ЎзМТДПнинг чора-тадбирлар режаси кенг муҳокамага қўйилди

0
3

Президентимизнинг парламентга Мурожаатномаси мамлакатимиз тараққиётини таъминлайдиган, уни ҳар томонлама ривожлантиришга асос бўладиган дастуриламал ҳужжат сифатида кенг жамоатчилик томонидан чуқур ўрганилмоқда, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда. Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг йиғилишида ҳам ушбу Мурожаатномадан келиб чиқадиган вазифалар, уларни амалга ошириш бўйича партия фракциясининг чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинган эди. Куни кеча ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва фракциянинг қўшма йиғилишида мазкур чора-тадбирлар режасини янада такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилди.

Қўшма йиғилишда партия Марказий кенгаши ва фракция аъзолари, Марказий кенгаш Ижроия қўмитаси девони ходимлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни партия Марказий кенгаши раиси, фракция раҳбари Сарвар Отамуратов олиб борди.

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномаси тарихий ҳужжат сифатида фаолиятимизнинг асосий дастуриламали бўлади, — деди фракция раҳбари. — Мазкур Мурожаатномада баён этилган вазифалардан келиб чиқиб, фракциямизнинг чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 6 бўлим, 20 банддан иборат мазкур режада 50 га яқин долзарб ва муҳим масалаларни ҳал этиш механизмлари белгиланган. Хусусан, Президентимиз Мурожаатномасини кенг тарғиб-ташвиқ этиш, унда белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда қонунчилик ташаббуси, парламент назорати йўналишида аниқ вазифалар назарда тутилган. Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини оғишмай амалга ошириш, қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция қабул қилиш, халқаро стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш, “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва бошқа қонунчилик ташаббуслари шулар жумласидандир. 2018 йилда кучга кирадиган “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг амалда ижро этилишини таъминлашга доир чора-тадбирлар диққат марказимизда бўлади. Бундан ташқари, фракциямизнинг бу йилги иш режасида партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда янги туристик йўналишлар очиш, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш юзасидан меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва амалий таклифлар тайёрлаш, маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш тизими самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур чора-тадбирлар режасини бойитишимиз, партия ташкилотлари ҳамда гуруҳларининг таклифларини ҳам ўрганган ҳолда янада такомиллаштиришимиз зарур. Айни шу мақсадда мазкур режа партия ташкилотлари ходимлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари муҳокамасидан кейин қабул қилинса,  мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Мурожаатномада тилга олинган ҳар бир йўналишдаги устувор вазифалар эътиборимиздан четга қолмаслиги, ҳар бир вазифага масъулият билан ёндашган ҳолда иш олиб боришимиз лозим.

Йиғилишда таъкидланганидек, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган таклифга асосан 4 январь куни қуйи палата мажлисида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасини тузиш бўйича қарор қабул қилиниб, мазкур қўмита Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси масъуллигига бириктирилди. Бу, ўз навбатида, фракция аъзолари зиммасига жиддий вазифа, юксак масъулият юклайди. Шу боис фракция аъзолари соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларга кўмаклашиши, айниқса, жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда янада фаол ва ташаббус­кор бўлиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Президентимиз томонидан илгари сурилган яна бир таклиф қисқа муддат ичида ҳаётга татбиқ этилди — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ташкил этилди. Парламент аъзолари фаолиятини илмий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаш самарадорлигини ошириш, қуйи палатанинг қонун ижодкорлиги ишлари сифатини тубдан яхшилаш мақсадига қаратилган ушбу институт парламентнинг фаоллиги, ислоҳотлар жараёнидаги роли ва таъсири ошишига хизмат қилади. Энг муҳими, халқчил, ҳаётий қонунлар қабул қилиш, пировардида мамлакатимизнинг жадал тараққий этишида алоҳида аҳамият касб этади.

Йиғилишда сўзга чиққанлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазалари, таклиф-тавсияларини билдирди. Жумладан, ЎзМТДП фракцияси аъзолари ҳудудларга чиққанида партия дастурий вазифаларига мос равишда “Баркамол авлод” марказлари фаолиятини ўрганиши, уларнинг моддий-техник базаси талаб даражасидами, ёшларнинг ижодий ва инновацион ғояларини амалга ошириш учун имконият ва шарт-шароитлар етарлими, деган саволларга жавоб излаши лозимлиги таъкидланди. Президентимиз айтиб ўтганидек, ҳудудларда ташкил этилган ижод мактабларига кириб, уларнинг фаолияти билан танишиш, ижодкор ёшларга шахсий намуна бўлиш лозимлиги қайд этилди. Бунда, айниқса, ЎзМТДП депутатларининг шахсий ташаббускорлиги муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳудудларда аҳолининг кенг қатламлари билан очиқ мулоқот олиб бориш, уларнинг муаммоларини, таклифларини ўрганиш фракция аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасидаги муҳим вазифа сифатида қайд этилди. Фуқароларнинг таклиф-мулоҳазаларини ўрганиш депутатлар учун ўз фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштиришга, халқнинг хоҳиш-иродасини инобатга олган ҳолда чора-тадбирлар белгилаб олишга асос бўлади.

Йиғилишда таъкидланганидек, Мурожаатномада давлат бошқарувини ҳаддан ташқари марказлаштиришдан воз кечиш, кўпгина ваколатларни марказий давлат органларидан ҳудудий органларга ўтказиш вазифаси қўйилди. Бу механизмнинг шаффоф ва самарали ишлаши кўп жиҳатдан маҳаллий Кенгашлар депутатларининг фаолиятига боғлиқ. Шу боис уларнинг роли тубдан оширилди, ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди. Шундан келиб чиқиб, йиғилишда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари ўз вазифа-ваколатига жиддий масъулият билан ёндашиши, аҳоли мурожаатларига беписанд бўлмаслиги ва фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини қатъий ҳимоя қилиши, аниқ таклифлар, қарорлар қабул қилишда фаоллик кўрсатиши лозимлиги қайд этилди.

Қўшма йиғилиш якунида “Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг чора-тадбирлар режаси”ни жойлардаги партия ташкилотларида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамда электорат вакиллари билан кенг муҳокама қилиш ва таклифлар олиш, шу асосда уни янада такомиллаштиришга келишиб олинди.

Муҳтарама КОМИЛОВА,
 “Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг