Воҳанинг сайёҳлик салоҳияти янги босқичда

0
2

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон тарихий қадамжоларга бойлиги, сайёҳлик кўламининг кенглиги бўйича дунёдаги етакчи ўн мамлакатдан биридир. Мамлакатимизда етти мингдан ортиқ  тарихий ва маданий ёдгорликлар мавжуд. Биргина Хиванинг Ичан қалъасида 60 га яқин, Дишан қалъасида 127 тарихий ва маданий ёдгорлик бор. Уларни зиёрат ва томоша қилиш учун ташриф буюрадиган сайёҳларга ҳар томонлама шарт-шароит яратиш, уларда мамлакатимиз, хусусан, ўзлари зиёрат қилган қадамжолар тарихи ва тавсифи билан яқиндан таништириш соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Президентимизнинг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Респуб­ликасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, жорий йилнинг 16 августда қабул қилинган “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда. Айни пайтда юртимизнинг барча ҳудудида сайёҳлик соҳасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 14-15 октябрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида бу соҳада ҳаётга татбиқ этилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиб, Хивани туристик зонага айлантириш борасида зарур тавсия ва кўрсатмалар берган эди.

Шу кунларда Хива шаҳрининг Ҳазорасп дарвоза ёдгорлиги рўпараси катта қурилиш майдонига айланиб, бу ерда темир йўл вокзали барпо этилмоқда. Урганчни Хива билан боғловчи 33 километрлик темир йўл ётқизиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Жорий йилдан “Тошкент — Хива” йўналиши бўйича “Афросиёб” тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилиши режалаштирилган. Вокзал олдида улкан фаввора, ҳунармандлар растаси, сайёҳларга хизмат кўрсатадиган бир қатор мажмуалар ҳам қуриляпти.

Шаҳарда ҳунармандчиликка катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки уста-ҳунармандлар тайёрлаётган миллий ҳунармандлик намуналари — сопол ва чинни буюмлар, юртимизнинг нафаси ва меҳри акс эттирилган турли кўринишдаги эсдалик совғалар ҳар қандай сайёҳнинг диққатини жалб этмасдан қолмайди. Ҳозирда Хивада юздан ортиқ ҳунарманд усталар фаолият кўрсатмоқда. Шаҳарда манзилли дастурга асосан жорий йилда ҳунарманд­лар шаҳарчаси ташкил этилади. Демак, ҳунармандлар сони бундан-да ортиши кутилмоқда.

— Президентимиз ташрифидан сўнг Хива шаҳрида катта сайёҳлик мажмуалари бунёд этилмоқда, — дейди Ичан қалъа давлат музей-қўриқхонаси директори вазифасини бажарувчи, тарих фанлари номзоди Комилжон Худойберганов. — Тарихий обида ҳисобланган Нуруллабой саройида бадиий галерея, қабуллар уйи ташкил этилди, амфитеатр қад ростлади. Ҳунармандлар маркази  тузилди. Келгусида шаҳримиз меҳмонлари учун ресторан, кафе, миллий ошхона шохобчалари хизмат кўрсата бошлайди. Хиёбонлар, дам олиш масканлари барпо этилади. Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаси билан Паҳлавон Маҳмуд мақбараси янгидан таъмирдан чиқарилди. Бу ерга кунига ўртача 400 га яқин зиёратчи ташриф буюради. Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Хоразм вилояти ва Хива шаҳри туризм салоҳиятини комплекс ривожлантириш дастури тўғрисида” ги қарори бугунги ишларимизда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Хива шаҳрини дунё аҳамиятига молик, тарих ва замонавийликни ўзида мужассамлаштирган сайёҳлик марказига айлантириш мақсадида Ичан қалъа мажмуасининг ички қисми ҳамда теварак атрофини комплекс реставрация қилиш ва қайта тиклаш ҳам дастурга киритилган.

— Тарихий обидаларнинг “умри”ни узайтириш, уларни илмий ўрганиб, асл ҳолича келажак авлодга етказиш ва дунё сайёҳлари нигоҳини мана шу муборак масканларимизга қаратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланди, — дейди Хоразм Маъмун академиясининг илмий ишлар бўйича раис ўринбосари, техника фанлари номзоди Гавҳаржон Дурдиева. — Хоразм Маъмун академияси ходимларининг кўмагида Жанубий Оролбўйи меъморий ёдгорликларини синаш ва таъмирлаш лабораторияси ташкил қилинмоқда. Замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланадиган лабораторияда тарихий обидаларнинг ҳар бирини ўрганиш, жумладан, уларнинг қоришмаси, ғиштлари, қурилиш услуби, ер ости қисмидан тортиб то ер устки қисми томигача бўлган конструкциясини тадқиқ этиш жараёни олиб борилади.

Хива шаҳрининг сайёҳлик кўламига назар ташласак, 2012 йилда хорижий ва маҳаллий сайёҳларга 5,5 миллиард сўмдан ортиқ хизмат кўрсатилган  бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 11 миллиард 390 миллион сўмга етди. Хорижий сайёҳларнинг Хоразм вилоятида ўртача қолиш кунлари 2012 йилда 1,1 суткани ташкил қилар эди. 2017 йил давомида бу кўрсаткич ўртача 1,8 суткага кўпайди. 2016 йилда вилоятдаги тарихий обидалар, маданий ёдгорликларни томоша қилиш учун 33 минг 400 га яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди. 2017 йил сўнггида бу кўрсаткич сезиларли тарзда ўсиб, 45 минг нафарга етди. Хива шаҳрининг мўътадил об-ҳавоси, сайёҳ ва дам олувчилар учун яратилаётган қулай шароит, кўрсатилаётган турли турис­тик хизматлар ҳудудга ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимини кундан кун ортишига сабаб бўлмоқда.

Бугун туризм дунё миқёсида энг сердаромад соҳалардан бирига айланиб улгурди. Тадбиқ этилаётган лойиҳаларга янги-янги инвестицияларни жалб этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш эвазига аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, шунингдек, халқаро муносабатларни ўрнатиш ва мустаҳкамлашда ушбу соҳанинг аҳамияти катта бўлмоқда. Шу сабабли мамлакатимизда сайёҳлик ривожига катта эътибор қаратилгани ҳолда, юртимизнинг барча ҳудудидаги мавжуд имкониятларни ишга солиб, туристик маҳсулотлар ва замонавий сервис хизматлари тақдим этиш йўлида жадал ишлар бажарилмоқда. Хоразм воҳасида, жумладан, Хива шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан кўзланган асосий мақсад ҳам ҳудуднинг туризм салоҳияти ва имкониятларини тўлиқ ишга солишга эришишдан иборат.

Келгусида Хива шаҳрига ташриф буюрувчи сайёҳлар ва юртимиз зиёратчилари учун барча зарур шароитларни яратиш мақсадида меҳмонхоналар ва кўнгилочар масканлар барпо этишга соҳанинг тажрибали  мутахассислари жалб этилган. 2020 йилга қадар Хивада 20 га яқин жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган янги меҳмонхона бунёд этилади. Музейлар фаолияти ҳам тубдан ислоҳ қилинади. Хоразм Маъмун академияси билан ҳамкорликда Хиванинг янги сайти ишлаб чиқилиб, сайёҳлар учун рисолалар, буклет ва маълумотномалар янгидан тайёрланади.

Вилоятда “Хавфсиз туризм” концепцияси амалга оширилмоқда. Унда туризм инфратузилмаси объектларини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш, соҳада хизмат кўрсатувчи ва сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминловчи давлат ва нодавлат объектларини ягона ахборот-коммуникация тизимига улаш, маълумотлар базасини шакллантириш каби чора-тадбирлар белгиланган.

Юртимиз азалдан қадимий Буюк ипак йўли марказида жойлашган, савдо карвонларига тўлиб-тошган, хориж савдогарларининг севимли диёрига айланган. Бугун ҳудудларда замонавий индустрия, миллий-замонавий шаҳарсозликнинг барпо этилиши, тинч-осуда ҳаёт, кишилар ўртасидаги ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тўрт фаслни намоён этган бетакрор табиатимиз, миллий қадрият ва анъаналар тараннуми, тарихий обидалару зиёратгоҳларнинг кўп­лиги хорижий сайёҳларни ўзига мафтун қилмоқда.  Амалга оширилаётган дастур ва лойиҳалар уларни янада кўпроқ жалб этган ҳолда, юртимиз меҳмонларида ижобий таассурот қолдиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Азамат САФАР,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг