Фахриддиннинг жасорати — фидойилик намунаси

0
4

Ватанимизнинг ҳар бир қаричи азиз ва муқаддас. Унинг ҳимояси учун бел боғлаш шарафли иш. Ана шундай эзгу мақсадни дилига тугиб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, юртимиз тинчлиги ва осойишталигини  таъминлаётган ўғлонлар шаънига ҳар қанча таҳсин айтсак, оз. Уларнинг машаққатли меҳнати, матонатли хизматлари туфайли халқимиз осуда ҳаёт қўйнида, фаровон турмуш кечирмоқда. Мамлакатимиз йил сайин равнақ топиб,  тараққий этиб бормоқда.

Бундай кунларга, албатта, осонликча эришилгани йўқ. Мустақиллик йилларида ғанимлар бир неча бор пайт пойлаб тинчлигимизни бузишга, халқимизни ўзи танлаган йўлдан орқага қайтаришга уриниб кўрди. Бир неча йиллар муқаддам юртимизнинг айрим чегара ҳудудлари ва Тошкент шаҳрида рўй берган қўпорувчилик ҳаракатлари бегуноҳ одамларни, ўз бурчини сидқидилдан бажараётган садоқатли юрт фарзандларининг айримларини орамиздан олиб кетди.

…Эл-юрт тинчлигини сақлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида жон фидо қилган милиция сержанти Фахриддин Тиркашев ҳам эндигина 32 баҳорни қаршилаган эди.

У ҳар доим ўзини она Ватанининг муносиб фарзанди деб билар, унга отилган ўққа қалқон бўлишга ҳамиша шай ҳолатда яшади. Ўз ҳаётини жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳимояси билан боғлаган юрт ўғлони Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Жўш қишлоғида туғилиб ўсди. Отаси Ражаббой ака меҳнаткаш, ҳалол инсон эди. Онаси Мастура ая ниҳоятда болажон бўлиб, ҳар иккаласи ўғил-қизларининг таълим-тарбиясига жиддий эътибор қаратарди. Шундан бўлса керак, бошқа фарзандлар қатори Фахриддин ҳам меҳнатсевар, мард ва жасур бўлиб ўсди, касб-ҳунар ўрганди ва энг масъулиятли ва шарафли касбни танлади — ички ишлар тизимида фаолият юрита бошлади. Халқимизнинг осуда ҳаётини таъминлашни барча нарсадан устун билган бу азамат йигит, афсуски, 2004 йил 28 март куни шарафли бурчини бажараётган чоғида пойтахтимизда содир этилган қўпорувчилик ҳаракатининг қурбонига айланди.

— Фахриддинжон ориятли, ғурурли, шу билан бирга, меҳрибон йигит эди, — дея хотирлайди жўшлик 68 ёшли табаррук онахон Мунаввар ая Холиқулова. — У ота-онасини, туғилиб ўсган қишлоғини, жонажон Ўзбекистонимизни бутун вужуди билан севарди. Ватанини суйган, одамларнинг иззат-ҳурматини ўрнига қўйган Фахриддиндек асл ўғлонларимизнинг номи ҳамиша барҳаёт, хотираси эса абадийдир.

Инсон ҳамиша орзу-умидлар, режалар билан яшайди. Фахриддиннинг ҳам мақсадлари бисёр, ниятлари улкан, фарзандлари бахту иқболини кўришга орзуманд эди. Афсус, унга шириндан-шакар қизалоқлари Шаҳноза ва Шаҳзоданинг дийдорига тўйиш, ҳали туғилмаган фарзанди Ёдгоржоннинг чеҳрасини кўриш насиб этмади. Турмуш ўртоғи Роҳияхон ҳамда қавму-қариндошларининг қалбини бугун айрилиқ қаттиқ ўртаса-да, Фахриддин азиз жонини Ватани, оиласи тинчлиги, ўғил-қизларининг бахтли-саодатли кунлари учун фидо қилди.

Ўз қасамёдига содиқ қолиб, хизмат бурчини шараф билан адо этган ўғлон бугун сафдош­лари, ёшлар учун чинакам ибрат намунасига айланган. Шу боис халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашидаги Ўзбекис­тон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи аъзолари унинг номини абадийлаштириш ташаббуси билан чиқди. Партия гуруҳи Фахриддин Тиркашев ўқиган 56-умумтаълим мактабини унинг номи билан аташ тўғрисидаги масалани халқ депутатлари туман Кенгашининг 2017 йил 30 декабрь куни бўлиб ўтган йигирма олтинчи сессияси кун тартибига киритди. Сессияда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қўшработ туман кенгаши раиси Н.Усмонов, ЎзМТДП гуруҳи аъзоси  А.Носиров сўзга чиқиб, милиция сержанти Фахриддин Тиркашев кўрсатган жасорат,  унга хос бўлган ғайрат ва шижоат, чин ватанпарварлик туйғуси ҳақида гапирди. 56-умумтаълим мактаби фидойи юрт ўғлонининг номи билан аталиши шу масканда таълим олаётган, Жўш қишлоғида туғилиб ўсаётган ёшларни довюрак, матонатли ва ўз юртига садоқатли инсонлар қилиб тарбиялашда алоҳида аҳамият касб этишини таъкидладилар.

Сессияда билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши Фахриддин Ражабович Тиркашев номини абадийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Болалигиданоқ ички ишлар тизимида ишлашни мақсад қилган Фахриддин мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ кўпгина жиҳатлари ва фазилатлари билан тенгқурларига намуна бўлганлигини у билан бирга ўқиган синфдош дўсти Баҳодир Ортиқов шундай хотирлайди:

— Дўстим Фахриддин билан мактабда, сўнгра касб-ҳунар билим юртида бирга таҳсил олдик. У ҳаракатчан, куч-қуввати танасига сиғмайдиган шижоат­ли, шу билан бирга, камтарин инсон эди. Дўстим милиция формасини шунчаки киймади, балки масъ­ули­ятни, мардонавор ҳаётни зиммасига  олди. Унинг довюраклиги, қайнаб, жўшиб яшаши биз ва биздан кейинги авлодлар учун намуна бўлиб қолади.

— Фахриддин иқтидорли ўқувчиларимдан бири эди, айниқса, она тили ва адабиёт, жисмоний тарбия дарсларини жуда севарди, — дея эслайди устози
Мамадиёр Ортиқов. — У шеър айтганда, тинглаганда, бутун борлиқни унутарди. Спорт ўйинларида мудом ғалабага интиларди, фанларни эса иштиёқ билан астойдил ўзлаштиришга ҳаракат қиларди. У жасур ва довюраклиги туфайли шарафли касбни эгаллади ва ўз ҳаётини сўнгги лаҳзагача юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлашга бағишлади. Эл-юрт осойиш­талиги йўлида ўз жонини фидо этган юртдошимизнинг номини абадийлаштириш бўйича ЎзМТДП гуруҳининг саъй-ҳаракатини эшитиб, жуда қувондик. Бу ташаббус ҳудуд ёшларини ватанпарвар, халқпарвар, мард ва қўрқмас бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади, уларни она Ватан корига ҳамиша шай туришга ундайди.

Хотира, эъзоз… Бу тушунчалар айни дамда орамиздан кетган инсонларнинг мангу ёдини улуғлайди. Бугун қўшработликлар ҳам мард ва жасур ўғлонининг порлоқ хотирасини юрагида эъзозламоқда. Унинг барҳаёт сиймоси қалбларда мангу яшайди.

ЎзМТДП гуруҳининг бу ташаббуси эса партия­нинг сайловолди Платформасида белгиланган ёш авлодни матонатли, ватанпарвар, она юртга садоқат руҳида тарбиялашга кўмаклашиш сингари дастурий вазифалар ижросига хизмат қилади.

Ориф ХОЛИҚУЛОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг