“Барча фильмлар тенгдир” : Бу — француз синематикаси фаолиятининг бош мезони саналади

0
3

26

Париж шаҳрида жойлашган Француз синематикаси дунёдаги энг катта фильмлар ҳамда кинематография архиви ҳисобланади. Синематика нотижорат ташкилоти сифатида кинотасмаларни сақлаб қолиш, уларни қайта ишлаш ҳамда келгуси авлодга етказиш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирги кунда унинг фондидан 40 мингдан зиёд фильмлар ҳамда у билан боғлиқ минглаб материаллар (сценарий, андоза, декорация, либос, техника воситалари, афиша, фотосуратлар) ўрин олган.

Кинонинг яралиш тарихи ҳақида гап кетганда, кўз олдимизда дарров Голливуд гавдаланади. Кино саноати АҚШда қанча тараққий этмасин, кинематография ватани Франция саналади. 1895 йилнинг 28 декабрида ака-ука Луи Жан Люмьер ҳамда Огюст Луи Мари Николя Люмьер инсоният тарихида илк маротаба пуллик киносеанс ташкил этиб,
“Лиондаги Люмьер фабрикаси ишчиларининг чиқиши” номли бир дақиқали қисқа метражли фильмни намойиш этган. Шу боис синематиканинг Париж шаҳрида ташкил этилиши рамзий маънога ҳам эга.

Француз синематикасига 1936 йилда киношунос олим Анри Ланглуа асос солган. У мактабда ўқиб юрган пайтларидаёқ кинога меҳр қўяди: ўқувчилик йилларидан бошлаб эски кинофильмларни йиға бошлайди. Анри Ланглуа синематиканинг биринчи раҳбари саналади. Эски кинотасма ва кинога оид буюмларни йиғиш ҳамда уларни келажак авлодга етказишга муносиб ҳисса қўшди. Таниқли француз шоири, рассоми ва режиссёри Жан Кокто Анри Ланглуага “Хазинамизни қўриқловчи аждар” деб таъриф бергани бежиз эмас. Ланглуанинг француз, шунингдек, жаҳон кинематографиясига қўшган ҳиссаси муносиб эътироф этилиб, 1974 йилда “Кинематография­ни сақлаб қолгани учун” номинацияси бўйича АҚШ киноакадемиясининг “Оскар” мукофотига сазовор бўлди.

Синематика 2005 йилдан Парижнинг Берси туманида меъмор Фрэнк Гери ўзига хос услубда бунёд этган иншоотда фаолият кўрсатади. У бундан аввал 1937 йилда Эйфель минораси қаршисида бунёд этилган ҳашаматли Шайо саройида эди. Синематика гарчи хусусий ташкилот мақомини сақлаб келаётган бўлса-да, бироқ бюджетининг маълум бир қисми давлат томонидан қопланади. У ҳар йили 100-150 та янги кинофильм харид қилади. Музейда тўртта кинозал жойлашган бўлиб, унда эски кинотасмалардан лавҳалар намойиш этиш йўлга қўйилган.

Шунингдек, бу ерда кино музейи фаолият юритади. Унда кинога оид 600 га яқин ноёб экспонат сақланади. Музейдаги экспонатларнинг муайян қисми кинорежиссёрлар ҳамда актёрлар томонидан тақдим этилган шахсий буюмлардан иборат. Музейда кино саноатига доир энг қадимий ашёларни ҳам, бугунги кунда истеъмолда бўлган қизиқарли экспонатларни ҳам учратиш мумкин. Жумладан, музей коллекциясидан ўрин олган француз режиссёри Мари-Жорж-Жан Мельес 1902 йилда суратга олган “Ойга саёҳат” номли илк илмий-фантастик фильмда фойдаланилган афсунгар либоси томошабинларда катта қизиқиш уйғотади. Брюно Нюиттеннинг “Камила Клодель” деб номланган фильм (1988 йил) ­да актёрлар
Изабель Ажани ҳамда Жерар Депардье роль ижро этиш чоғида кийган либослар ҳам шу музейда сақланмоқда. Шунингдек, 1920 йилга оид Чарли Чаплин автопортрети, Ман Рейнинг 1928 йилда ёзилган “Денгиз юлдузи” фильми сценарийси, “Иван Грозний” фильми учун ишланган 1945 йилга оид афиша ҳамда унинг образи учун фойдаланилган либос, америкалик ихтирочи Томос Эдисон ишлаган фонограф, 1960 йилда Альфред Хичкок суратга олган “Жиннилик” кинофильмида фойдаланилган бош суяги макети каби экспонатлар музей экспозициясини бе­заб турибди. Бундан ташқари, ҳаракатланувчи расмларни намойиш қилиш учун мўлжалланган қурилма — фенакис­тикоп, турли даврга оид кинопрожекторлар, киноаппаратлар ҳам ҳеч бир кино ихлосмандини бефарқ қолдирмайди.

Муассасада фаолият кўсатувчи ресторан кино муҳитига мос равишда безатилган. Масалан, бу ердаги столлар кинотасма шаклида ишланган. Синематика кутубхонасида фильмлар ҳақида атрофлича маълумот олиш мумкин. Унда 23 минг 500 китоб, 500 журнал, 1,2 минг фильм сақланади. Фильмлар қандай яратилишини билишни истовчилар учун махсус курслар ҳамда маҳорат дарслари ташкил этилади. Унда ҳар бир кинонинг яратилиши билан боғлиқ маълумотга эга бўлиш мумкин.

Вақт ўтиши билан эски фильмларга нисбатан қизиқиш кучайиб  бораверади. Баъзан томошабинлар эътиборидан четда қолган ёки танқидчилар салбий баҳолаган кинофильмлар йиллар ўтгач “қайта туғилиб”,  санъат дурдонаси сифатида эътироф этилиши мумкин. Ўз вақтида юксак баҳоланган айрим киноасарлар эса йиллар ўтгани сайин ўз қийматини йўқотиши ҳам кинематография тарихида кўп бор кузатилган. Шу боис Ланлуа ва унинг издошлари кинематография архивини ташкил этаётганда “Барча фильмлар тенгдир” шиорини асосий мақсад қилиб олган. Унинг тўрт залида машҳур кинофильмлардан тортиб, оммага у қадар таниш бўлмаган киноасарлар ҳам тенг намойиш этилади.

Ш. ВОҲИДОВ

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг