Ҳазил таги зил бўлмасин: ёхуд ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган “ўзбекча прикол” таг-замирига бир назар

0
4

Инсон табиатан янгиликка интилади. Ҳар доим янги ахборот ёки маълумотга эга бўлгиси келади. Айниқса, қизиқарли, шов-шувли, кўпчиликнинг эътиборини тортадиган воқеа-ҳодисани биринчилардан бўлиб оммага етказишга ҳаракат қилади.

Бугун бу жуда осон ишга айланиб қолди. Ҳозир нима кўп ижтимоий тармоқ, видео ва фото маълумотларни тарқатиш мумкин бўлган портал, сайт кўп. Улар оз вақт ичида ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланди. Интернетга қидирув берсангиз исталган нарсани топиш мумкин. Улар орасидан зарур ва фойдалиларини ажратиб олиш — қумни элаб олтин қидиришдай гап.

Facebook’нинг собиқ вице-президенти ижтимоий тармоқлар бугун дунёдаги адамларга қандай зарар етказаётгани борасидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Facebook’даги фаолиятини 2017 йилда компания топ-менежери лавозимида якунлаган Чамат Палихапития “маҳлуқ”ни ўстиришга ёрдам бергани учун жуда катта виждон азобини ҳис қилишини айтди. “Биз жамиятнинг ижтимоий тузилмасини емирувчи жиҳозни ишлаб чиқдик”, деди у Стэнфорд университети Олий бизнес мактаби талабалари билан кечган учрашувда.

Палихапития нафақат Facebook, балки тармоқдаги мулоқот тизимларини танқид қилди. “Одамлар ижтимоий тармоқлардаги “лайк”лар натижасида ишлаб чиқарилувчи дофаминга қарам бўлиб қолади. Бу жамият фаолияти тамойилини парчалайди. Фуқаролик муҳокамалари йўқ, ҳамкорлик йўқолмоқда, буларнинг ўрнига сохта маълумотлар ва фактлар алмашуви “гуллаб яшнамоқда”.

У мисол сифатида ёвуз ниятли кимсалар Whats App мессенжери орқали “миш-миш”лар тарқатаётганини келтиради.

“Тушунаяпсизми, нималарга аралашиб қолдик? Ёмон актёрлар оммани бошқариши ва уни бирор нарса қилишига ундаши мумкин. Мен бу муаммони қандай ҳал қилишни билмайман. Шу боис шунчаки ижтимоий тармоқлардан фойдаланишдан воз кечдим”, дейди Facebook собиқ вице-президенти.

Энди мавзуга жамиятимиз ҳаётига дахлдор мисоллар орқали назар ташлаймиз.

Интернет оламида сўнгги пайтда, айниқса, видео тарқатиш кескин кўпайди. Шундай видеолардан бирида дўконда уч-тўрт аёл ўғрилик қилгани учун бошқа бир аёлни дўппослаб, кийимларини ечиб, кўчага ҳайдади. Кимлардир ўғрига берилган жазо тўғри деди. Бошқалар эса инсонийлик қиёфаси йўқотилаётганидан, одамларнинг қаҳри қаттиқлашиб бораётганидан, айниқса, аёлларимиз шарму ҳаёни унутаётганидан афсусда эканини билдирди.

Кейинги вақтда одамлар орасида қонун доирасидан чиқиш, яъни “ўзича суд қилиш”, “ўзича жазолаш” ва буларни видеотасвирга олиб, Интернетда тарқатиш “урф”га кирмоқда. Савол туғилади: наҳотки шундай юксак тараққиёт даврида яшаётиб ҳам кимнидир сазойи қилишдек “оломонлик маданияти”дан қутилиб бўлмаяпти? Бу савол ҳар қандай инсонни ўйга толдириши, шубҳасиз.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинган яна бир видеода, ноқонуний ер майдонига қурилган уйини бузиш тўғрисидаги суд қарорига норозилик намойиши сифатида ўзига ўт қўйишга уринган ва уйининг томидан ўзини ташлаган йигит тасвирланган. Дастлаб фойдаланувчилар мутасаддиларни айблаб шарҳ ёзишди. Facebookдаги “Халқ билан мулоқот” (Диалог с народом) гуруҳида бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилгач, яъни мазкур фуқаро билан боғлиқ суд материаллари эълон қилингач, унга холис баҳо бериш бошланди. Ортиқча жазавага тушишлар камайди.

Бошқа бир видеода спорт, хусусан, бокс шинавандасининг айтган сўзлари ва ҳаракатлари тасвирланган. Тасвир кайфиятни кўтариш мақсадида олинган ва тарқатилган бўлиши мумкин, лекин, аслида, бу видео унда тасвирланган бокс ишқибози шахсиятининг устидан кулиш, унинг жамиятдаги обрўсига путур етишига олиб келди.

Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Шунчаки, “Буни қаранглар, мен нималарни кўрдим”, дея мақтаниш учун тасвирга олаётган ва Интернет орқали тарқатаётган видеолар таг-замирида ўзимиз тасаввур қилмаган ёт мафкура ётишини билмаймиз. Кўчада дўппос­лашаётган аёлларни кўриб, оғир саволлар юракни эзади: бугунги ўзбек аёллари, наҳот шундай аҳволга келиб қолди?

— Инсон етти ёшгача тарбия олади, етти ёшдан кейин ўз-ўзини англаш орқали тарбияланади, — дейди “Афросиёб” психологик ёрдам маркази раҳбари Зебо Аҳмедова. — Яъни ижтимоий муҳит, устозлар, шунингдек, оилада ота-она фарзандига ўзини англашни ўргатиши лозим. Инсон шу орқали яхши ва ёмонни танийди, ўзи учун қандай бўлиш ва бўлмаслик борасида бир хулосага келади. Орият — бу халқимиз руҳиятининг психологик асоси. Доно халқимиз шу аснода “Яхшисини ошир, ёмонини яшир”, деб тарбия беради. Кимнингдир устидан кулиш, кесатиш, ҳақоратлаш, шахсий ҳаётига аралашиш кабиларни ўз ичига олган видеороликлар ўзаро келишмовчиликларга ҳам олиб келмоқда. Ҳар бир инсон ўзининг шаъни, қадр-қимматининг топталишига жим қараб туролмайди, бундан ташқари дахлдорлик ҳисси ҳам бунга йўл қўймайди. Инсон психологияси шундай. Масалан, агар бирор миллат вакили, бошқа миллат вакили билан тортишиб қолса, бу миллатлараро катта тўқнашувга айланиши мумкин ёхуд йигит ва қиз ўртасидаги можаро омма этиборида бўлса, жамиятда эркаклар ва аёллар фикрлари турлича бўлиши тайин. Аммо бу тенденция ҳаддан ортиб кетмаслиги, ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаёти, ҳақ-ҳуқуқларини қонунларимиз ҳимоя қилишини барча бирдек тушуниши шарт.

— Мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳаёти дахлсиз ва у қонун ҳимоясида, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Акмал Раҳмонов. — Кўтарилган масала юзасидан бир қатор қонун ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда Жиноят кодексида шахсни камситиш, обрўсизлантириш, унинг рухсатисиз шахсий ва оилавий сирларини ошкор қилиш каби ҳолатларга нисбатан тегишли жазо чоралари белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда “Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, дейилган. Жиноят кодексига мувофиқ худди шу ҳолатлар маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг такроран содир этилса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Агар мазкур ҳаракатлар оғир оқибатларга олиб келса, ғаразли ниятда амалга оширилса ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилса, унинг ҳолатига қараб, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган. Давр шиддат билан ўзгариб бормоқда, қонунлар ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши, у билан теппа-тенг қадам ташлаши керак. Бу эса олтин оралиқни топиш, адолатни тиклаш, амалдаги қонунларни мукаммаллаштириш, бугунги давр талабларига мос қонунларни қабул қилишни тақозо этмоқда. Ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топиши, айбдорлар ўз жазосини олиши шарт.

Юқорида замирига чуқур назар солинса, асосан, миллий мафкурамизга зид воқеалар акс этган видеотасвирлар ҳақида сўз юритдик. Энди саволимиз шундан иборат: нега биз бундай ахборотларни тарқатишга ошиқамиз? Нега бир-бирини калтаклаётган, ўзини томдан ташлаётган, бировга ёмон сўз айтаётган инсонларни бу йўлдан қайтариш ўрнига томошабин бўламиз, камига тасвирга тушириб, Интернет орқали оммага етказамиз? Бу билан уларнинг шахсий ҳуқуқларини таҳқирлаётганимиз, ана шундай хунук воқеаларни оммалаштираётганимизни тушунамизми?

Яқинда АҚШда ўсмирлар кўчада калтакланган ва хўрланган аёл фонида селфига тушишгани ҳақида ўқиган эдим. Агар шу кетишда давом этсак, бизнинг ёшларимиз ҳам ҳеч тап тортмай ана шундай қабиҳликка қўл урмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди.

Мавзуга дахлдор видеоларнинг “приколлар” деб аталувчи тури ҳам мавжуд. Кўнгил ёзиш, дам олиш, кайфиятни кўтариш мақсадида томоша қиладиган турли тасвирлар онгимизга қанчалик салбий таъсир кўрсатишини тасаввур қила олмаймиз. Уларда акс этган ва кулгили деб билган ҳолатлар таъсирига тушиш ва беихтиёр уларни ўзимизда ҳам синаб кўриш иштиёқи туғилиши турган гап. Ижтимоий тармоқлар, видео жойланувчи порталларда алоҳида “Приколлар”, “Ўзбекча приколлар” каби бир нечта каналлар фаолият юритади. Уларда инсонлар ва жонзотлар билан боғлиқ турли ҳолатлар акс этган видео, аудио материаллар, суратлар жойланади.

“Прикол” сўзининг асл маъноси нима ўзи? Луғатда прикол —“санчиб олиш”, “илиб ўтиш” маъноларини ифодалаши айтилган. Биз “прикол”нинг ўрнига “киноя” сўзини қўллашимиз мумкин. Демак, биз кўраётган ўша кинояли видеолар, суратлар, эшитаётган “ҳазил” аудиолар бизга нима беради? Улар миллий қадриятларимиз, анъаналаримизга мосми? Ёшларимизнинг шаклланиб келаётган дунёқараши ўзгаришига қанчалик таъсир ўтказади?

“Приколлар” рукни остида эълон қилинаётган маълумотлар борасидаги бу каби саволларга жўяли жавоб беролмаслигимиз турган гап. Бугун ҳазил видео, деб баҳолаётганимиз онг остига сингиши, куни келиб ўзининг акс таъсирини кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам  кўрмаймиз.

— Мусиқа тинглаш, фильм кўришни ёқтирганим сабаб бугунги кундаги таниқли актёр ва актрисалар, эстрада хонандаларининг шахсий ҳаёти билан яқиндан танишишга ҳаракат қиламан, — дейди Тошкент  давлат шарқшунослик институти 4-босқич талабаси Зоҳид Отаев. — Шоу-бизнес олами вакиллари ўзларининг айтаётган гаплари, тўй ва маросимлардаги рақси, эрта тонгдан ярим тунгача нима иш билан машғул бўлишини бирма-бир тасвирга тушириб, ижтимоий тармоқларга жойлаштиради. Афсуски, қўшиқчиларнинг тўйларда беўхшов рақсга тушиб, қўшиқ айтаётганида одоб доирасидан чиқиб бемаза қилиқлар акс этган видеолар ҳам учраб туради. Санъаткор — эл эътиборидаги одам. Бунинг устига мухлислар ҳам синчков. Биргина ножўя қилиқ қилган санъаткор борки, шу заҳоти камерага тушади, камига Интернетни ҳам «айланиб чиқади». Сўнг одатда, бу унинг лицензиясидан айрилиши билан тугайди. Бироқ лицензияни олиб қўйиш билан иш битармикан? Унинг минг-минглаб ёшлар онг-қалбида ҳосил қилган ўпирилишларини даволаш учун қанча вақт ва маблағ керак? Ахир ёшлар орасида шу таниқли хонандаларнинг ашаддий ишқибозлари, кўр-кўрона унга эргашувчилар камми? Булар ҳақида ҳам чуқурроқ ўйлаб кўриш керак.

Шунингдек, тижорий сайтлар ўз аудиториясини айнан мана шундай ахборот билан таъминлашга зўр бераётгани ачинарли ҳол. Тармоқ ва сайтларда фалон қўшиқчи ёки актрисанинг тўйдаги рақси, фалон артистнинг сўкингани, фалончининг шармандали видеоси сарлавҳали видеолар кундан-кун кўпайиб бормоқда. Айрим Интернет нашрлари шоу-бизнес вакили ёки бирор таниқли шахс ҳақида бўлган-бўлмаган видеоларни тарқатишга бор кучини сарфламоқда. Сайтни кузатиб борувчилар сонини кўпайтириш, бунинг ортидан мўмай пул топиш илинжида бўлганлар ўзлари билиб-билмай халқни маънавиятсизликка чорлаётгани очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Бугунги кунда кундалик ҳаётдаги воқеа-ҳодисаларни видеотасвирга олиш ва уни тарқатиш аллақачон кимларнингдир севимли машғулотига айланиб улгурган. Улар орасида бу фаолияти ортидан виртуал оламда ўзига хос машҳурликка эришганлар ҳам бор. Уларнинг бу фаолиятини бутунлай қораламоқчи эмасмиз. Ахир ҳазил, хурсанд­чилик ҳам, танқид ҳам керак инсонга. Фақат ҳазил таги зил бўлмаслиги, берилаётган ахборотнинг таг-замирида қандай мафкура ётканини тўғри баҳолай олиш зарур. Видеоларни тарқатишдан аввал у оммага нима бериши ҳақида чуқур ўйлаб кўриш талаб этилади.

Умуман олганда, шундай видеони тасвирга олиш, қаҳрамонларнинг хатти-ҳаракатлари, айтаётган сўзлари-ю, бемаза қилиқларини видеотасмага  муҳрлаш ва виртуал олам бўйлаб тарқатиш, оқибатда эса шахс обрўсига путур етказилишининг олдини олиш борасида ўйлаб кўриш, мазкур фаолиятни қайсидир маънода тартибга солиш чораларини излаб топиш, шу соҳага тегишли мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мукаммаллаштириш, керак бўлса, янгиларини қабул қилиш вақти келди, назаримизда.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг