Бой тарих ва маънавиятимиз кўзгуси

0
16

Музейлар — халқимизнинг тарихий, маданий, илмий мероси, маънавий қадриятлари, юртимизнинг ўзига хос тараққиёт босқичлари, ижтимоий-маданий соҳаларда эришган ютуқлари ҳақида ҳикоя қилувчи ўзига хос кўзгудир. 

Бугун мамлакатимизда 350 дан зиёд музей, уй-музей ва кўргазма муассасалари мавжуд. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2017-2027 йилларда давлат музейлари фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича комлекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори улар фаолиятини йўлга қўйишда  асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Қарорда айрим музей биноларини янгидан қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш каби вазифалар манзилли дастурларга киритилган. Пировард мақсад — музейларимиз нуфузини ошириш, уларга ташриф буюрувчиларни кўпайтиришдан иборат.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи Марказий Осиёдаги йирик илмий-маърифий муассаса ҳисобланади. Музейда халқимизнинг бой тарихи, бетакрор маданияти ва маънавияти, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилувчи 300 мингга яқин археологик, этнографик, нумизматик экспонатлар, нодир буюмлар, бадиий асарлар, фотосуратлар, ҳужжатлар ва бошқа тарихий ашёлар сақланмоқда. Кўплаб ноёб осори-атиқалар халқимизнинг энг қадимги даврдан то ҳозирги кунгача бўлган тарихи ҳақида сўзлайди. Жумладан, биринчи қаватдаги экспозиция тош асридан (милоддан аввалги 1,5 миллион йил) то XIX асрнинг дастлабки йилларини қамраб олган. Юртимизнинг турли ҳудудларидаги археологик мажмуалар, шаҳристонлар, қадимий ёдгорликлардан топилган нодир ашёлар, металл ва сопол буюмлар, либос ва зийнатлар, деворий безаклар, уй-рўзғор анжомлари, меҳнат қуроллари, тарихий материаллар муайян даврга оид манзараларни, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос тарихи, этнографик хусусиятларини кўз ўнгимизда яққол тасвирлайди.

Айниқса, Селунғур (милоддан аввалги 1,5 миллион йил), Тешиктош ва Обираҳмат ғорларидан топилган қадимги одам қолдиқлари, Фарғона водийсидан топилган икки бошли илон шаклидаги тош тумор (милоддан аввалги II минг йиллик), Сурхондарё вилоятидаги Фаёзтепадан топилган будда ибодатхонаси ёдгорликлари, Варахша саройининг деворий суратларидан лавҳалар халқимизнинг қадим илдизларга эга эканини ифодалайди.

Милоддан аввалги V асрдан милодий XIX асргача бўлган даврни қамраб олган нумизматика фонди тўплами ҳам ғоят ранг-баранг. Бу ерда Юнон-Бақтрия, Кушон, Хоразм, Сўғд ва Чочда зарб қилинган тангалар билан бирга Аҳамонийлар, Тоҳирийлар, Қорахонийлар, Темурийлар сулолалари томонидан зарб қилинган пул бирликларини учратиш мумкин. Бу диёримизда савдо-иқтисодий муносабатлар илдизи жуда қадим даврларга бориб тақалишидан дарак беради.

Қадимий қўлёзма китоблар, нодир нашрлар бу табаррук заминда илм-фан, адабиёт, санъат гуллаб-яшнаганидан ҳикоя қилса, нақшинкор ўйма устунлар, меъморлик ашёлари, безакдор бош ки­йимлари, либослар, турли зийнатлар миллий анъана ва қадриятларимиз, юртимиздаги ҳунармандлик мактабларининг чуқур ва мустаҳкам асосга таянишидан далолат.

…Музейга ҳар йили минглаб юртдошларимиз ва меҳмонлар ташриф буюради, улар учун экскурсиялар, маъруза ва тадбирлар уюштирилади.

— Очиғини айтсам, тарихимиз бу қадар бой ва ранг-баранг эканини тасаввур қилмаган эдим, тарихни билмаган одам бугунги кунга ҳам ҳаққоний баҳо беролмаслигини тушуниб етдим, — дейди Сардорбек Маҳкамов. — Музей экспозицияси хронологик, яъни воқеалар кетма-кетлиги тарзида яратилган. Экспонатлар сони жуда кўп ва хилма-хил, мени ҳайрон қолдирди.   Бу ерда ўтган вақтим жуда фойдали бўлди: кўплаб янги маълумотлар олдим, билганларимни қўшимча маълумотлар билан тўлдирдим. Энди ўзим билан бирга яқинларим, дўстларим, оила аъзоларимни ҳам бу ерга олиб келаман…

Ўзбекистон Фанлар академияси таркибидаги ушбу маскан ўз фаолият йўналишига кўра илмий-тадқиқот институти, тарихий-маданий бойлик­ларни сақловчи хазина ҳисобланади. Музейда кўплаб илмий тадқиқотлар, истиқболли лойиҳалар, кўҳна қадамжоларга экспедициялар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бу музей фондини янада бойитиш, таълим масканлари учун янги қўлланмалар, адабиётлар яратиш, навқирон авлоднинг Ватанимиз тарихига бўлган қизиқишининг ортишига ҳисса қўшмоқда. Шу билан бирга, музей фаолиятини янада такомиллаштириш, экспозицияларни янги топилмалар билан бойитиш, мавжудларини консервациялашга оид амалий ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон тарихи давлат музейи коллекциялари асосида “Тарихий ва маданий ёдгорликлар” электрон базасини яратиш бўйича амалга оширилган тадқиқот натижасида мозийгоҳнинг археология, нумизматика, этнография, ноёб буюмлар, бадиий асарлар, қурол-аслаҳа фондларидаги ашёларнинг электрон маълумотлар базаси яратилган. “Ўзбекис­тонда музейшунослик асослари” дарслик қўлланмасини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш лойиҳаси асосида музейлар фаолиятини ўрганиш, ашёларни сақлаш ва консервациялаш, кўргазмалар ташкил қилиш, экскурсиялар олиб бориш, тарғибот-тушунтириш ишлари таҳлил қилиниб, бир қатор китоб ва қўлланмалар чоп этилди.

…Музейнинг мустақиллик даврига бағишланган қисми ғоят бой, қизиқарли ва ранг-баранг. Халқимиз ҳаётида туб бурилиш ясаган истиқлол, тарихий сана — 1991 йил 31 августда мамлакатимиз мус­тақиллигининг эълон қилинишига оид қимматли манбалар,  мамлакатимизда Президентлик бошқарувининг жорий этилиши тўғрисидаги ҳужжат, Биринчи Президентимизнинг Конституциямиз лойиҳаси устидаги ишларининг асл нусхалари, давлат тизими, Олий Мажлис сессияси, сайлов жараёни акс этган лавҳалар ва фуқаролик паспортлари — аждодлар мероси ва халқимиз қудратига таянган ҳолда эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлида чекилган заҳматлар ифодасидир.

— Музейларимиз фондларида сақланаётган халқимизнинг бой тарихи, мустақиллигимиз одимларини акс эттирувчи ноёб экспонатларни асраб-авайлаш, ўрганиш, бойитиб бориш, дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш бўйича давлатимиз томонидан изчил ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистон тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Жаннат Исмоилова. — Бунинг самарасида Ўзбекистон музейларининг жаҳон миқёсида нуфузи ошиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида музейимизга келган меҳмонларни таҳлил қилганимизда, уларнинг етмиш фоизи ёшлар эканлиги аниқланди. Бу, бугун музейлар ёшларни маданий, тарихий, ўтмиш, илм-фан ёдгорликлари, халқимизнинг турмуш тарзи ва анъаналари, санъат асарлари билан таништириш, уларда ватанпарварлик туйғусини юксалтиришга хизмат қилаётганидан далолатдир.

Дарҳақиқат, музейни айланган инсон қалбида жонажон Ватанимизга, бунёдкор, танти ва саҳоватли халқимизга бўлган меҳр янада ортади. Шу юрт фарзанди эканидан қалби чексиз фахр-ифтихорга тўлади. Ўзбекистонимизнинг тинчлиги ва осойишталиги, истиқлол берган имкониятларнинг нақадар буюк саодат эканини, юртимизнинг нурафшон истиқболи учун дахлдорликни, масъулиятни яна бир бор дилдан теран англайди.

Мухторбек АБДУЛЛАЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбири

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг