Тоза ҳаво — бебаҳо бойлик: ёхуд атмосферага чиқарилаётган ис гази экологик ва саломатлик билан боғлиқ муаммоларга сабаб бўлаётгани ҳақида

0
5

Атмосфера — Ер шарини ўраб, у билан бирга айланувчи ҳаво қобиғи. У Ерга қуёш нурини ҳаёт учун зарур миқдорда ўтказиб, унинг исишига имкон яратади ва заминдан қайтаётган нурларнинг фазога тарқалиб кетишига йўл қўймайди. Бу ҳол Ерни совиб кетишдан сақлайди ва ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришига тўсқинлик қилади. Акс ҳолда сайёрамиз атмосферасиз ойга ўхшаб “ўлик” жисмга айланган, дарё, денгиз, океан ва музликлар эса буғланган ҳолда фазога тарқалиб кетган бўларди.

Бироқ бугун табиий ва антропоген омиллар, хусусан, транспорт, электростанция ва саноат корхоналари чиқараётган тутунлар, ўрмон ёнғинлари атмосферани ортиқча ифлослантираётгани ҳам айни ҳақиқат. Бу, ўз навбатида, глобал иқлим ўзгаришлари, озон туйнуги кенгайиши, Антарктида музликларининг эриши каби глобал экологик муаммоларга сабаб бўляпти. Бунинг оқибатида жаҳон иқтисодиёти ҳар йили 4,6 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрмоқда. Америка илм-фанни ривожлантиришга кўмаклашиш ассоциацияси маълумотларига қараганда, ҳавонинг ифлосланиши туфайли юзага келадиган турли касалликлар оқибатида дунё бўйича ҳар йили 5,5 миллиондан зиёд киши ҳаётдан кўз юмаётир.

2017 йилнинг 4-6 декабрь кунлари Кениянинг Найроби шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласида ўтказган йиғилишда ана шундай рақамлар тилга олинди.

— Биз ҳар куни эҳтиёжларимиздан келиб чиқиб овқатланамиз, сув ичамиз, нафас оламиз, — деди йиғилишда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш. — Бу билан ҳавони, тупроқни ва океанларни билиб-билмай ифлослантираётганимиз ҳам бор гап. Бунга нафақат саноат корхоналари, балки ўзимиз ҳам айбдормиз. Маиший ҳаётимизда ҳар куни таркибида кимёвий қўшимчалар мавжуд бўлган маҳсулотлардан фойдаланамиз. Аслида табиатга зарар етказмаслик ҳам мумкин. Атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашиш дунёда қашшоқлик даражасини камайтириш, аҳоли саломатлигини яхшилаш, уларни етарлича иш ўринлари билан таъминлаш, иқлим ўзгаришларини бартараф этиш, ҳам қуруқлик, ҳам денгизни турли салбий таъсирлардан ҳимоялаш имконини беради.

Шу ўринда бир мулоҳаза: атмосферанинг озон қатлами — курраи заминимизда ҳаёт мавжудлигининг энг муҳим шартларидан бири, бироқ инсониятнинг илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш фаолияти натижасида сайёрамизни қуёш радиациясидан ҳимоя қиладиган “табиий фильтр” тобора юпқалашиб бормоқда. Атмосферадаги мавжуд озон миқдори уч миллиард тонна бўлиб, у ҳавонинг миллиондан уч фоизини ташкил этади. Бу қатлам қуёшнинг тахминан 90 фоиздан зиёд миқдордаги зарарли ультрабинафша нурларини ютади. Бунинг натижасида у ердаги барча тирик организмни асраб қолади.

Бироқ бугун завод ва электр станциялар, ўрмон ёнғинларидан чиқаётган ис гази, одамларнинг ўз эҳтиёжлари учун ёқилғи ва ёнилғи ишлатиши оқибатида атмосферанинг Антарк­тидадаги қисмида йирик озон туйнуклари ҳосил бўлган. Мутахассислар сўнгги йигирма йил ичида атмосферага чиқариладиган озонни емирувчи моддалар ташланмаси миқдори гарчи камайтирилган бўлса-да, лекин озон қатлами фақат 2060-2075 йилларга келиб тўлиқ тикланиши мумкинлигини айтмоқда.

Бугун озон қатламини муҳофаза қилиш, иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасида муҳим халқаро ҳужжатлар қабул қилинган. Улардан бири Монреаль протоколидир. Мазкур протокол дунё мамлакатлари томонидан 1987 йилнинг 16 сентябрида озон қатлами емирилишининг олдини олиш мақсадида имзоланган. У озон қатламига зарар етказувчи хавфли моддаларни ишлаб чиқаришни ман этади. Мазкур протокол доирасида 100 дан зиёд заҳарли моддаларни ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишга нисбатан тақиқ ўрнатилди. Ана шу моддаларнинг аксарияти глобал иқлим ўзгаришларига сабаб бўлиши билан хавфлидир. Шу боис БМТнинг собиқ Бош котиби Кофи Аннан унга “Монреаль протоколи балки энг муваффақиятли ягона халқаро келишув бўлгандир”, деб юқори баҳо берган эди.

2017 йилнинг 20-24 ноябрь кунлари Канаданинг Монреаль шаҳрида мазкур протоколни имзолаган иштирокчи-давлатларнинг 29-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ривожланган давлатлар озон қатламининг емирилишига қарши курашиш учун 540 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратишга розилик билдирди. Ушбу маблағни ривожланган мамлакатлар 2018-2020 йилларда Монреаль протоколида назарда тутилган вазифаларни амалга оширишга қаратилган жамғармага ўтказиб беради. 1991 йилдан буён озон қатламини емирувчи кимёвий моддаларга барҳам бериш учун ушбу жамғарма 3,7 миллиард доллар ажратган.

Ажратилган маблағ бу сафар Кигали келишувида илгари сурилган мажбуриятларни амалга оширишга йўналтирилади. Маълумки, 2016 йил 10-14 октябрь кунлари Руанда пойтахти Кигали шаҳрида Монреаль протоколи иштирокчи-давлатларининг 28-йиғилишида гидрофторуглеродларни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишни босқичма-босқич камайтиришга келишиб олинган эди. Чунки гидрофторуглеродлар глобал исишга таъсир кўрсатувчи буғхона гази манбаи саналади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига қараганда, дунёнинг 92 фоиз аҳолиси, яъни ҳар ўн кишидан тўққиз нафари ифлосланган ҳаводан нафас олади. Ер сунъий йўлдошлари ҳамда 3 мингдан зиёд тадқиқот станциялари олиб борган изланишлардан сўнг ана шундай хулосага келинди. Ташкилотнинг жамоатчилик саломатлигини муҳофаза қилиш департаменти раҳбари Мария Нейра ушбу рақамнинг ўзи ҳам муаммо қанчалик долзарб эканидан далолат беришини таъкидлади. “Ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ салбий ҳолат дунёнинг деярли барча мамлакати ва ижтимоий қатламига дахл қилмоқда. Бу жамоатчилик саломатлиги масаласидаги фавқулодда ҳолатдир”, деди у.

Дарҳақиқат, ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига бевосита зарар етказади. Заҳарланган ҳаводан нафас олиш инсульт, юрак, ўпка, ўткир респиратор инфекцияли касалликлар ривожланишига туртки беради. Бундан, айниқса, болалар кўп азият чекади.

БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) яқинда   тайёрлаган маърузада айтилишича, дунё бўйича бир ёшгача бўлган 17 миллион бола заҳарланган ҳаводан нафас олади. Ҳар йили 1 миллион 700 минг бола ҳаводан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Ифлосланган ҳавонинг муайян заррачаларини ичга ютиш мия тўқималарига зиён етказиб, боланинг ақлий ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Британиялик олимлар олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатяптики, Лондон шаҳрида ҳавонинг ифлосланаётгани чақалоқларнинг меъёрдагига нисбатан кам вазнли бўлиб туғилишига сабаб бўлмоқда. Шу боис ташкилот ҳавонинг ифлосланиши юқори даражага кўтарилган пайтда болалар билан саёҳатга чиқмасликни тавсия этаётир.

Хитойнинг шимолий қисмида ҳаво ифлосланиши одамлар умрига зомин бўлмоқда. Маълумотларга қараганда, мамлакатда ҳар йили 1,6 миллион киши ҳавонинг ифлосланиши натижасида юзага келадиган турли касалликлар оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Бу кунига 4 минг 400 киши деганидир. Ҳукумат саноат корхоналари чиқарадиган чиқиндиларга нисбатан қатъий чоралар кўраётганига қарамай, бу мавжуд муаммоларни ҳал этиш имконини бермаяпти. Сўнгги йилларда Хитойнинг Пекин шаҳрида ҳавони қурум қоплаши билан боғлиқ салбий ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда. Бунга мазкур шаҳарда ҳаракатланаётган автомобиллар, кўмир воситасида ишлайдиган электростанциялар сабаб бўляпти. Шаҳар маъмурияти бу муаммони ечиш учун ҳарчанд уринмасин, бунинг уддасидан тўлиқ чиқа олмаяпти. Олимлар қурумдан халос бўлиш учун нафақат Пекин шаҳри, балки унга сарҳаддош бўлган бошқа шаҳарларда ҳам кўмир ва нефть маҳсулотларидан фойдаланишни чеклаш лозимлигини таъкидламоқда. Чунки қурум мазкур шаҳарга ҳаво оқимлари воситасида мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан ҳам кириб келаётир.

Мамлакатнинг айрим шаҳарларида муаммога ечим топишда муайян натижаларга ҳам эришилмоқда. Мисол учун, Хитойнинг Шэньчжэнь шаҳрида келаси йилнинг охирига қадар (аҳолиси 11,91 миллион) оддий автобуслар ўрнини электр автобуслар эгаллаши кутилмоқда. “BYD” компанияси ишлаб чиқарган электр автобуслар қатновининг йўлга қўйилиши шаҳарда ҳавога кўтариладиган заҳарли газлар миқдорининг камайишига хизмат қилмоқда. Айни пайтда шаҳар кўчаларида 14 мингта ана шундай электр автобуслар ҳаракатлана бошлади.

Мамлакатимиз ушбу масаланинг долзарблигини инобатга олиб, 1993 йилда Озон қатламини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси ва Озон қатламини бузувчи моддаларга доир Монреаль протоколига қўшилди. Мазкур халқаро ҳужжатлар талаблари ижроси доирасида мамлакатимизда тегишли миллий дастур ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий база яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 27 майдаги “2013-2017 йилларда Ўзбекистон Республикасида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янада ривожлантиришга хизмат қилаётир. Мазкур йўналишда амалга оширилаётган илмий ва амалий ишлар муҳим самаралар бермоқда. Юртимизда озонни емирувчи моддалардан фойдаланиш тўхтатилиб, саноатнинг бу тармоғида экологик соф технологиялар жорий этилди. Озонга зарар етказувчи моддаларни зарарсизлантириш, совутиш жиҳозлари ҳамда воситаларига техник хизмат кўрсатиш амалиёти такомиллаштирилди. Бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш мақсадида инновацион лойиҳалар давом эттирилмоқда.

Ўтган даврда ушбу лойиҳалар доирасида саноат корхоналарини модернизациялаш, мутахассисларнинг малакасини ошириш, илмий-амалий ишларни такомиллаштириш борасида қатор чора-тадбирлар бажарилди. Вена конвенцияси талаблари ижроси ҳамда Миллий дастур доирасида озон қатламини емирувчи моддаларни босқичма-босқич муомаладан чиқаришни таъминлаш мақсадида саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни озонга хавфсиз маҳсулотларга ўтказишни қўллаб-қувватлаш, озон қатламини емирувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни утилизация қилиш тизимини ишлаб чиқиш, ушбу моддалар ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар шулар жумласидандир.

Дунё экологлари атроф-муҳит муҳофазасига нафақат давлат ёки ҳукумат бош-қош бўлиши, балки ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини таъкидламоқда. Улар оддий қоидалар бўлиб, унга амал қилиш ортиқча қийинчилик туғдирмайди. Биринчи қоида чиқиндиларни саралаш билан боғлиқ. Чиқиндиларни турига қараб алоҳида идишга жойлаштириш лозим. Масалан, ривожланган мамлакатларда аллақачон ҳар бир чиқинди тури учун алоҳида қутилар жорий этилган. Хоҳишга кўра, банка ва шишадан ясалган бошқа идишларни ана шундай маҳсулотлардан фойдаланадиган корхоналарга, қоғоз, эскирган китоб ёки газета-журналларни эса макулатурага топшириш мумкин. Чироқлар, симобли ўлчагич, аккумуляторлар ва бошқа электрон қурилмаларни бошқа чиқиндилар билан аралаштириб ташламаган маъқул. Чунки бундай чиқинди турлари саломатлик ва  экологияга салбий таъсир кўрсатади.

Автомобиль — атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддаларнинг асосий манбаи саналади. Ўт олдирилган автомобиль ўзидан инсон саломатлиги учун зарарли бўлган углерод ва азот оксиди, олтингугурт сингари заҳарли моддалар чиқаради. Шу боис автомобиль ёнилғисини тежаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга ҳисса қўшиш мумкин. Бунинг учун автомобиль ҳайдовчилари ўз машиналаридан воз кечиши, фақат жамоат транспорти ёки велосипеддан фойдаланиши шарт эмас. Автомобилда ҳаракатланиш чоғида иложи борича камроқ ёнилғи сарфланса бўлгани. Автомобилда соатига 60-90 километр тезликда ҳаракатланиш меъёрий ҳолат саналади. Бундай суръатда ҳаракатланиш орқали ёнилғини 20 фоизга тежаш мумкин. Шунингдек, бирор жойда, масалан, ёнилғи қуйиш шохобчаларида узоқ муддат навбат кутиб қолган пайтда автомобиль моторини ўчириб қўйиш, ҳам ёнилғини иқтисод қилиш, ҳам ён-атрофнинг тутун билан ортиқча зарарланишидан ҳимоялаш имконини беради.

Экологлар атроф-муҳитга зарар етказмайдиган материаллардан тайёрланган маҳсулотлардан фойдаланишни маслаҳат беради. Масалан, полиэтилен ёки елим идишлардан иложи борича фойдаланмаган маъқул. Чунки улар узоқ вақт давомида йўқолмайди. Қолаверса, бундай турдаги чиқиндилар ёқилганда ўзидан қора тутун чиқаради ва атмосферага жиддий зарар етказади. Шунинг учун, бозор-ўчарга чиққанда полиэтилен пакетлар ўрнига ипдан тўқилган халтачалардан, саёҳатга чиққанда картондан ясалган идишлардан фойдаланган маъқул.

Она табиат эҳтиёткорлик, тежамкорлик ва тозаликни ёқтиради. Унинг мусаффолигини сақлашга ҳисса қўшиш эса ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг