Мактабгача таълим муассасалари: энди кўп қаватли уйларда ҳам ташкил этилади

0
10

Ҳар бир соҳада бирон-бир ўзгаришга, тараққиёт ва фаровонликка эришиш учун, аввало, замонавий етук кадрларни тарбиялаш лозим. Бундай кадрларни, миллатнинг соғлом генофондини тайёрлаш, аввало, мактабгача таълим тизимидан бошланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлигида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағиш­ланган брифингда айни бу жиҳатлар бот-бот таъкидланди.

Президентимизнинг жорий йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, “Ўзбекистон Респуб­ликаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда мактабгача таълим тизими таркибий жиҳатдан тубдан ислоҳ қилинмоқда, мазкур соҳада янги тизим яратилди. Давлатимиз раҳбари 2017 йили 19 октябрь куни соҳанинг мутасадди вакиллари иштирокида ўтказган видеоселекторда ҳам мактабгача таълим соҳасида амалга ошириладиган ишлар, истиқболдаги вазифалар хусусида билдирилган фикр ва тавсиялар тизим ривожини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтармоқда.

Брифингда таъкидланганидек, белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг “Тошкент шаҳрида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда тизим сифатини яхшилаш ва хусусий секторни кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

— Бугун пойтахтимизда 632 мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда, шундан 447 таси Тошкент шаҳар мактаб­гача таълим бош бошқармаси тасарруфида бўлса, қолганлари хусусий таълим муассасаларидир, — деди Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дилбар Нажмутдинова. — Уларда қарийб 123 минг ўғил-қиз тарбияланмоқда. Аммо пойтахтда боғча ёшидаги болалар сони бугунги кунда 190 минг нафардан ошиб кетган. Шу нуқтаи назардан қарасак, бу каби муассасаларга бўлган эҳтиёж жуда юқори.

Брифингда шаҳар ҳокимлиги вакилларининг берган маълумотларига кўра, яқин беш йил ичида мактабгача таълим муассасаларига бормайдиган болалар ушбу муассасаларга босқичма-босқич қамраб олинади. Бу ҳозирда Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси тасарруфидаги таъмирга муҳтож ана шундай 61 масканни таъмирлаш ва янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватидан мактабгача таълим муассасаси сифатида фойдаланиш имкониятини бериш, туманлардаги бўш турган жойлардан мактабгача таълим муассасаси сифатида фойдаланишга рухсат бериш орқали амалга ошади. Шунга кўра, 2018 йил Тошкент шаҳрида янги қуриладиган ва мавжуд кўп қаватли уйларнинг биринчи ва иккинчи қаватида ташкил этиладиган мактабгача таълим муассасалари режа-жадвали тасдиқланган.

Эътиборлиси, мавжуд кўп қаватли уйларда болалар боғчаси очиш истагини билдирган тадбиркорлар ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Тизимдаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида шаҳардаги бўш турган биноларда, хусусий тадбиркорлар учун ажратилаётган ермайдонларида ҳам мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун рухсат берилган. Бундан ташқари, 200 дан ортиқ якка тартибдаги хонадонларда
40-50 ўринли хусусий боғчалар очилиши кутилмоқда.

Исломжон ҚЎЧҚОРОВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг