Эскича кайфият ва услубда ишлаш, ўзибўларликка йўл қўйиш даври ўтди

0
7

Ҳар қандай сиёсий партия давр билан ҳамнафас бўлиб, халқнинг талаб ва хоҳишларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди “мудраб ётган” сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак.

Хўш, 2017 йил давомида партия ҳудудий ташкилотлари иш самарадорлигини ошириш, партия гуруҳлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш қай даражада амалга оширилди? Партия ҳудудий ташкилотлари ва гуруҳлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилган?

Бу саволларга ҳудудий партия ташкилотлари ва гуруҳлари фаолиятидан жавоб изладик.

Қорақалпоғистон. Партия ташкилотининг ишига баҳо берадиган асосий мезонлардан бири — халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатларнинг қандай фаолият олиб бораётганидир. Чунки депутат зиммасига партия дастурий мақсадлари, сайловолди Платформаси, ҳуқуқий ҳужжатлар, Давлат дастурлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар қарорлари ижросини назорат қилиш, мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиш, фуқаролар мурожаати юзасидан депутатлик сўровлари юбориш каби ваколат ва вазифалар юклатилган.

Айни пайтда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси,  халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларида ЎзМТДПдан сайланган 95 депутат фаолият олиб бормоқда. Партия фракцияси ва гуруҳлари 2017 йил давомида 376 депутатлик сўровини амалга оширди. Улар ташаббуси билан 24 мансабдор шахснинг ҳисоботи эшитилган, доимий комиссияларга 10 таклиф, сессияларга 27 ташаббус-масала киритилди. Бироқ мансабдор шахс ҳисоботини эшитиш, доимий комиссияларга таклиф, сессияларга ташаббус-масала киритишда сусткашликка йўл қўйилган.

Шунингдек, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ЎзМТДП Қорақалпоғис­тон Республикаси ташкилотлари қошида ташкил этилган Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш секторига ҳамда партия ташкил этган сайёр қабулларда аҳолидан 216 мурожаат тушган бўлиб, 121 мурожаат ижобий ечим топган, 31 мурожаат бўйича мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилган. Қолган 64 мурожаат бўйи­ча ҳуқуқий маслаҳат берилган.

Ўрганишлар натижасида амин бўлдикки, бу эришилган натижалар ҳам кам сонли депутатларнинг саъй-ҳаракатлари эвазига амалга ошган. Айрим депутатлар фаолиятидаги сусткашлик, жойларда сайловчилар ва партия электорати манфаатларининг ифода этилмаётгани ечимини кутаётган масалаларнинг эътибордан четда қолишига сабаб бўлаётир. Аслида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар партия дастурий мақсадлари ва сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини изчил ҳимоя қилиш, жойларда депутатлик назоратини ташкил қилишда ташаббусни ўз қўлларига олишлари талаб этилади. Зеро, ЎзМТДПдан сайланган барча даражадаги депутатлар фаолияти партия дастури ва сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларни самарали бажаришга, шу орқали юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилмоғи лозим.

Наманган. Инсон манфаатларини таъминлаш, аҳоли турмуш сифати ва даражасини оширишга кўмаклашиш Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демок­ратик партиясининг устувор вазифалари сирасига киради. Бу борада партиянинг Наманган вилоятидаги барча ташкилоти ўтган йил давомида давлат ва жамоат ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда ҳаракат қилди. Бугун қуйи бўғинлар, айниқса, ҳудудий масалаларга ечим топишда электоратнинг энг яқин суянчига айланган. Наманган вилоятидаги 12 мингга яқин ЎзМТДП аъзоси (уларнинг 6 мингдан зиёди ёшлардан иборат) 361 бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Қуйи бўғинлар аҳоли билан ёнма-ён туриб, ҳудуддаги мавжуд масала-муаммоларни ўрганиш, таклиф-мулоҳазаларини ҳудудий партия ташкилотлари ёхуд партиядан сайланган депутатларга етказишда бош-қош бўлишга интилди.

Вилоятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани боис партияга аъзо хотин-қизлар сони 5 минг нафардан ошди. Улар партия ғоя-мақсадларини аҳоли кенг қатлами орасида тарғиб-ташвиқ қилишда фаол иштирок этди. Ташкил этилган ҳар бир тадбир, лойиҳа, очиқ мулоқот, ҳатто сайёр қабулларда аҳолига партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифалар мазмун-моҳияти кенг тушунтирилиб, тарғиб қилинди.

2017 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга ЎзМТДПдан сайланган депутатлар партия сайлов­олди Платформасида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, аҳоли ишончини қозониш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, депутатлик сўрови юбориш ва маҳаллий Кенгаш сессияларига ташаббус-масала олиб чиқиш ваколатларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинди. 2017 йилда вилоятдаги маҳаллий вакиллик органларига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар 338 депутатлик сўровини амалга оширди, вилоятдаги партия гуруҳлари ташаббуси билан 31 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди. Доимий комиссияларга 20, маҳаллий Кенгаш сессия­ларига 22 ташаббус-масала олиб чиқилди.

Партия ташкилотлари қошида ташкил этилган Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш секторига ҳамда сайёр қабулларда 257 мурожаат келиб тушган. Улардан 94 тасига ижобий ечим  топилган, 108 масала юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилган. Қолган 54 мурожаат бўйича фуқароларга тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳат берилган.

Кузатиш ва таҳлиллар ижобий натижалар билан бирга, 2017 йилда маҳаллий Кенгашлардаги
ЎзМТДП гуруҳлари фаолиятида ташаббус­корлик ва ишчанлик кайфияти етишмаганини, сайловчилар билан доимий, мус­таҳкам алоқа ўрнатилмаганини кўрсатди. Айни пайтда Наманганда ЎзМТДПдан сайланган 55 депутат фаолият олиб бормоқда. Ўтган йилда 338 депуталик сўрови юборилган бўлиб, бу ҳар бир депутат ҳиссасига 6 тадан тўғри келади. Агар депутатлар бир ойда ҳеч бўлмаганда 2 тадан депутатлик сўрови юборганида эди, бугунга қадар аҳолининг турли йўналишдаги қанча муаммоларига ечим топилган бўларди.

Фидойилик, жонкуярлик, қатъиятлилик, одамлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, уларнинг дарди билан яшаш, муносиб ҳаёт шароитини яратишга кўмак­лашиш депутатларимизнинг асосий вазифасига айланиши зарур. Президентимизнинг одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш — аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган сўзларидан хулоса чиқариб, 2018 йилда халқ депутатлари Наманган вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар ўз фаолиятини янада такомиллаштириши, “депутат сифатида бу борада нима иш қилдим, сайловчиларнинг муаммоларини ечиш, эҳтиёжларини қондириш учун қандай ишларни амалга ошириш зарур?” деган саволларга ёруғ юз билан жавоб бериши лозим. Бинобарин, халқ вакиллари ўзларига билдирилган ишончни оқлаши учун аҳолини ўйлантираётган муаммоларидан бохабар бўлиши, уларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриши, бир сўз билан айтганда, “халқ виждони”га айланиши жоиз. Шунингдек, партия ташкилотлари ҳам ЎзМТДП дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши, янги ғоя ва ташаббусларни амалга ошириши ҳам қарз, ҳам фарздир.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг