Партия дастурий мақсад-вазифалари ижроси депутатлар фаоллигига боғлиқ

0
14

Сиёсий партиянинг жамият ҳаётида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, унинг ғоялари одамларга етиб боришида партия сайловолди Платформасида белгиланган мақсад-вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши муҳим аҳамиятга эга. Бу эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатларидан фаолликни ўз ваколатларидан унумли фойдаланишни талаб этади.

Бунга Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Навоий вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайланган депутатлар, партия гуруҳларининг ўтган йилдаги фаолияти, улар эришган натижалар мисолида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Партия гуруҳлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ташаббус-масалалар киритиш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор депутатлик сўровларини амалга ошириш, ҳудуддаги муаммоларни ўрганиш ва жойида ҳал этиш, ҳалқ билан очиқ мулоқот қилишга алоҳида аҳамият қаратди. Айниқса, Ўзбекистон Респуб­ликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан 2017 йил 12 июлда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида партиянинг “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз” ҳамда “Пресс-тур” каби лойиҳалари доирасида бир қатор амалий ишлар қилинди.

Айни пайтда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган 89 нафар депутат фаолият олиб бормоқда. 2017 йилда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳлари амалдаги қонунлар, Президент фармонлари, давлат дастурлари ва ҳукумат қарорлари ижросини таъминлаш бўйича 331 депутатлик сўровини амалга оширди. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларига 30 ташаббус-масала олиб чиқилиб, қарор қабул қилинишига эришилди. Партия гуруҳларининг ташаббуси билан тегишли йиғилишларда 100 мансабдор шахснинг ҳисоботи тингланди, доимий комиссия йиғилишларига 40 таклиф олиб чиқилди. Жумладан, халқ депутатлари Навоий вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар ҳамда вилоят маданият бошқармаси ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда “Маданий мерос объектларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг Навоий вилоятидаги ижросини ўрганиб, сессиялар кун тартибига ташаббус-масалалар киритилди. Жумладан, ушбу масала халқ депутатлари Навоий вилоят, Нурота, Конимех, Кармана, Қизилтепа туман Кенгашлари сессияларида муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгашидаги
ЎзМТДП гуруҳи “Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунининг вилоятдаги ижроси, халқ депутатлари Хатирчи туман Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи “Туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни амалга ошириш, хусусан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизациялаш, қишлоқ хўжалиги ерларидан унумли фойдаланиш, ерларнинг ҳосилдорлигини ошириш” масаласи ҳамда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг ҳудуддаги ижросини таъминлаш бўйича ташаббус-масалаларни сессиялар кун тартибига олиб чиқиб, қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Партия гуруҳлари аъзолари ўтган йилги фаолиятида аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, одамларнинг муаммо ва қизиқишларини ўрганиш ва уларга ижобий ечим топишга алоҳида эътибор қаратиб, ҳудудларда сайёр қабул, очиқ мулоқотлар ташкил этди. Жумладан, халқ депутатлари Кармана туман Кенгашига партиядан сайланган депутат Азамат Қувонов ҳудуддаги “Бешкент” маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларда бўлиб, одамларни кўп вақтдан бери қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашди. Масалан, ҳудуддаги Роҳат кўчаси 2-уй, 12-хонадонда яшовчи фуқаро Дилфуза Шербекова йўл ва кўчалар ёқасидаги  электр симларининг хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги, шу кўчадаги 5-уйда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Назира Муҳаммадқулова маҳаллада аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари қониқарсиз эканлиги, потранаж хизмати яхши йўлга қўйилмаганлигини айтиб, мазкур масалаларда кўмак сўради. Ушбу мурожаатлар депутат томонидан атрофлича ўрганилди, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборилиши натижасида муаммоларга ижобий ечим топилди. Бу каби амалий ишлар, ўз навбатида, сайловчиларнинг депутатга бўлган ишончи мустаҳкамланиши, одамларнинг турмуш тарзи янада фаровон бўлишига хизмат қилади.

Халқ депутатлари Навоий вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзМТДП гуруҳларининг ўтган йилги фаолияти таҳлили партия дастурий мақсад-вазифалари ижроси юзасидан ҳудудда сезиларли ишлар амалга оширилгани, аҳоли мурожаатларининг аксариятига ижобий ечим топилганини намоён этди.

Халқимиз учун муносиб турмуш шароити яратилиши, ўз навбатида, юртимизда инсон манфаати ҳар нарсадан устун эканлиги, унинг ҳақ-ҳуқуқлари тўла таъминланаётганидан далолат беради. Зеро, халқимиз ўз ҳаётидан рози бўлса, юртимиз тинч-осойишта янада фаровон бўлади.

Усмон АБДУРАСУЛОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
 Ижроия қўмитаси девони
етакчи мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг