Ҳассос ва беором қалб эгаси

0
8

Атоқли адабиётшунос олим, адиб ва таржимон Иброҳим ғафуровнинг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланаётгани бугун юртимизда ижод аҳлига қаратилаётган юксак эътибор ва эҳтиромнинг амалдаги намунасидир. Танглайи китоб билан кўтарилган, бутун умрини адабиётга, илмга бағишлаган адиб бугун меҳнатлари самарасини кўрмоқда, элу-юрт эъзози, ҳурматига сазовор бўлаётир. Унинг жамият равнақи, миллий адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси, кўп йиллик самарали хизматлари давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди: “Дўстлик”, “Меҳнат шуҳрати” орденлари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби” фахрий унвони билан тақдирланди.

Ўзбек Миллий академик драма театрида адиб таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Унда адибнинг оила аъзолари, ҳамкасблари, дўсту биродарлари, давлат ва жамоат арбоблари, олимлар ва ижод аҳли иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иброҳим ғафуров таваллудининг 80 йиллигига йўллаган табригини Президентнинг давлат маслаҳатчиси Ҳайриддин Султонов ўқиб эшиттирди. Табрикда, жумладан, шундай дейил­ган: “Ватан ва миллатга, сўз санъатига садоқат ҳақида сўз борганда, жамоатчилигимиз, халқимиз, биринчи навбатда, ўз касбининг устаси ва фидойиси бўлган Сиз каби илғор фикрли зиёлиларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга олиши табиийдир. Мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнлар янги, юксак босқичга кўтарилиб, ҳал қилувчи кучга айланаётган бугунги кунда Сиз сингари чуқур билим ва ҳаётий тажрибага, фаол ижтимоий позицияга эга бўлган, қалби, виждони уйғоқ замондошларимизнинг ҳаётдаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Сизнинг мана шундай улуғ ва табаррук ёшда ҳам фаол ва жўшқин ижод билан шуғулланаётганингиз барчамиз учун, аввало, навқирон истеъдод эгалари учун юксак ўрнак ва ибрат намунасидир”.

Тадбирда Иброҳим ғафуров билан бирга, елкама-елка фаолият олиб борган ижодкор ва касбдош дўстлари, шогирдлари Акмал Саидов, Шарифа Салимова, Нодир Жон­узоқ сўз олиб, дил сўзларини изҳор этди.

Иброҳим ғафуров зиёлиларини улуғлаётган, уларга эътибор ва эҳтиром кўрсатаётган халқимиз ва давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорлигини билдирди.

— Умрим давомида китоблардан кўп ва хўп ибрат олдим, — деди Иброҳим ғафуров. — Аммо энг ҳаётбахш ибратни халқимнинг меҳри, бағрикенглиги, матонатидан олдим. Бир нафас ҳам сўз меҳнатидан фориғ бўлмадим. Мен Ўзбекистоннинг улуғ куйчилари виждон уйғоқлиги учун бонг урган замонларда яшадим. Уларни она юрт муҳаббати шоир қилганини кўрдим. Шукрки, уларнинг юрак қони билан битилган асарлари биз билан яшамоқда ва абадий яшайди.

Ўз юртига фидокорлик билан хизмат қилган ҳар бир одам бахтлидир. Шу боис юрти учун ёниб меҳнат қилган инсон толеида яхшилик борлигига ишонаман. Бизни йўқлаб келган Сиз, азизларга бош эгиб, таъзим қиламан. 2017 йилда мамлакатимизда бошланган залворли юксалиш, келажакка юзланиш янги йилда янги саодатлар билан ҳар бирингизнинг ҳаётингиз, қисматингиз, толеингизда давом этсин. Ўзбекистонимиз, меҳри дарё халқимиз, юраги олов ёшларимиз, мангу истиқлолимиз бор бўлсин, униб-улғайсин.

Таъкидлаш жоиз, ҳукумат қарори билан Ўзбекистон санъат арбоби Иброҳим ғафуровнинг 80 йиллиги юртимизнинг барча гўшасида, адабиёт вакиллари орасида, таълим даргоҳларида кенг нишонламоқда. Бу вақт оралиғида адибнинг
9 китоби нашрдан чиқди. Шунингдек, Иброҳим ғафуровнинг ҳаёт ва ижод йўли акс этган тўп­ламлар нашр этилди.

Тадбир якунида адиб ҳаёти ва ижодига бағиш­ланган ҳужжатли фильм намойиш этилди, санъаткорлар ижросида куй-қўшиқлар, шоирлар томонидан шеърлар ўқилди.

Хуршид ДЎСТМУҲАММАД,
ёзувчи, публицист:

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ташкил топган дастлабки йилларда Иброҳим ғафуров унга етакчилик қилди. Бу даврда партия ҳали тўла шаклланмаган, ташкилий-молиявий жиҳатдан ночор аҳволда эди. Лекин шунга қарамай, партиянинг оёққа туришида у киши бош-қош бўлди. Сиёсий партия ирода, садоқат билан ишлашни тақозо қилишини англашимизда Иброҳим ғафуровнинг мана шу фаолияти бизга ўрнак бўлди. Шу билан бирга “Миллий тикланиш” газетасининг бош муҳаррири сифатида фаолият олиб бориб, унинг зиёлилар, халқ орасида оммалашишига муносиб ҳисса қўшди. Муштарийлар бу газетанинг кейинги сони чоп этилишини кута бошлади. Газетада сиёсий пуб­лицистика жанрини йўлга қўйди. Сиёсий руҳдаги мақолалар ҳам сиёсий, ҳам бадиий-публицистик тус ола бошлади. Буларнинг барчаси Иброҳим ғафуровнинг адабиётни, ўз ишини юракдан севганидан, қайси ишга қўл урмасин, фидойилик билан ёндашишидан бунёд бўлди.

Иброҳим ака билан ҳам дўст, ҳам ука, ҳам шогирд сифатида қирқ йилдан бери биргаман. Бу инсон билан ҳамсуҳбат бўлиш, ижодий баҳсларга киришиш ҳаётим давомида катта мактаб вазифасини ўтаган. Унинг барча фазилат ва хислатларини бир жумлада ифодалаш қийин. Президентимиз эътибори билан мустақиллигимизнинг 26 йиллиги арафасида «Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби» фахрий унвони билан тақдирланиб, 80 йиллик таваллуд айёмининг кенг нишонланиши бугун юртимизда ижод аҳлининг жойи нафақат давраларнинг, балки юракларнинг тўрида эканидан далолат. Зеро, ўз зиёлилари таваллудини байрам қилган халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

 

Нодир ЖОНУЗОҚ,
“Ёшлик” журнали бош муҳаррири:

— Ортда қолган йилни, ҳеч иккиланмай, адабиёт йили бўлди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби 2017 йилда миллий адабиётимизни юксалтириш, уни янада ривожлантириш, адабиёт жонкуярлари, соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида Президентимизнинг алоҳида қарор ва фармонлари қабул қилинди, кўплаб ибратли ишлар амалга оширилди. Ўзбекистон санъат арбоби, устоз адиб, моҳир таржимон ва мунаққид Иброҳим ғафуровнинг 80 йиллигининг мамлакатимизда кенг нишонланиши мана шу ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунасидир.

Иброҳим ғафуров асарларини ўқиган инсон унинг ўзбек адабиётидаги ўрни нақадар залворли эканини англайди. Унинг адабий мақолалари, бадиий мансуралари ва таржималари ўзига хос маҳорат билан ёзилган ва амалга оширилган. Жаҳон адабиётининг энг дурдона намуналарини, дунё адабиётининг иқлимини белгилаб берадиган асарларни таржима қилди. Бу асарлар ўқувчида ўзбек тилида ёзилгандек, тилимизнинг беқиёс қуввати билан қоғозга тушгандек таассурот қолдиради. Бу, албатта, бевосита таржимон маҳорати билан боғлиқ жараён. Таржима шунчаки бошқа тилдаги асарни сўзма-сўз ёзиш эмас, балки бошқа тилнинг руҳини кўчириш демакдир. Бундай масъулиятли вазифани адо этиш учун эса таржимонда асар муаллифи билан қарийб тенг куч-қувват, идрок ва маҳорат бўлиши керак. Иброҳим ғафуров руҳиятида ана шундай хислатлар мужассам бўлгани боис, энг дурдона асарларни ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилди. Ўзига хос донишмандлик унинг барча асарида яққол акс этади. Суҳбатларимизнинг бирида устоз “мен фикр адабиётини яратишга ҳаракат қилдим”, деган эди. Бугун мамлакатимизда фикр эркинлиги учун кенг майдон яратилаётган, давлатимиз раҳбари халқимизни фаолликка, фикрлашга даъват этаётган бир пайтда фикрий адабиёт шу соҳа аҳли учун ҳам, жамият учун ҳам муҳим омил саналади.

Шоҳида ДАМАНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг