Биринчи президентимиз хотирасига бағишланди

0
46

Спорт — миллат ғурури, мамлакатнинг шаъни ва довруғини дунёда юксалтирувчи муҳим восита. Юртимизда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор натижасида бугун кўплаб спортчиларимиз дунё миқёсидаги қатор мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Олимпия ва паралимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатлари ва турли совринли натижалардаги ғалабалар бунга  яққол далилдир.

ЎзМТДП Қарши шаҳар кенгаши, Ўзбекистон Миллий паралимпия
ассоциациясининг Қашқадарё вилоят бўлими ҳамда вилоят кўзи ожизлар жамияти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб паралимпия спортчилари ўртасида оғир ва енгил атлетика, шахмат-шашка бўйи­ча вилоят биринчилиги ташкил этилди. Унда турли ёш ва вазн тоифасидаги спортчилар беллашди.

Турли босқичлардан муваффақиятли ўтган паралимпия спортчилари якуний баҳсларда юқори натижаларни қайд этишди.

— Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ўтказилган ушбу мусобақадан асосий мақсад — паралимпиячи ва имконияти чекланган ёш спортчиларимизнинг маҳоратини яна бир бор намоён этиш­лари учун имкон яратишдир, — дейди ЎзМТДП Қарши шаҳар кенгаши раиси Дилшод Жамолов. — Уларнинг маълум бир имкониятлари чекланган бўлса-да, ҳаётга бўлган қарашлари ўзгача, орзу-
умидлари бир олам. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган алоҳида эътибор туфайли, уларнинг ҳаётга бўлган ишончи ошяпти, умидлари юксаляпти.

— Мусобақада спортнинг оғир атлетика тури бўйича қатнашдим,  — дейди 67 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги мусобақада биринчи ўринни эгаллаган, икки карра Ўзбекистон чемпиони Исмира Исломова. — Дастлаб 80 килограмм, иккинчи галда 85 килограмм ва сўнг­гида 90 килограммли тошни кўтариб, яхши натижани қўлга киритдим. Биринчи Президентимиз хотирасига бағишлаб ўтказилган ушбу мусобақа халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишимда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Қарши шаҳридаги кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасидан ҳозирга қадар кўплаб паралимпиячилар етишиб чиққан. Бу мусобақада ҳам мазкур муассасадан 12 иштирокчи орасидан 5 нафари совринли натижаларни қўлга киритди.

— Спортчиларимиздан Нилуфар Норқобилова шахматда ва Шерали Хуррамов шашка мусобақасида тенгдош­лари орасида юқори натижаларга эришди, — дейди Қарши шаҳридаги кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисос­лаштирилган давлат таълим муассасаси ўқитувчиси Ўткир Жумаёров. — Ақл машқида уларнинг ўзига хос фикрлаши, мулоҳаза юритиши яққол сезилди. Мактабимиздан ҳали кўплаб умидли спортчиларнинг етишиб чиқишида биз устозлар бор имкониятимизни сафарбар этамиз.

Биринчи Президентимиз Ислом
Каримов хотирасига бағишлаб ўтказилган мазкур мусобақа якунида барча иштирокчиларга ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

Акбарали ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзМТДП  Қашқадар¸ вилоят
кенгаши  Ижроия қўмитаси
девони бош мутахассиси

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг