсадларга эришиши, жонажон юртимизнинг буюк келажагини таъминлашга ҳисса қўшиши мумкин.

Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилга Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб ном берилди. Йиғилишда фракция аъзолари келгуси йили фаол тадбиркорликни ривожлантириш давлатимиз эътибори марказида бўлиши, бу соҳани қўллаб-қувватлаш, бизнес субъектларини жадал ва барқарор ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилиши, божхона тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқишни тақозо этишини алоҳида эътироф этишди. Бу ўз олдига миллий иқтисодиётни ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида жаҳон бозорига маҳсулот етказиб беришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш ва оилавий тадбиркорлик, касаначиликни ривожлантиришни устувор вазифа этиб белгилаган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси учун ҳам ниҳоятда муҳим эканини таъкидладилар.

Шунингдек, йиғилишда фракция аъзолари Мурожаатномада келтирилган парламент ва сиёсий партиялар фаолиятидаги камчиликлар, улар олдида турган долзарб вазифалар, жумладан, соғлиқни сақлаш тизими, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ҳамда маҳаллий Кенгашларда ишчанлик, ўз-ўзини танқид руҳини яратиш каби масалаларда парламентнинг роли сезиларли даражада эмаслиги, бирор-бир туманда халқ депутатлари Кенгашининг фаолияти намунали асосда ташкил этилмагани танқидий баҳоланганига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

— Президентимиз Мурожаатномасида давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш, кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш вазифаси қўйилди, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Жолдасбек Абдужалилов.
— Бу механизмнинг ҳар томонлама шаффоф ва самарали ишлаши учун маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Шу боис маҳаллий Кенгашларнинг роли, халқ вакилларининг ваколатлари тубдан оширилди. Сиёсий партияларнинг маҳаллий ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, депутатлик назорати мустаҳкамланди.

Йиғилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан сайланган депутатлар ўз вазифа-ваколатига масъулият билан ёндашиши, аҳоли мурожаатларига ечим топиш ва улар манфаатларини ҳимоя қилиш, аниқ таклиф ва ташаббуслар билан чиқиш, қарорлар қабул қилишда фаоллик кўрсатиши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, фракциянинг чора-тадбирлар режасида Президентимиз Мурожаатномасини кенг тарғиб-ташвиқ этиш, унда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда қонунчилик ташаббуси, парламент назорати йўналишида аниқ вазифалар белгиланган. Депутатлар ҳамда партия фаоллари амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режасини кенг муҳокама қилиб, уни янада бойитиш ва тўлдиришга қаратилган таклиф-тавсия, фикр-мулоҳазалар билдирди.

Йиғилиш якунида Мурожаатномада белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг чора-тадбирлар режаси қабул қилинди.

Мухтабар ҲУСАНОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида  таъкидлаганидек, қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт. Боиси қонунларимиз ҳаётий, халқ манфаатларига хизмат қиладиган ҳамда одамларни ортиқча машаққат чекиши, вақт ва маблағ сарфлашга мажбурламаслиги лозим. Бунинг учун барча даражадаги депутатлар доимий равишда халқ орасида бўлиб, уларнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиши, қонун лойиҳаларини шу асосда тайёрлаши зарур. Бундан ташқари,  қонун лойиҳалари муҳокамасига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, жумладан, Интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш зарур. Фуқаролар давлат ва жамият ҳаётига оид муҳим масалалар бўйича фикр-таклифларини билдириши учун “Менинг фикрим” деб номланган махсус веб-саҳифа ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини татбиқ этиш орқали бир гуруҳ фуқаролар томонидан илгари сурилган ташаббусларни Олий Мажлис ёки халқ депутатлари Кенгашлари кўриб чиқиши мажбурий экани қонунда ўз ифодасини топиши — халқ фаровонлиги, юрт равнақи, аҳолининг ислоҳотларга дахлдорлиги ошиши ҳамда ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади.

Зумрад БЕКАТОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Мурожаатномада бошқа соҳалар қаторида соғлиқни сақлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, 2017 йил давомида бир қанча ишлар амалга оширилганига қарамасдан, муаммолар ҳали ҳам сақланиб қолаётгани айтилди. 2018 йил давомида аҳолига қулай, сифатли ва замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, касалликларни эрта аниқлаш каби ишлар билан бирга масофадан туриб профилактика қилишни таъминлайдиган “Ақлли тиббиёт” ва “Ягона тиббий ахборот маркази” концепциялари татбиқ этилади. Шунингдек, хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда хусусий тиббиётни ривожлантириш, чет эллик мутахассисларнинг мамлакатимизда доимий фаолият юритишини таъминлашга қаратилган ишларни кучайтириш, она ва бола саломатлигини асрашда муҳим омил бўлган скрининг марказлари фаолиятини тубдан кўриб чиқиш зарурлиги, аҳолини дори-дармон билан таъминлаш одамларни қийнаётган муаммолардан бири экани очиқ-ойдин айтилди. Бу каби ишларнинг амалга оширилиши соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг