Инсон манфаати — ҳар нарсадан устун

0
3

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Фарғона вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари ташкил этаётган сайёр қабуллар аҳоли билан  самарали мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммоларга мақбул ечим топишда муҳим омил бўлмоқда. Сайёр қабулларда ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилоти ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар аҳолининг ҳар бир мурожаатини ўрганиб, муаммоларни ўз жойида ижобий ҳал этишга  кўмаклашаётир.

Қува туманида бўлиб ўтган сайёр қабулда Сойгузар қишлоғида истиқомат қилувчи Сайёрахон Камолова фарзандининг ўт қопида тош борлигини,  бироқ жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун имконияти йўқлигини айтиб, амалий ёрдам сўради. Мурожаат ўрганилиб, ЎзМТДП Қува туман кенгаши раиси Мадиёр Туримов ҳамда халқ депутатлари туман Кенгашига партиядан сайланган депутат, малакали шифокор Миродил Арслонов кўмагида беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

— Ташкил этилаётган сайёр қабуллар натижасида жуда кўп муаммолар жойида ҳал этилмоқда. Партия ҳамда фаол депутатлар кўмагида фарзандим дардига шифо топди, — дейди Сайёрахон Камолова. — Бунинг учун партия ташкилоти ҳамда малакали жарроҳ Миродил Арслоновдан бениҳоя  миннатдорман.

Фурқат туманидаги сайёр қабулда Тинч­лик қишлоғи аҳолиси туман марказига автобус қатнови камлиги, айниқса, кечки вақтда қатнов умуман тўхтаб қолиши аҳолига қийинчилик туғдираётганини айтиб, ушбу масалада кўмак сўраб мурожаат қилди. ЎзМТДП Фурқат туман кенгаши раиси Марғуба  Мадиёрова мазкур йўналишда автобус қатновини йўлга қўйган “Легион Навбаҳор” масъулияти чекланган жамиятига ёзма мурожаат қилди. Натижада муаммо ижобий ҳал этилиб, Тинчлик қишлоғига қатновчи автобуслар сони кўпайтирилди.

Олтиариқ шаҳарчаси ҳудудида истиқомат қилувчи фуқаро Мафтуна Орипова Фарғона давлат университетига тест имтиҳонларини топширди. Лекин керакли баллни тўплай олмади. ЎзМТДП Олти­ариқ туман кенгаши ташкил этган сайёр қабулда Мафтуна мазкур масалада амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Партия Олтиариқ туман кенгаши раиси Умида Қодирова мазкур мурожаат юзасидан  Фарғона давлат университетига хат чиқарди. Натижада Мафтуна Орипова қўшимча ўринга шартнома асосида университетда ўқиш бахтига муяссар бўлди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Фарғона вилоятидаги партия ташкилотлари, депутатлар сайёр қабул, “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз” лойи­ҳалари, шунингдек, партия ташкилотлари қошида ташкил этилган қабулхоналарга келаётган аҳоли мурожаатлари асосида ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларни жойида ҳал этишга ҳисса қўшмоқда. Бу эса “Инсон манфаатлари — ҳар нарсадан устун” деган эзгу ғоя ҳаётга изчил татбиқ этилаётганининг амалий ифодасидир. Зотан, халқ ўз ҳаётидан рози бўлиб яшаса, мамлакат янада фаровон ва равнақ топиб бораверади.

Шарофиддин ҲАКИМОВ,
ЎзМТДП Фарғона вилоят кенгаши
матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг