Сайловнинг якуний натижалари ҳақида маълумот берилди

0
10

Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш бўйича ягона матбуот марказида сайловнинг якуний натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтган сайлов якунлари ҳақида маълумот берилди.

Тошкент шаҳар сайлов комиссияси раиси Ҳамид Каримов ташкил этилган барча 330 сайлов округидан депутатлар тўлиқ сайланганини маълум қилди. Сайловда Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган 1 миллион 560 мингдан зиёд сайловчининг 1 миллион 267 мингдан ортиғи иштирок этди. Бу сайловчилар умумий сонининг 81,2 фоизини ташкил этади.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 137, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 54, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 49, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 37, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 53 нафар номзод депутат этиб сайланди.

Сайланган депутатларнинг таркиби хусусида ҳам маълумот берилди. Унга кўра, 330 депутатнинг 254 нафарини эркаклар, 76 нафарини аёллар ташкил этади. 20 нафар депутат эса 30 ёшгача бўлган ёшлардан иборат.

Депутатларнинг 87 нафари иқтисодчи, 34 нафари ҳуқуқшунос, 61 нафари педагог, 43 нафари шифокор, 55 нафари муҳандис ва 50 нафари бошқа касб эгаларидир.

Таъкидлаш жоиз, 2017 йил 29 август­да давлатимиз раҳбари томонидан “Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонун имзоланиб, пойтахт туманларида халқ депутатлари Кенгашини тузиш учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилган эди.

Бугун пойтахтимиз туманлари кун сайин ривожланиб, янги иқтисодий имкониятларга эришмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир туманда самарали назорат ўрнатиш эҳтиёжини юзага келтиради. Шу нуқтаи назардан туман Кенгашларининг ташкил этилиши депутатлик назоратини ўрнатиш, қолаверса, ҳудудлар ривожига қаратилган янги таклиф ва ташаббуслар билан чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Туманлар даражасида маҳаллий бюджетни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижросини назорат қилиш, шунингдек, туман Кенгашлари сессиясида маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисобот ва ахборотларини тинглаб, муҳим қарорлар қабул қилиш имконини беради. Ҳудуддаги муаммо ва масалалар халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари аралашуви ҳамда кўмаги билан жойида ҳал этилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар ҳамда туман кенгашлари мазкур сиёсий жараёнда муносиб иштирок этиш мақсадида сайлов жараёнига пухта тайёргарлик кўрди. Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари самараси ўлароқ партиямиз 54 нафар депутатлик ўрни билан иккинчи ўринни эгаллади. Бу билан ЎзМТДП ўз депутатлари воситасида пойтахт туманларида кечаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш, партия дастурий вазифалари ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш имконига эга бўлди.

Эслатма: сайланган депутатлар ўз ваколатларини 2019 йил мамлакатимизда ўтказиладиган маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига навбатдаги сайловгача амалга оширади.

Ўз мухбиримиз

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг