Манзилли ўрганишлар — муаммоларга ечим ЎзМТДП ишчи гуруҳи айни шу мақсадда наманган вилоятида бўлди

0
28

Бугун замон сиёсий партиялар олдига аҳоли билан ёнма-ён бўлиш, уларни қизиқтираётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривож­ланишига тўсиқ бўлаётган камчиликларни ўрганиб, улар ечимига қаратилган аниқ ташаббусларни илгари суришни тақозо этмоқда. Мана шундай амалий саъй-ҳаракатларгина аҳолининг партияга бўлган ишончини ошириб, тарафдорлари сафи кенгайишига хизмат қилади.

Шу мақсад-вазифани амалга ошириш, партия сайловолди Платформаси ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий ва Наманган вилоят кенгашлари масъулларидан иборат ишчи гуруҳ вилоятдаги маданий мерос объект­лари ҳолати, улардаги мавжуд муаммолар, вилоят мусиқали драма театрининг фаолияти ҳамда Наманган халқаро аэропортида сайёҳлар учун яратилган қулайликларни ўрганди.

Халқаро аэропортда туристлар учун шароит қай даражада?

Хорижлик сайёҳларнинг юртимизга саёҳати кўп ҳолларда халқаро аэропортларимиздан бошланади. Хўш, у ерда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар қандай? Рўйхатга олиш ва расмийлаштириш ҳолатлари сифати ва тезкорлиги талаб даражасидами?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида ишчи гуруҳ аъзолари “Наманган халқаро аэропорти” давлат унитар корхонасида бўлишди.

1942 йили ташкил топган, Наманган вилояти марказида жойлашган аэропортда йирик жамоа меҳнат қилаётир. Уч юздан зиёд ходимларнинг аксарияти ёш кадрлардан иборат. 2007 йилда халқаро аэропорт мақомини олган корхона бугунга келиб 40 дан зиёд давлатлар билан ҳаво йўли орқали ижтимоий-иқтисодий, маданий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда. 2004-2007 йилларда амалга оширилган кенг кўламдаги капитал-реконструкция ҳамда ободонлаштириш ишлари натижасида вилоятнинг ҳаво дарвозаси кўркам ва файзли маскан қиёфасини касб этди.

—  Наманган халқаро аэропортида учиш-қўниш йўлакларини таъмирлаш, терминаллар барпо қилиш, замонавий радионавигация воситалари ҳамда ёруғлик техникаси тизимларини сотиб олишга катта эътибор берилмоқда, — дейди корхона директорининг ер хизмати иншоотлари бўйича ўринбосари Аброрхон Қаҳҳоров. — Бунинг самараси ўлароқ, мураккаб об-ҳаво шароитларида ҳам ишлаш имконияти яратилди. Ҳар қандай вазиятда ҳам барча русумдаги ҳаво кемалари қабул қилинмоқда. Энг катта ютуқларимиздан бири — аэропортимизнинг “Дунё экоаэропортлари рўйхати”га киритилгани.

Яна бир янгилик — аэропортда божхона бў­йича икки йўлак тизими, яъни “яшил” ва “қизил” йўлаклар жорий этилди. Ушбу янги тизим ишга тушиши билан фуқаролар, хусусан, туристларнинг рўйхатга олиш ишларига сарфланадиган вақти қисқаради, кўзлаган манзилларига ўз вақтида етиб бориши таъминланади.

Ўрганиш давомида ишчи гуруҳи аъзолари аэропортда туристлар учун яратилган шарт-шароит­лар билан яқиндан танишди. Президентимизнинг кўрсатма ва тавсияларидан келиб чиққан ҳолда айни кунларда бу ерда мусулмонлар кўп истиқомат қилаётган мамлакатлардан келаётган сайёҳларга янада қулайлик яратиш мақсадида 20 ўринли эркаклар ва аёлларга мўжалланган 2 та намозгоҳ барпо этилмоқда.

Парвоз олдидан мароқли ҳордиқ чиқариш учун сайёҳларга мўлжалланган дам олиш хонаси, оналар ва болалар хонаси ташкил этилган. Кафе, тамаддихона каби умумий овқатланиш жойлари мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 йўлакча бунёд қилинган. Тиббиёт хонаси ва дорихона зарур жиҳозлар, дори-дармон воситалари билан таъминланган. Йўловчиларни аэропорт ҳудудига олиб бориб қўйиш учун замонавий 5 автобус, юкларни ташишга 23 юк аравачаси ажратилган. Сайёҳлар ва меҳмонлар учун валюта айирбошлаш шохобчаси ташкил этилган.

— Мамлакатимизга ташриф буюрадиган меҳмонлар, биринчи навбатда, қадим тарихга эга ва бой маънавий меросимиз, моддий-маданий мерос объектлари, тарихий ёдгорликларга катта қизиқиш билдиради, — дейди ЎзМТДП Марказий кенгаши ижроия қўмитаси девони бўлим бош­лиғи Дониёр Тошбоев. — Наманган халқаро аэропортининг кутиш ва самолётга чиқиш залларида вилоятнинг ўзига хос диққатга сазовор жойлари шу заминдан етишиб чиққан буюк алломаларимиз суратлари акс этиши лозим, деган хулосага келдик. Аэропорт мутасаддилари бу масалани “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси раҳбарияти ҳамда реклама агентликлари билан ҳамкорликда ҳал этишини маълум қилди.

— Ўрганишлардан шундай хулосага келиш мумкинки, вилоятимизда ҳали туризмни тараққий эттириш борасида ишга солинмаган имкониятларимиз талай экан, — дейди  халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси Эркинжон Валихонов. — Шундан келиб чиқиб, аэропорт мутасаддиларига бу ерда ахборот-ресурс маркази, матбуот шохобчаси, Интернет  тармоғи
(Wi-Fi тизими) фаолиятини йўлга қўйиш, миллий маҳсулотларимизни турист­ларга кенг тарғиб этадиган сувинер дўкони ташкил этиш, бундан ташқари, вилоят тарихини ўзида акс эттирган хорижий тиллардаги видеоролик ва китоб жамланмаси, вилоят харитасини жойлаштириш ва сай¸ҳларга тарқатиш каби чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан ўз таклифларимизни билдирдик.

Ҳошимжон ҒАЙБУЛЛАЕВ,
Туризмни ривожлантириш давлат
қўмитасининг Наманган вилояти бўйича вакили:

— Ўрганишлар жараёнида аэропорт ҳудудидаги Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банки” Наманган вилояти филиалининг валюта айирбошлаш шохобчаси фаолияти талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Масалан, банк ходимлари белгиланган кийим-бошда эмас. Яна бир жиҳат улар хорижий тилларда сўзлаша олмайди.

Вилоятимиз ҳаво дарвозасининг ташқи томонидаги манзара ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Аэропорт биносининг ташқи қиёфасига “соя” солиб турган ҳудудда ландшафт дизайнига эътибор қаратилмаган, яъни ободонлаштириш ишлари кўнгилдагидек эмас. Ҳудуддаги майсазор қаровсиз. Маълум бўлишича, аэропортнинг ташқи муҳофаза деворлари билан ўралган ҳудудига шаҳар ободонлаштириш бўлими масъул. Шундай экан, шаҳар ободонлаштириш бўлими мазкур масалага жиддий эътибор қаратиши зарур.

Театр — маънавият ўчоғи, тарбия маскани

Театр ҳамиша инсонни маърифатга, эзгуликка етакловчи, маънавий юксалишга хизмат қиладиган тарбия маскани бўлиб келган. Ҳар бир саҳна асари, хоҳ комедия ё трагедия бўлсин, томошабин бундан ўзи учун тегишли хулоса олган. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Театр — ибратхона”, деган сўзлари бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотгани йўқ.

Наманган вилояти мусиқали драма театри мамлакатимиз театрлари орасида нуфузли санъат даргоҳларидан саналади. Ўтган йили театр биноси жорий таъмирдан чиқарилиб, актёрлар хоналари янги мебеллар билан жиҳозланди.  Театр жамоасининг “Аёл бўлиш осонми?”, “Армон”, “Ўлан” ҳамда “Қорбобонинг совғаси” саҳна асарлари томошабинлар эътиборига тушди. Жорий йилда давлат буюртмаси асосида бош режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби Карим Йўлдошев раҳбарлигида А.Самаднинг “Соҳибқирон Амир Темур” тарихий драмасини саҳнага олиб чиқиш учун иш олиб борилмоқда. Томошабинлар эътиборига ҳавола этиладиган асарлар қаторида Э.Воҳидов асарлари, Ж.Маҳмуд инсценировкаси асосидаги “Матмуса” комедияси, “Ёрилтош” мусиқали эртак-спектакли, В.Шекспирнинг “Вероналик икки йигит” комедияси бор.

Ишчи гуруҳ театрдаги мавжуд ҳолат, томошабинлар учун яратилган шароитлар, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси масаласини ўрганди. Театр жамоаси ишчи гуруҳга қатор таклифларни билдирди.

— Халқимиз театр саҳнасида бугунги ҳаётимизни теран акс эттирадиган, турли синовларда тобланган, ўз келажагини ўз қўли, ўз меҳнати билан яратаётган, Ватан такдирини ўз тақдири деб биладиган фидойи инсонлар — замонамиз қаҳрамонлари қиёфасини ёрқин ифода этадиган янги асарларни кутмоқда, — дейди Наманган вилояти мусиқали драма театри директори Озода Усмонова. — Бундай асарларни саҳнага олиб чиқиш учун жамоа­мизнинг ижодий салоҳияти ҳам, театрдаги шароит ҳам етарли. Аммо бугунги кунда саҳнани ёритиш тизимини янгилаш, бинонинг фасадини таъмирлаш, транспорт воситалари сотиб олиш, мусиқа  асбоблари билан таъминлаш зарурати мавжуд. Агар ана шундай шароитлар яратиб берилса, чекка ҳудудларда ҳам томошалар уюштириш имконига эга бўлардик. Шунингдек, фаолиятимизга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш, уларни бугунги замон талабларига мослаштириш зарур. Ҳозир ҳам собиқ иттифоқ давридаги ҳужжатлардан фойдаланиб келаётганимиз, бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги фаолиятимизнинг энг оғриқли томонларидан биридир.

Ишчи гуруҳ аъзолари ўрганилган масалалар юзасидан ЎзМТДП Марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мурожаат қилиб, уларга ҳамкорликда  ечим топишини билдирди.

Фазлиддин МУҲИДДИНОВ,
халқ депутатлари Наманган вилоят
Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи аъзоси:

— Муайян халқ ва давлатнинг маънавий тараққиёт даражаси, аввало, унинг маданияти, санъати, адабиёти, жумладан, театр санъатида яққол намоён бўлади. Шундай экан, ёш авлодни театрларга жалб этиш бизнинг энг муҳим вазифаларимиздан. Бугунги ўрганиш жараёнида вилоят мусиқали драма театри фаолияти самарадорлигида муҳим аҳамият касб этувчи қатор масалаларни белгилаб олдик. Жумладан, шаҳар ва туман марказларига театрнинг ҳозирги кундаги репертуаридан жой олган спектакллар акс этган рекламаларни ўрнатиш, истеъдодли ёш актёрларнинг ривожланган давлатларга малака оширишини таъминлаш, “замон қаҳрамони” образини яратиш мақсадида драматурглар, ёзувчилар ва сиёсий партиялар билан бевосита ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозим.

Сессия қарори ҳамон ижро этилмаяпти

Ишчи гуруҳ аъзолари Учқўрғон туманида “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун ижросини ўрганди. Тумандаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Тирик мозор” зиёратгоҳида бўлиб, қадамжода зиёратчилар учун шарт-шароит яратиш, ободонлаштириш борасида муайян масалалар борлиги аниқланди.

Зиёратгоҳ меъморий ёдгорлик сифатида рўйхатга олинган бўлса-да, “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун талабларига асосан кадастрдан ўтказилмаган, чегара ҳудудлари белгиланмаган, муҳофазага олинмаган, зиёратгоҳга масъуллар расман тайинланмаган. Шу боис ҳозирги кунгача зиёратгоҳда ободонлаштириш, қурилиш ишларини олиб боришнинг имкони бўлмаган.

Ўрганишлар натижасида аниқланган мазкур масалалар юзасидан халқ депутатлари Учқўрғон туман Кенгаши депутати Илҳом Зулфиқоров қатор мутасадди идораларга депутатлик сўрови билан чиқди. Жумладан, Наманган вилоят ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси Учқўрғон туман филиали ҳамда Учқўрғон туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимига “Тирик мозор” зиёратгоҳининг кадастрдан ўтказилиши юзасидан, туман ҳокимига мазкур масканни ободонлаштириш ва туман меҳмонлари, зиёратчилар учун мақбул шароитлар яратишни таъминлаш масаласида депутатлик сўрови юборди.

Шунингдек, партия аъзоси Мавлуда
Маматжонованинг партия Марказий кенгашига мурожаати асосида Чортоқ тиббиёт коллежида амалга оширилаётган маънавий-маърифий ишлар ва ўқув масканида ташкил этилган музей билан танишилди.

Коллежда ўқувчи ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, маърифатини бойитиш йўлида амалий ишлар олиб борилмоқда. Эътиборлиси, коллежда Чортоқ тумани тарихи, қадимда туман аҳолисининг турмуш тарзи ва маданиятини акс эттирувчи экспонатлардан иборат “Миллий қадриятлар” музейи ташкил этилган. Музей коллежнинг Маънавият хонасида жойлашган бўлиб, ундан 32 нусха тарихий қўлёзма китоблар, етмишга яқин миллий каштачилик намуналари, мингга яқин нумизматика ва қоғоз банкнотлар, 368 дона халқ ҳунармандчилиги маҳсулотлари жой олган.

Ишчи гуруҳи мазкур мўжаз ва бой тарихий экспонатларга эга музей учун туман марказидан алоҳида бино ажратиш ва Чортоқ тумани тарихий музейини ташкил этишга амалий кўмак беришга келишиб олди.

Ишчи гуруҳ Поп туманидаги археология музейида ҳам бўлди. Қарийб 10 йилдан буён фаолияти тўхтаб қолган музей ҳолати ачинарли аҳволда: бино яроқсиз ҳолатда, ертўлани мунтазам сув босади. Ваҳоланки, музейда V-VII асрларга тааллуқли 6 минг 162 экспонат мавжуд.

Ўрни келганда айтиш жоиз, 2015 йил июнда ЎзМТДП гуруҳи халқ депутатлари Поп туман Кенгаши сессиясига “Туманда маданий мерос объектларининг сақланиши ва улардан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги масалани киритган эди. Сессия қарорида тумандаги мавжуд 50 моддий маданий мерос объектини реконструкция қилиш, таъмирлаш ва консервациялаш, уларнинг чегара ҳудудларини белгилаш, муҳофазага олиш чоралари белгиланди. Шу билан бирга, сессия қарорида тумандаги Археология музейини халқаро стандартлар, замонавий архитектура талабларига мос реконструкция қилиш вазифаси туман ҳокимлиги, маданият, архитектура ва қурилиш бўлимларига топширилган.

Сессия қарори ижроси гарчи партия гуруҳи томонидан назорат қилинган бўлса-да, лекин мутасадди идоралар қарор ижросини тўлиқ таъминламаган. 2015 йил ноябрь ойида музейнинг фақат том қисми реконструкция қилинди холос. Шундан кейин яна таъмирлаш ишлари тўхтаб қолган.

Ишчи гуруҳ бу масалага ҳам ЎзМТДП Марказий кенгаши, партия фракцияси ҳамда Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ечим топишини билдирди.

Ғайратжон ТЎЙЧИБОЕВ,
ЎзМТДП Наманган вилоят кенгаши
Ижроия қўмитаси девони раҳбари:

— Поп туманидаги музей аҳволи ҳамон ачинарли ҳолатда экани дилимизни хира қилди. Чунки маданий мерос объектларини сақлаш бевосита ЎзМТДПнинг муҳим вазифаси. Демак, тумандаги партия ташкилоти бу борада сессия қарори бўлишига қарамасдан қатъийлик кўрсатмаган, сусткашликка йўл қўйган. Бундан ташқари 2016 йил 22 январда қабул қилинган Наманган вилояти ҳокимлигининг туризмни ривожлантиришга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида Поп туман Археология музейини таъмирлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 200 миллион сўм маблағ ажратиб, капитал таъмирланиши режалаштирилган эди. Аммо ушбу вазифа ҳам амалда ўз ифодасини топмади. Музей эшигида ҳали ҳануз катта қулф осилиб турибди. Унинг ичидаги бой тарих ва туман ўтмиши аҳоли учун берклигича қолмоқда. Бугунги ўрганиш натижаси вилоятимиздаги шу каби масалалар ечимига хизмат қилади, деб ишонамиз.

Шоҳида ДАМАНОВА,
Оқилхон ДАДАБОЕВ,
“Milliy tiklanish” мухбирлари

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг