Уюшмаган ёшлар мурожаатлари тингланди

0
30

Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан кўпини ёшлар ташкил этади. Шу боис ёшлар билан ишлаш бўйича яратилган тизим уларнинг ҳар бири билан алоҳида шуғулланиб, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, муаммоларини ўрганиш ва орзу-истакларини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётир. Айниқса, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, улар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.

Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят кенгашининг “Ёшлар қаноти” самарали фаолият олиб бормоқда. Жумладан, вилоятда олий ўқув юрти, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларида партиянинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида ташкил қилинган 44 ўқув курсида шу пайтга қадар 376 нафар ёшлар қўшимча бепул таълим олиш ва касб-ҳунар эгаллаш имконига эга бўлди. Шунингдек, “Ёшлар қаноти” фаоллари “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 100 дан ортиқ хонадонда бўлиб, уюшмаган ёшлар билан мулоқотларда уларнинг муаммолари ва қизиқишларини ўрганиб, аксариятига ечим топди.

ЎзМТДП Самарқанд вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” ҳамда “Аёллар қаноти” ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрининг Юксалиш маҳалласида ёшлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда партия вилоят кенгаши фаоллари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзолари, шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази ходимлари, маҳалла фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Очиқ мулоқот давомида ёшларнинг мурожаатлари, муаммолари ўрганилди.

Самарқанд шаҳри Юксалиш маҳалласида яшовчи Нигина Салоҳиддинова турмушидан ажрашган. Қарамоғида вояга етмаган 2 фарзанди бор. Айни пайтда акасининг уйида яшаб келмоқда. Фуқаро оилавий шароити оғирлиги, катта фарзанди ногиронлиги сабаб ишлаш учун имконияти йўқлигини айтиб, алоҳида уй-жой олишда амалий кўмак сўраб мурожаат қилди. Мазкур мурожаатга кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгашига партиядан сайланган депутат Зебинисо Шодиева ҳуқуқий маслаҳат бериб, бу масаланинг ижобий ечим топишида ёрдам кўрсатишини айтди.

— Бугунги глобаллашув даврида ёшларни турли ёт ғоялардан асраш мақсадида уларни фойдали машғулотларга жалб этиш, жумладан, спорт билан шуғулланиши учун имкон яратиш муҳим аҳамиятга эга, — дейди Майсазор маҳалласида яшовчи фуқаро Жаҳонгир Юнусов. — Масалан, маҳаллимиз ҳудудидаги 49-умумтаълим мактабининг спорт залидан унумли фойдаланиш мумкин. Аммо мактаб залида спорт анжомлари етишмайди, иситиш тизими яроқсиз аҳволга келиб қолган. Ушбу муаммолар юзасидан амалий ёрдам беришларини сўраб ЎзМТДП вилоят кенгаши вакилларига мурожаат қилдим. Улар бу масалани мутасадди ташкилотлар билан бирга ўрганиб, ижобий ечим топишга кўмаклашадиган бўлди.

Самарқанд шаҳридаги ҳуқуқшунослик коллежи 1-босқич ўқувчиси Аъзам Ашуров “Ёшлар парламенти”га аъзо бўлиш истагини билдирди. Мурожаатга кўра, аъзоликка қабул қилиш 18 ёшдан бошланиши, унинг ёши ҳали 18 ёшга етмаганлиги сабабли иложи йўқлиги, лекин мазкур парламентнинг бирор аъзосига ёрдамчи қилиб тайинлаш мумкинлиги ҳақида тушунча берилди.

— Болалигимдан ўзбек жанг санъатига қизиқаман, — дейди Ватанпарвар маҳалласида яшовчи Жасур Юнусов. — Бироқ мазкур спорт тури билан шуғулланишга имконим йўқ эди. Чунки оиламизда ҳамма иш билан банд — мени назорат қиладиган одам йўқлиги туфайли отам уйимиздан анча йироқда фаолият юритаётган “Ўзбек жанг санъати” спорт марказига жўнатмади. Бугун очиқ мулоқотда бизнинг маҳаллада ҳам “Ўзбек жанг санъати” мактабининг тўгарагини ташкил этишларини сўрадим. Ушбу мурожаатим ўрганиб чиқилиб, амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди.

Очиқ мулоқотда уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, касбга йўналтириш ҳамда ишга жойлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу масалада  Самарқанд шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази амалий ёрдам бериши айтилди. Мурожаатларнинг аксарият қисми жойида ечим топди, қўшимча ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар юзасидан депутатлик сўрови юборишга келишиб олинди.

Ғайрат САТТОРОВ,
ЎзМТДП Самарқанд
вилоят кенгаши  матбуот котиби

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг