У киши учун масаланинг катта-кичиги йўқ эди

0
8

Биринчи Президентимиз, буюк давлат ва сиёсат арбоби
Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг барча ҳудудий ва маҳаллий ташкилотларида ҳам бўлиб ўтмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилаётган тадбирларда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, олимлар, шоир-ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари, меҳнат фахрийлари ва ёшлар фаол иштирок этмоқда.

Ислом Каримов тарихнинг мушкул палласида — миллатлараро зиддиятлар авж олган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраб, республикамиз жар ёқасига келиб қолган кескин ва таҳликали шароит­да мамлакатга раҳбарлик қилиш масъулиятини ўз зиммасига олди. Унинг раҳбарлигида тарихан қисқа даврда юртимизда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилди.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида жамият ҳаётининг барча жабҳасида улкан ютуқлар қўлга киритилди, бой берилган миллий ғурур ва қадр-қиммат, кўҳна тарихий-маданий мерос ва маънавий қадриятлар тикланди.

Биринчи Президентимиз барчамизнинг меҳримизни қозонган оқил ва доно раҳбар эди. Илк бор бу улуғ инсон билан 1998 йил 2 декабрь куни учрашганман. Оқсаройда бўлиб ўтган тадбирда менга ҳам сўз берилганда, “Навоийлик хотин-қизлар сизни жуда яхши кўради. Улар мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга бефарқ эмас, аксинча бу жараёнларга муносиб ҳисса қўшишга интилмоқда”, дедим ҳаяжонланиб. Шунда у киши “Мен ҳам уларни яхши кўраман, уларга ҳурматим чексиз. Менинг миннатдорлигимни, албатта, етказинг”, деди. Шундан кейин ўтган фаолиятим давомида 20 мартадан зиёдроқ у киши ўтказган турли йиғилиш, учрашув ва тадбирларда иштирок этдим. Эсимда, 2005 йил 27 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида сўзлаган нутқида мамлакатимизда икки палатали парламентнинг фаолият юритиши барча қонунларни пухта-пишиқ тайёрлаш ва қабул қилиш, уларда ҳудудларимиз манфаатини ифодалаш ва ҳимоя қилиш, қонун ижодкорлиги жараёнини янада такомиллаштиришга имконият яратишини, қонун ва қонун­ости ҳужжатлари халқ фаровонлигини оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Биринчи Президентимиз ҳар бир масалага, у каттами кичикми эътибор билан қарар эди. 2008 йил январда Президентлик лавозимига киришиш учун қасамёд қилганида Ислом
Абдуғаниевич Каримов парламент аъзолари кўз ўнгида ҳақиқий халқ етакчиси сифатида намоён бўлди. Маросимдан сўнг ҳар бир вилоят вакиллари билан алоҳида учрашиб, вилоятдаги аҳвол, қандай муаммолар борлиги ва таклифлар бўйича юзма-юз сўзлашгани ёдимдан чиқмайди. Ўзи севган халқининг яшаш шароити, орзу умидлари билан қизиққан давлат раҳбари, эл-юрт манфаатини ҳар нарсадан-да устун қўйган бу бағрикенг инсон ҳеч қачон унутилмайди. Хотираларимиз тўрида мангу яшайверади.

Анора БОБОМУРОДОВА,
халқ депутатлари Навбаҳор
туман Кенгашига
ЎзМТДПдан
сайланган депутат

Фикр қолдириш

Фикрингизни қолдиринг
Илтимос исмингизни киритинг