Илдизи ҳам шифобахш

0
2

Анорни “мевалар шоҳи” деб aташади. Чунки у ўзининг тузилиши, таъми, фойдали хусусиятлари билан бошқа мевалардан ажралиб туради. Унинг сершира, ширин, нордон-ширин ёки нордон мазали турлари мавжуд. Халқимиз бежиз “Анорнинг ичида қанча донаси бўлса, шунча касалликларга даво бўлади”, демайди. Ўзбек шоираси ва маърифатпарвари Жаҳон отин Увайсий бу борада гўзал чистон — шеърий топишмоқ ҳам ёзган:

Бу на гумбаздур, эшиги, туйнугидин йўқ нишон,
Неча гулгун пок қизлар манзил айлабдур макон?
Туйнугин очиб, аларнинг ҳолидан олсам хабар,
Юзларида парда тортуғлиқ турурлар, бағри қон.

Анор таркибида киши организмига фойдали, иштаҳа очувчи, овқат ҳазмига ёрдам берувчи ҳамда ижобий таъсир кўрсатувчи лимон, олма ва органик кислоталар, қанд моддаси (фруктоза, глюкоза, сахароза), витаминлар мавжуд. Пўстлоғи таркибида ошловчи, бўёқ ва бошқа моддалар бор.

Абу Али ибн Сино анор пўстлоғини милк ва ичакдан қон кетганда, пешоб ҳайдовчи, яра ва жароҳатларга малҳам сифатида ишлатган. Анорнинг янги меваси, мураббо, ичимлик ҳолида ҳам бирдек шифобахшдир.

Тенг миқдордаги анор донаси ва узум майизи, бироз миқдорда қора зира қўшиб туйиб ейилса, қайт қилишни тўхтатади, меъдага қувват бағишлайди. Халқ табобатида анор пўстлоғи, меваси ва ўсимлик гули истисқо (водянка), қўтир, йўтал, ичбуруғ, сариқ касалликларига қарши даво сифатида қўлланилади. Анор таркибидаги танин моддаси ҳазм қилиш аъзоларидаги яллиғланишни даволашда айни муддао.

Анор қонда гемоглабин миқдорини кўпайтиради, турли хасталикларга қарши иммунитетни оширади, иштаҳани очади. Иссиқ ҳароратни туширади, қон босимини мўътадиллаштиради, йўтални камайтиради.

Анор шарбати кучли антиоксидантдир. У пешоб ва ўт ҳайдаш, аъзолар яллиғланишини даволаш, таомлар ҳазмини яхшилаш ва ичак йўлларини мустаҳкамлаш хусусиятига эга. Анор пўсти қўшиб дамланган чой уйқусизлик дардига йўлиққан, асаб тизими толиққан ва руҳий зўриққан инсонлар учун фойдали. Бироқ анор шарбатини гастрит ва меъда яраси хасталигида ичиб бўлмайди. Қоринни дамлатмаслиги учун анор шарбатини сабзи ва лавлаги шарбатлари ёки қайнатилган сув билан аралаштириб ичган маъқул.

Ҳар қандай шифобахш неъматни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш зарар келтиргани каби анордан фойдаланганда меъёрга эътибор қаратиш лозим. Анор меваси ва илдизидан тайёрланган турли дамламаларни кўп ичиш умумий ҳолсизлик, бош айланиши, кўриш қобилиятининг сусайишига олиб келиши мумкин. Ошқозонни заифлаштириб, ундаги меъёрнинг бузилишига сабаб бўлади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг