Йўл қўйилган хатолардан тўғри хулоса янги марралар сари етаклайди

0
15

Мамлакатимизда давлат бошқарувини янада демократлаштириш ва модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ўрни ва ролини ошириш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партиялар ўрни мустаҳкамланишига замин яратилди. Сиёсий тажриба орттириш, жамиятда ўз ўрнини топиш, ўзининг барқарор электоратини шакллантириш юзасидан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча даражадаги ташкилотлари ҳам муайян вазифаларни амалга ошираётир.

Андижон. Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлган видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари фаолияти хусусида атрофлича тўхталиб ўтди. Йиғилишда партия гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастурлар ижросида фаол иштирок этиши, уларнинг мақоми ва масъ­улиятини ошириш, кенг ваколатлар бериш, рағбатлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

2017 йилда ЎзМТДП Андижон вилоят ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари  “Инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун” тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб фаолият олиб борди. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларига партиядан сайланган депутатлар ўз фаолияти давомида партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, сайловчи ишончини оқлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини яхшилаш, маданий мерос объектларини муҳофазалаш, таълим муассасалари билан боғлиқ масалаларни депутатлик сўровлари, тегишли мансабдор шахсларнинг ҳисоботини тинглаш, дои­мий комиссия ва сессияларга таклифлар, ташаббус-масалалар олиб чиқиш орқали ҳал этишга кўмаклашилмоқда.

Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан қонун ва ҳукумат қарорларининг ижроси юзасидан ҳамда фуқаролар мурожаати асосида жами 427 депутатлик сўрови юборилган бўлса, шундан  306 тасига ечим топилди. Партия гуруҳларининг ташаббуси билан 30 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди, маҳаллий Кенгаш сессияларига 13 ташаббус-масала олиб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Айни пайтда ЎзМТДП Андижон вилоят, туман ва шаҳар кенгашларида 422 қуйи бўғин фаолият юритмоқда. Жойларда фаол ва ташаббускор қуйи бўғинлар ташкил этаётган тадбирлар, олиб чиқаётган масалалар, аҳоли мурожаатлари ҳал этилиши вилоятда ЎзМТДП нуфузини мустаҳкамлаб, аҳолининг партияга ишончини ошираётир. Бунга Жалақудуқ туманидаги “Бештол”, “Урғу” маҳалла фуқаролар йиғинлари, Хўжаобод туман тиббиёт бирлашмаси қошида ташкил этилган қуйи бўғинлар фаолияти яққол далил бўла олади. Бироқ бу гапни барча бошланғич ташкилотларга нисбатан айтиб бўлмайди. Чунки ҳудуддаги “Андижон саноат қувват” МЧЖ,  Асака туманидаги “Арғинг” МФЙ да  ташкил этилган бош­ланғич партия ташкилотлари тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказиш, фаолиятга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлашда қатор камчиликларга йўл қўймоқда.  Айни пайтда бошланғич тузилмалар етакчиларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида интерфаол машғулотлар ўтказиш, партия ташкилотлари ва гуруҳлари билан мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш, сайловчилар билан ўзаро алоқани янада мустаҳкамлашга оид таклифлар ишлаб чиқилиб, фаолиятга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Андижон вилоятидаги аъзоларининг қарийб 58 фоизи хотин-қизлардан иборат. Жамиятимизда ўз ўрни ва фуқаролик позициясига эга, етакчи хотин-қизлар ҳисобига партия сафи кенгайиб бормоқда.

Вилоятда намунали ва ибратли оилалар кўп. Афсуски, шоли курмаксиз бўлмаганидек, нотинч оилалар ҳам кам эмас. Айрим оилалардаги маънавий муҳит издан чиққани, келин ва куёвнинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, эрта никоҳ оқибатлари, қайнона ва келин зиддиятлари каби турли сабаблар оилавий ажралишларга олиб келмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бундай ачинарли ҳолатларнинг олдини олиш йўлида партия вилоят кенгаши “Аёллар қаноти” талай ишларни амалга оширди. Хусусан, ушбу долзарб мавзуга бағишланган турли тадбирлар ташкил этди. Уларда аҳолини ташвишга солаётган, рўзғорда учраб турадиган муаммоларни бартараф этиш, оилавий ажримларга барҳам бериш, хотин-қизларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш масалалари тарғиб этилди.

Сирдарё.  Сиёсий партия мақсад-вазифалари рўёбида унинг асосий таянчи бўлган бош­ланғич партия ташкилоти фаолияти муҳим ўрин тутади. Аҳолига энг яқин ҳисобланган қуйи бўғин электорат манфаат­ларини ҳимоя қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ҳал этишда  кенг имкониятга эга. Айни пайтда вилоятда 339 қуйи бўғин фаолият олиб бормоқда. Мазкур қуйи бўғинлар ўз фаолиятини партия дастурий мақсадлари, бугунги кун талабларини ҳисобга олган ҳолда фаолият юритишга  интилмоқда.

Аммо, афсуски, барча бош­ланғич партия ташкилотлари фаолиятини қониқарли деб бўлмайди. Жойларда электоратнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, партия фаоллари билан алоқани мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ана шундай тузилмалар сони ўтган йилда атиги 14 тага ортди. Сайхунобод туманидаги “Турон”, Сирдарё туманидаги “Ёшлик”, Ховос туманидаги “Чаманзор”, Мирза­обод туманидаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган бошланғич партия ташкилотларида партиявий фаолият тажрибаси, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирлар, белгиланган вазифалар ва мажбуриятларни бажаришда ташаббускорлик, самарадорлик, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларидаги фаоллиги, депутатлик корпуси билан ҳамкорликда сусткашлик кўзга ташланади. Айни пайт­да партия Сирдарё вилоят кенгаши ўз фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида жойлардаги қуйи бўғинлар самарадорлигини ошириш, энг илғорларини рағбатлантириш, бу борада тўпланган ижобий тажрибаларни оммалаштириш, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларидаги партия гуруҳлари амалга ошираётган ишларни тарғиб этиш ва тушунтириш чораларини кўрмоқда.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари бўйича ташаббуслар билан чиқиш, аҳолини ўйлантириб келаётган долзарб ҳаётий масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳал этишда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, партия гуруҳлари фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. Партия дастурий мақсадлари, сайловолди Платформасидан келиб чиқадиган устувор вазифалар, қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг жойлардаги ижросини таъминлашда фаоллик кўрсатиш, тегишли корхона, ташкилот ва мансабдор шахсларга фуқаролар манфаатларини ҳимоялаш юзасидан депутатлик сўровлари билан чиқиш, уларнинг ҳисоботини эшитиш, долзарб ҳудудий масалаларни маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритиш ва депутатлик назоратини олиб бориш партия гуруҳлари зиммасидаги энг муҳим вазифа саналади.

— Айни пайтда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган 60 нафар депутат фаолият олиб бормоқда, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи раҳбари Норбобо Соатов. —Улар аҳолини ўйлантираётган масалаларни кўтариб чиқиш, муаммоларни ҳал этишга яқиндан кўмак бераётир. Бугун маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколатлари жуда кенг. Шундай бўлса-да, бу имкониятлардан тўлақонли фойдаланиляпти, деб бўлмайди. 2017 йилда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар  Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари амалдаги қонунлар, Президент фармонлари, давлат дастурлари ва ҳукумат қарорлари ижроси бўйича 381 депутатлик назоратини амалга оширди, уларнинг 246 таси ижобий ҳал этилди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 23 ташаббус масала олиб чиқилиб, қарор қабул қилинишига эришилди. Бу кўрсаткич ўтган йилги билан таққосланганда 14 тага кўп. Ушбу саъй-ҳаракатларимизнинг барчаси аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган.

ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгашидаги Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш секторига келиб тушган  364 та мурожаатдан 102 таси коммунал соҳа, 18 таси уй-жой ва ер масаласи, 24 таси иш ҳақи, нафақа ва пенсия, 52 таси соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича, 21 таси банк-кредит, 72 таси эса бошқа масалаларга оиддир. Мурожаатларнинг 213 таси партия ташкилотлари ҳамда депутатлар иштирокида ижобий ҳал этилиб, қолганларига тушунтиришлар берилган.

Партия ташкилотлари аҳолининг муаммолари ва қизиқиш­ларини ўрганиш мақсадида ташкил этган “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 91 та мурожаат тушди ва уларнинг аксарияти ўз ечимини топди.

Партиянинг йирик лойиҳаларидан бири бўлган “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида 7 та туман  (шаҳар)да 11 та бепул ўқув курси фаолияти йўлга қўйилган эди. Ушбу ўқув курсларига 59 нафар уюшмаган ёшлар жалб қилинди. Шулардан  5 нафари олий ўқув юрти талабаси бўлди. Айни пайтда ушбу лойиҳа доирасида 2 та ўқув курси ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Юқоридагиларга эътибор қаратсак, ўтган йилда ЎзМТДП Сирдарё ва Андижон вилоят кенгашлари ҳамда партия гуруҳлари фаолиятида жонланишни кўриш мумкин. Бироқ, ушбу эришилган муваффақиятлар, ютуқлар хотиржам бўлиш, қониқиш ҳосил қилиш учун етарли эмас. Аксинча, барча даражадаги партия ташкилотлари ва ҳар бир депутат электорат манфаати учун тинмай изланиши, бурч ва масъулиятини чуқур ҳис қилиб, фаоллик кўрсатиши лозим. Бу саъй-ҳаракатлар эса, ўз навбатида, партия дастурий мақсад-вазифаларининг ҳаётга татбиқ этилишига, электорат манфаатлари таъминланишига, ҳудудларда ечимини кутаётган масалалар ўз вақтида ҳал бўлишига хизмат қилади.

Ойдин АЛИМАРДОНОВА,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг